«Эҳтиёт бўлинг, одамхўрлар келяпти!» – Ватанидан бадарға қилинган бахтиқаро миллат...

Улашиш:

«Халқлар отаси» Сталин фармони билан амалга оширилган сургун амалиёти геноцид деб эълон қилган.
Рустам Эминов чизган «Ўлим поезди» номли расм

Бундан 77 йил олдин шўро доҳийси Иосиф Сталиннинг фармони билан 250 мингдан зиёд Қрим татарлари ватанидан бадарға қилинган эди. Очлик, ташналик, турли хасталиклар ҳамда она юрт фироқи сабаб уларнинг ярми йўлда вафот этади. «Anadolu» агентлиги ушбу мудҳиш фожианинг шоҳидлари билан суҳбатлашди.

83 ёшли Нешет Зекерияевлар оиласи Қримнинг Арганчик номли қишлоғида яшаган. Унинг ҳикоя қилишича, субҳи содиқда қишлоққа бостириб келган аскарлар ўнлаб оилаларни вагонга босиб номаълум томонга олиб кетган. Унинг синглиси Заҳро йўлда нобуд бўлган. Зекерияевлар оиласи ўн минглаб қрим татарлари қаторида Ўзбекистоннинг Фарғона вилоятидан қўним топади.

1946 йили отаси вафот этади. 6 фарзандини боқишга қурби етмай қолган кекса она эса ўғли Нешетни меҳрибонлик уйига топширади. Жафокаш оила қатағоннинг бош «меъмори» Сталин ўлганидан кейин ҳам кўп замонлар Қримга қайта олмайди. Нешет Зекерияев 1980-йилларга дунёга келган қизига сургун пайти бевақт вафот этган синглиси хотирасига ҳурмат рамзи ўлароқ Заҳро деб исм қўяди.

Нешет ва Абдураҳмон ота 77 йилки машъум сургун хотиралари ичида яшайди. Фото: «AA»

85 ёшли Абдураҳмон Халилов ўша машъум сургун вақти 8 ёшда бўлган. Тонгги соат 4 да Қорабой қишлоғига келган аскарлар беш фарзандли оилани дастлаб Уралга бадарға қилган.
«Уйдан бирор буюм, ҳатто уч-тўрт сўм пул олишимизга рухсат беришмади. Бўхчамни олишимга ҳам изн тегмади. Ҳаммани пода каби бир вагонга қамашди», – деб хотирлайди А.Халилов.

Қайд этилишича, шўро арбоблари маҳаллий аҳолига жафокаш миллат вакиллари ҳақида «Одамхўрлар келмоқда, улардан эҳтиёт бўлинглар», деб уқтирган. Халиловлар оиласининг Уралдаги умргузаронлиги 10 йилдан ошмади. 1954 йили уларни Андижон вилоятига бадарға қилишади.

«Бизни эркимиздан маҳрум этишган эди. Уч нафардан ортиқ киши йиғилиши ман этилган, аскарлар калтаклар эди. Гоҳида уйдан остона ҳатлаб кўчага чиқиш мумкин эмас эди», – деб хотирлайди А.Халилов.
Ушбу оила ҳам узоқ йиллар давомида киндик қони тўкилган заминга қайта олмаган.

Иккинчи жаҳон уруши даврида совет армияси Қрим яриморолини немисларга беришга мажбур бўлган. Қрим татарлар шўро армияси сафида нацистларга қарши сидқидилдан курашган. Аммо қизил армия яриморолни ҳитлерчилардан қайтариб олгач,  шўро давлати қрим татарларини немисларга хиёнатда айблаб бадарға этиш ҳақида қарор чиқарган. 

Ватанидан бадарға қилинган 250 минг қрим татарларнинг ярми очлик ва турли хасталиклар сабаб йўлда ҳалок бўлади. Фото: «Wikipedia»

Сургун И.Сталин имзо қўйган ҳужжатга кўра 1944 йил 18 май тунида бошланган. Инсоният тарихидаги энг мудҳиш амалиётларидан бири саналган операция ўша йилнинг июнида якунланган. Туркий қавмнинг кўплаб мусибатларга дуч бўлган вакиллари – қрим татарлар асосан Ўзбекистон, Қозоғистон ва Тожикистондан қўним топган. Шўро давлати қрим татарлари яриморолни тарк этгач, уларнинг тарихий хотирасини ўчиришга зўр бериб ҳаракат қилган. Хусусан, Қримдаги туркий топонимлар русча номларга алмаштирилган.

1989 йилнинг ноябрида СССР Олий совети қрим татарларининг сургун этилишини жиноят деб тан олган.
2015 йили Украина Олий радаси ушбу тарихий фожиани расман геноцид дея эълон қилган. 
Қрим 2014 йил 21 апрелда Россия томонидан ишғол этилганидан кейин ҳам маҳаллий аҳолига нисбатан босимлар бўлгани айтилади.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.