Сталин жаллодининг қисмати

Улашиш:

Сталин замонидаги доимий жаллод Василий Михайлович Блохиннинг исм-шарифи ҳар кимга ҳам таниш эмас. Унинг имзоси билан отувга ҳукм қилинганлар устидан ижрони бажариш бўйича Лубянка архивида жуда кўплаб ҳужжатлар сақланмоқда. Мазкур манбаларга кўра, Лубянканинг бош жаллоди шахсан ўзи ўн минг нафардан кўп кишини отган...

Деҳқон ўғли

Блохиннинг жаллодлик ҳунаридан бехабар кишилар бу ишига гувоҳ бўлгач, карахтланиб титроққа тушишган. Калинин вилояти УНКВД бошлиғи Дмитрий Токарёв 1940 йилнинг баҳорида Блохин бошчилигида Калининга келган НКВДнинг юқори мартабали ходимлари гуруҳи ҳақида ҳикоя қилган. Ўша куни Осташковский лагерида сақланаётган поляк маҳбуслари отилиши керак эди. Токарёвнинг айтишича, биринчи отув учун ҳамма иш тайёр бўлгач, Блохин уларнинг ҳузурига кириб, «Қани, кетдик...» деган. «Биз унга эргашдик ва мен даҳшатга гувоҳ бўлдим...»

Блохин ўзининг махсус кийимини таранг қилиб кийиб юрарди – унда малла чарм кепка, узун малларанг чарм этак, яна малла тусдаги қўнжи тирсагидан узун қўлқоплар бўларди. Бу менда улкан таассурот қолдирди – мен жаллодни кўрдим!»

Биринчи кеча Блохин раҳбарлигидаги махсус қисм 343 нафар кишини отди. Кейинги кунлари эса Блохин камида 250 маҳбусни отиш ҳақида фармойиш берди. 1940 йилнинг баҳорида унинг раҳбарлиги ва бевосита иштирокида Калининда полякларнинг 6311 нафар ҳарбий маҳбуси отиб ўлдирилди. Айтиш мумкин, бундай «зарбдор» хатти-ҳаракати туфайли у шахсан қатл қилган маҳбуслари сонини икки бараварга оширди.

Отувда бевосита иштирок этмаган Токарёвга нисбатан Блохин профессионал жаллод сифатида такаббурона «олийҳимматлик» кўрсатди. У ўзи қўл урган ишга ҳар ким ҳам қодир эмаслигини яхши тушунарди. Отувда иштирок этганларни мукофотлаш учун тузилган рўйхатга УНКВД бошлиғи Токарёвни ҳам қўшди.

Сталиннинг қатор ҳукмларини ижро этган бу одам ким эди?

Таржимаи ҳолидаги унча етарли бўлмаган маълумотга кўра, у 1895 йили Ивановский вилояти Суздаль райони Гавриловский қишлоғида камбағал деҳқон оиласида туғилган. 1905 йилдан эътиборан ўқиш билан бирга чўпонлик ҳам қилди. Кейин тош йўнувчи бўлди, отасининг хўжалигида ишлади.

1915 йилнинг 5 июнидан Владимирдаги 82-пиёда полкида оддий аскар бўлиб хизмат қила бошлади. Кичик унтер-офицерликкача хизматни ўтади. 1917 йил 2 июнидан – 218-Горбатовский пиёда полкида катта унтер-офицер бўлди, Германия фронтида хизмат қилиш асносида жароҳатланди. 29 декабргача Полоцкдаги госпиталда даволанди.

Кейин 1918 йилнинг октябрига қадар сиёсий бўҳронлардан четда бўлиб, отасининг хўжалигида деҳқончилик қилди. Ўша йилнинг 25 октябридан Суздаль районининг Яновский волости ҳарбий қисмига кўнгилли бўлиб хизматга кирди. Орадан кўп ўтмай Блохин ўзининг сиёсий йўлини танлади – 1921 йилнинг апрелида коммунистик партия сафига кирди ва 25 майда Ставрополдаги ВЧК аскарларининг 62-батальонига қабул қилинди.

Энди унинг чекистлик фаолияти камол топа бошлади. 1921 йилнинг 24 ноябридан ВЧК коллегияси қошидаги махсус отряд взводнинг командири ёрдамчиси, 1922 йил 5 майдан взвод командири бўлиб тайинланди. 1924 йилнинг 16 июлидан ОГПУ коллегияси қошидаги 61-алоҳида дивизия командирининг ёрдамчиси сифатида ишлай бошлади. Кўп ўтмай, ўша йилнинг 22 августидан эса, Блохин мазкур коллегия махсус бўлинмасининг алоҳида топшириқлар бўйича комиссари лавозимига муносиб кўрилди. Энди кундалик ишларидан ташқари, отув ҳукмини ижро этиш ҳам унинг вазифасига кирарди.

Мансаб пиллапояси

1925 йилнинг баҳоридан бошлаб Блохиннинг имзоси отиш актларида мунтазам равишда учрайдиган бўлган. Эҳтимол, бундан кейин ҳам у фақат отиш билан шуғулланиб юриши мумкин эди. Бироқ кутилмаганда юқори лавозимга бўш иш ўрни очилди. 1926 йилнинг 3 март ойидан Блохин ОГПУ коменданти вазифасини вақтинча бажарувчи бўлиб тайинланди (ишдан бўшатилган К.И.Вейс ўрнига). Ўша йилнинг 1 июнидан эса Блохинни шу лавозимга тасдиқладилар.

Бу вазифада аввал ишлаган Карл Кейснинг тақдири яхши бўлмади. ОГПУнинг Ягода томонидан имзо чекилган 1926 йил 5 июлдаги 131/47 рақамли буйруғида унинг комендантликдан бўшатилгани сабаблари ва суд ҳукмида шундай дейилган эди: «ОГПУ коллегиясининг 1926 йил  31 майдаги қарорига кўра, ВЧК/ОГПУ коменданти Вейс Карл Иванович чет эл ваколатхонаси ходимлари, очиқдан-очиқ жосуслар билан алоқа боғлаганликда айбланиб, ўн йил озодликдан маҳрум қилинсин, жазо қаттиқ тартибли режимда ўтказилсин. Вейсга тегишли ишда унинг чекист ва коммуна аъзоси бўлса-да, бурчига масъулиятсиз қарагани маълум бўлди. Бу эса Давлат Сиёсий Бошқаруви Бирлашмаси ходими бўлса-да, мазкур идорани обрўсизлантиришга уринишдир».

Вейсдан фарқли ўлароқ, Блохин ўзини рисоладагидек тутди ва комендант лавозимида пенсияга чиққунига қадар узоқ йиллар ишлади.

У ОГПУ идорасида фаолият кўрсатар экан, ўзи мустақил тайёргарлик кўриб, олий ўқув юртига синовларни топширди. Кейин эса муҳандис-техник ишчилар малака ошириш институти қурилиш факультетининг 3-курсини тамомлади.

Блохин қўл остидаги отув қўмондонлиги ёхуд ҳужжатларда номланганидек, «махсус гуруҳ» турли бўлинмаларга эга ходимлардан ташкил этилган эди. 1920 йил охири – 1930 йилларнинг бошида мазкур қўмондонликда совет доҳийлари ва шахсан Сталинни қўриқлаш билан шуғулланувчи ОГПУ коллегияси қошидаги махсус бўлим мавжуд бўлган. Яъни, доҳийларни қўриқлаш мунтазам равишда «халқ душман»ларини отишда иштирок этиш билан уйғунлаштирилган эди.

ОГПУ марказий идораси штатида қуйидагилар «алоҳида фармойишлар учун комиссарлар» сифатида қайд этилган: А.П.Рогов, И.Ф.Юсис, Ф.И.Сотников, Р.М.Габалин, А.К.Чернов, П.П.Пакалн, Я.Ф.Родованский. Бошқа ижрочилар қисми ОГПУ комендатурасида хизмат қилган. Булар – Блохиннинг ўзи, П.И.Маго ва В.И.Шигалев. кейинроқ «махсус гуруҳ»га И.И.Шигалёв (В.И.Шигалёвнинг акаси), П.И.Яковлев (ҳукумат гаражи бошлиғи, сўнг ОГПУ автобўлими раҳбари), И.И.Антонов, А.Д.Дмитриев, А.М.Емельянов, Э.А.Мач, И.И.Фельдман, Д.Э.Семенихин эдилар.

Ақлдан озишлар

Жаллодларнинг тақдири осон кечмаган. Оилада уларни камдан-кам кўришар, «иш»дан келганларидан сўнг эса кўпинча маст ҳолда бўлишарди. Бундай ваҳшиёна машғулотдан сўнг қандай ичишмасин? Ўлим ижрочиларининг муддатидан олдин ҳаётдан кўз юмгани ёки ақлдан озганига ажабланмаса ҳам бўлади. Григорий Хрусталёв – 1930 йилнинг октябрида, Иван Юсис – 1931 йили, Пётр Маго – 1941 йили, Василий Шигалёв – 1942 йили, укаси Иван Шигалёв – 1945 йили ўз ажали билан вафот этишди. Кўпчилик шизофрения (руҳий касаллик) туфайли ногирон бўлиб, пенсияга чиқди ёки Эрнст Мач каби асаб-руҳий тизими бузилиши оқибатида ишдан бўшатилди.

Дарвоқе, қатағон даҳшати отув ижрочиларининг ўзларини ҳам четлаб ўтмаган. Уларнинг маълум қисмига дахлдор ҳужжатлар Блохиннинг қўлига тушар, кейин эса бу маҳкумлар қурбонлар сифатида отиш муассасасига юбориларди. Шу тарзда, 1937 йили Григорий Голов, Пётр Пакалн, Фердинанд Сотниковлар отиб ташланди. Қизиқ, Блохин ва Маго собиқ дўстларига ўқ узишганида ўзларини қандай ҳис этишган экан?

Бир пайтлар отиш пайтида Сталинни шарафлаган алоҳида ҳукмномадаги жаллодлар асаб бузилишига гирифтор бўлишди. Отиш гуруҳини бошқарган, 1937 – 1938 йилларда Москва вилояти УНКВД «учлик» қарорини ижро этиш билан шуғулланган Исай Берг ҳибсга олинганининг сабаби – «келгусида бундай бўлишига йўл қўймаслик» ва НКВД махсус гуруҳи ходимлари ўртасида «кайфиятни кўтариш, отилаётган одамлар – душманлар» эканлигини кўрсатиш кераклиги айтилганида, у шу оннинг ўзида иқрор бўлган эди: «Биз кўплаб айбсиз одамларга қарата ўқ узганмиз».

Берг Москва НКВД идорасида ишлаганида бевосита унинг иштирокида маҳкумларни газ чиқариш йўли билан ўлдирадиган «қотил-машина» яратилган эди. Бу қисман бўлса-да, жаллодларнинг асабини асраган. Таганский ва Бутирский қамоқхоналаридан тирикларни ортишар – Бутовда эса ўликларни туширишар, ҳамма иш шундан иборат эди. Сталинни ҳеч қандай кўкларга кўтармасдан! Бергнинг ўзи тергов чоғида изоҳ берганидек, бундай такомиллашувсиз «кўпдан-кўп отиш ҳукмини ижро этиб бўлмасди».

Блохин бошчилигидаги отиш ҳукмини ижро этувчи марказий гуруҳга шундай фармойиш берилди: «маҳкумлар энг ноқулай вазиятда ҳам доҳий номини бадном қилмасликлари учун улар ўртасида тарбиявий ишлар олиб борилсин».

Санкция учун рухсат

1937 – 1938 йиллар давомида Блохин энг донгдор отиш ҳукмларида иштирок этди: маршалл Тухачевский ва у билан бирга ҳукм қилинган юқори мансабли ҳарбийларни отиш ишига раҳбарлик қилди. Жазони ижро этиш чоғида СССР прокурори Вишинский, Олий суд ҳарбий коллегияси раиси Ульрих қатнашдилар. Баъзи пайтлари қатл чоғида «темир нарком» Ежов ҳам бу ерга ташриф буюрарди. Унинг иштирокидаги отиш ижроси бадиий саҳна асари кўринишини оларди. 1937 йилнинг кузида: «Ежов собиқ дўсти Яковлевни отиш олдидан уни ўзининг ёнига келтирди – бошқалар устидан ҳукм қай тарзда ижро этилишини кўриши учун». Яковлев унга шундай сўзлар билан мурожаат қилди: «Николай Иванович! Сенинг кўзларингга қараб менга раҳминг келаётганини кўряпман». Ежов жавоб бермади, бироқ ҳаяжонлангани сезилди ва шу оннинг ўзидаёқ Яковлевни отиб ташлаш ҳақида буйруқ берди.

1938 йили Бухарин, Риков, Ягода ва «Троцкийчилар блоги жараёни» бўйича бошқа маҳкумлар устидан адо этилган ҳукм ижроси ҳам эсда қолган. Ягодани охирида отишди, бунгача эса уни ва Бухаринни курсига ўтқазиб, қолган маҳкумлар устидан ҳукм қай тарзда ижро этилишини кўришга мажбур этдилар. Бу ерда Ежов ҳам бўлиб, усталик билан ўйлаб топилган эрмакнинг муаллифи эди. У Кремль қўриқлаш хизмати бошлиғи Дагинга ички ишларнинг собиқ наркоми Ягодани отиш олдидан ўласи қилиб дўппослашни буюрди: «Ҳаммамиз учун унинг боплаб адабини бер». Шу билан бирга Булановнинг шишадошини отиш Ежовни ранжитди ва, ҳатто даставвал унга коньяк бериш ҳақида буйруқ берди.

Блохин ўзининг собиқ ҳамкасблари, илгари оғзини пойлаб турган бошлиқларидан неча-неча нафарини отиб ташламади, дейсиз! Аслида фош қилинган НКВД раҳбариятига яқин бўлган Блохиннинг ҳам ҳаёти хавф остида эди. Бироқ Сталин ишончли «ижрочи»ларни қадрлар ва энсадан отишга ўрганган кишиларнинг қўриқчи сифатида тургани негадир чўчитмасди.

1939 йилнинг бошида Берия НКВДни Ежов кадрларидан батамом тозалади. Айни шу пайтда комендант Блохин НКВДнинг собиқ котиби Булановга ва ўзи ўқ узган нарком Ягодага жуда яқин бўлгани ҳақида маълумот олинди. Ўшанда бу каби манбалар «фитначилар режаси»да иштирок этиш далили сифатида кўриб чиқиларди. Блохинни ҳибсга олиш ҳақида қарор ҳужжатини тайёрлаган Берия санкция учун Сталиннинг ҳузурига йўл олди. Бироқ уни ҳайрон қолдирган «доҳий» бу таклифни рад этган. 1953 йили Берия терговда шундай кўрсатма берган: «Сталин менинг таклифимга рози бўлмади, бундай одамларни қамамаслик кераклиги, улар қора ишларни адо этишаётганини айтди. Сталин шу заҳоти қўриқчилик хизмати бошлиғи Н.С.Власикни чақирди ва Блохиннинг ҳукмни ижро этишдаги иштироки, уни ҳибсга олиш керак ёки керак эмаслиги ҳақида сўради. Власик Блохиннинг қатлда иштирок этаётгани, у билан А.М.Раков ҳам қатнашаётганини айтди, Блохин ҳақида ижобий фикрлар билдирди».

Хонасига қайтган Берия гаплашиб олиш учун Блохин ва «махсус гуруҳ» ходимларини ҳузурига чорлади. Наркомнинг «тарбиявий» суҳбат якунлари ижро этилмаган қарор каби архивда ўз аксини топган: «Мутлақо махфий. Мен томонимдан Блохин ва комендатуранинг раҳбар ходимлари чақирилди ва уларга қарши берилган кўрсатмалардан айримлари ҳақида хабардор қилинди. Қаттиқ ишлаш ва бундан буён партия ҳамда совет ҳукуматига содиқ бўлишга ваъда берилди». Сталин Блохин масаласига бошқа қайтмади.

Отиш эвазига – мукофотлар!

Одатда маҳкумларни Блохин ходимлари билан кутиб турган Варсонофьевский кўчасидаги муассасага олиб келишарди. Бироқ баъзида қурбонлар учун Блохиннинг ўзи ҳам борарди. 1940 йили, отишга ҳукм қилинган сиёсий бюро аъзолигига собиқ номзод Роберт Эйхени Сухановский қамоқхонасидан келтириш талаб қилинганида худди шундай бўлди. Отувга юборишдан аввал уни мазкур турмадаги Бериянинг хонасида шафқатсизларча дўппослашди. «Эйхени калтаклаш пайтида кўзига оғир шикаст етказишди. Дўппосланган Эйхе жосуслигини бўйнига олмаслигини англаб етган Берия уни отиб ташлаш ҳақида буйруқ берди».

1940 йилнинг 6 февралида эса Блохин кимсан – наркомнинг шахсан ўзи Ежовга қарата ўқ узишга мушарраф бўлди.

Раҳбарият Блохинни қадрлар эди. У унвондан-унвонга тез кўтарилган: 1935 йили капитан, 1940 йили – майор, 1943 йили – полковник, 1944 йили – ГБ комиссари, 1945 йилнинг июлидан эса генерал-майор мақомига эга бўлди. Худди шу тарзда давлат мукофотлари билан ҳам тақдирланди: Ленин ордени (1945), уч карра Қизил Байроқ ордени (1940, 1944, 1945), Ватан урушининг I даражаси (1945), Меҳнат қизил байроқ (1943), Қизил юлдуз (1936), «Ҳурмат белгиси» (1937) орденлари, шунингдек, «Фахрий чекист» иккита нишони ва олтин соат билан мукофотланди.

Комендант вазифасида ишлаётганига 20 йил тўлганида Блохин «М-20» («Победа») енгил автомобили билан сийланди. Эътиборли жиҳати шундаки, Блохин ва «махсус гуруҳ»даги ходимлари жиддий отув кампаниясидан кейин эмас, балки ундан олдин саховатларча мукофотланишган. Маълумотларга кўра, Лубянкада фаолият кўрсатган йиллари мобайнида Блохин шахсан ўзи отиб ўлдирган одамлар 10 – 15 минг нафарни ташкил этади.

«Пенсия берилмасин!..»

Сталиннинг ўлимидан сўнг ва Бериянинг иккинчи марта «органлар»га келиши билан Блохин дарҳол пенсияга чиқарилди. СССР ички ишлар вазирлигининг 1953 йил 2 апрелдаги 107-рақамли буйруғига кўра, у бетоблиги боис ишдан бўшатилди ва СССР ОГПУ–НКВД–МГБ–ИИВ идораларида 34 йил «бекаму кўст» фаолият кўрсатгани учун ташаккурнома эълон қилинди. Бериянинг изоҳига кўра, Блохинни «ўтирган»лик мансабидан озод этишди – бир вазифада узоқ вақт бўлган ҳамда ишда фаоллик ва самарани йўқотишни англатувчи шундай расмиятчиликка асосланган атама эди бу. Ваҳоланки, Блохиннинг хизмати ўтириб ишлашга боғлиқ бўлмаган, соғлиғи анча путурдан кетган эди.

Шундай қилиб, 1953 йили Блохинни тантанали равишда ором олишга кузатишди. «Доҳий»нинг ўлимидан сўнг унинг хизматига эҳтиёж йўқолди. Йўқ, Блохиннинг ўрнига янги комендант бўлиб келган полковник Д.В.Бровкин «кечки иш»сиз қолиб кетиш учун таваккал қилмасди, албатта. Шунчаки иш кўлами аввалгидек эмас эди.

Гарчанд олдинги қурбонлар ўрнига ўзлари суд қилиб, интиқом оладиганлар келган бўлса-да, Сталиндан кейинги янги раҳбарият даврида собиқ дастёрлар Берия ва Абакумовни қатл этилди. Уларнинг иши синчиклаб тергов қилинди ва пенсиядаги Блохиннинг ҳам ҳаловати йўқолиб, тез-тез Бош прокуратурага чақириладиган бўлди. Берия ва қўл остидаги яқин кишиларнинг ишлари юзасидан собиқ комендантнинг бебаҳо маълумотлари зарур бўларди. Ахир Блохин энг «аҳамиятли» қатл этишларнинг ижрочиси эди! Ҳар ҳолда у айбдор сифатида жалб этилмади, ваҳоланки, жиноий ишларни ижро этган. Афтидан, Блохин шунчаки жаллод бўлгани ва буйруқни бажаргани боис, шу қарорга келишган. Унинг иши шу, шахсий дахлдорлиги эса йўқ эди.

Органдаги 36 йиллик хизматларидан сўнг вазифасидан бўшатилган Блохинга 3150 рубль миқдорида пенсия белгиланди. Бироқ 1954 йилнинг 23 ноябрида генераллик унвони олиб ташлангач, КГБдан бериладиган пенсияси тўхтатилди. Блохиннинг оддий кексалик пенсиясини расмийлаштиришга улгурган ёки улгурмагани эса номаълум. Тиббий хулосага кўра, Блохин гипертония – қон босимининг кўтарилиши ва оқибатда юзага келган касалликнинг 3-даражасидан азият чеккан. У 1955 йил 3 февралда инфаркт миокарди туфайли ҳаётдан кўз юмди.

Тақдир ҳазилини қарангки, Блохинни ўз қурбонларининг хоки қўйилган Дон қабристонига дафн этишди. Отилганларнинг мурдаси шу ердаги крематорийда ёқиб юборилган ва кули умумий ўраларга сепилган эди. Блохиннинг гўрига эса сиймоси акс этган чиройли қабртоши ўрнатишди. Унутмаслик учун!..

А.Фатҳуллаев

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.