Шимолий Кавказ Сталиннинг зимдан ҳаракатлари туфайли Троцкий сиёсатининг ғилдирагига таёқ тиқа бошлайди. Сталин билан бундан ўн йил олдин заводда партия агитатори бўлган, Боку қўмитаси аъзоси Ворошилов боғлиқ эди. Ҳарбий тажрибаси бўлмаса-да, Сталин уни 10-армиянинг қўмондони этиб тайинланишига эришади.
Ушбу армиянинг сиёсий комиссари этиб Сталиннинг Боку қўмитасидан бўлган Серго Оржоникидзе тайинланади. Ворошилов, Оржоникидзе билан «унтер-офицер» Будённий Сталин тузган мафиянинг дастлабки аъзолари эди. Сталин ўз шотирлари бўлган бу учликни секин-аста ҳокимият чўққиларига кўтаришга киришди ва энг баланд чўққини Лениндан олишга замин тайёрлай бошлади. Ворошилов кейинчалик Троцкийнинг ўрнига ҳарбий комиссар бўлди, Оржоникидзе сталинона индустриаллаштириш дастурини амалга оширди ва Марказқўм аъзоси бўлди. Будённий Совет Иттифоқи Маршалига айланди.
1918 йилда бу гуруҳ Марказнинг буйруқларини бажаришдан бош тортиб, тартибсизликларни келтириб чиқарди ва Сталин Ленинга шошилинч телеграмма йўллаб, вазиятни мўътадиллаштириш учун ўзига «алоҳида ҳарбий ва фуқаровий ваколатлар» талаб қилди. Авторитаризмнинг бу севимли услубини Сталин кейин ҳам кўп қўллайди: ўзи бирор бир террористик акт, исён, тўполон уюштиртиради ва ваколатини кенгайтиради, ҳаддан ошаётган зулмини «тўполоннинг олдини олиш» билан оқлайди.
Сталин талаб қилган ҳокимиятини олади: Шимолий Кавказ Ҳарбий Кенгашининг раиси этиб тайинланади. Сталин Жанубий фронт қўмондони Ситиннинг буйруқларига ҳам, Московнинг кўрсатмаларига ҳам бўйсунмайди. Оқибатда Троцкий Лениндан Сталинни чақириб олишни талаб қилади.
Махсус поезд билан унинг ҳузурига борган Свердлов Сталинни пойтахтга қайтариб келади. Сталин Инқилобий Ҳарбий Кенгаш аъзоси этиб тайинланади. Троцкий партиянинг мафкурачиси ва нотиғи эди, бунинг устига у Қизил Армиянинг тузувчиси ва Фуқаролар урушидаги «ғалабанинг ташкилотчиси» сифатида ном қозонди. Сталин буни кўтара олмасди ва ҳасад ўтида ёнарди. Ленин Сталин ва Троцкийни ярашишга чақиради. Троцкий уни кечирмайди. Сталин ҳам аслида кечирмайди, аммо йўқотиш фурсати келгунча муроса қилиш учун Троцкийга қайишади.
Сталин 1919 йил январида Шарқий фронтга йўл олади, майда Петроград мудофааси билан шуғулланади, кейинчалик Деникинга қарши Жанубий фронтга ташланади.
Сталин, бир томондан, Ленин учун ишончли ва қатъиятли одам сифатида қадр топади, аммо, иккинчи томондан, у билан елкама-елка ишлаш мушкуллиги, унинг ўчкорлиги, ўзини ҳаммадан баланд қўйиши аён бўла боради.
1920 йилнинг майида полякларнинг армияси Украинага бостириб киради ва Киевни босиб олади. Қизил Армия полякларни Украинадан ҳайдаб чиқаради ва Буга қирғоғига чиқади. Лениннинг қўшинлари дарёни кечиб, полякларнинг ерларига ҳужум қилсалармикин ёки шу ерда тўхтасалармикин?! Сталин ҳам, Троцкий ҳам бу қалтис ўйинга қарши эдилар. Фақат Оврўпони ҳам социалистиклаштирмоқчи бўлган Ленин бу уруш тарафдори эди. Сиёсий Бюрода бу масала овозга қўйилганда, Троцкий ҳам, асли поляк бўлган Дзержинский ва Радек ҳам қарши чиқадилар, Сталин эса… кутилмаганда Ленинга қўшилади ва Варшавага юриш бошланади.
Ҳарбий ҳужумларга чор армиясининг собиқ поручиги Тухачевский раҳбарлик қилади. Жанубий-ғарбий ҳарбий гуруҳга Сиёсий Бюро вакили этиб юборилган Сталин кучларни Тухачевскийга ёрдам беришга ташлаш ҳақидаги буйруқни бажаришга кечикиб киришади, сўнг умуман инкор этади. Қизил Армия енгилади. Тухачевский ва Сталиннинг айби масаласи йиллар бўйи мунозарага сабаб бўлиб келади ҳамда Сталин, ҳокимиятга келгач, 1930-йилларда Тухачевскийни эзғилайди.
Сталин мағлубиятдан сўнг Московга чақирилади. Шунга қарамай, у партиянинг VIII-съездида Сиёсий Бюро ва Ташкилий Бюро аъзоси бўлади, унинг ташаббуси билан ҳукумат муассаларини назорат қилувчи ишчи-деҳқон инспекцияси – Рабкрин тузилади. Сталиннинг фаоллиги, ўзини аямаслиги, қатъияти бунга сабаб бўлган бўлса керак. Ленинга Сталиннинг шафқатсизлиги ўшанда керак эди, кейинчалик у ўлими олдидан қилган васиятида Сталиннинг айнан шу «қўполлиги»ни эслаб, уни Бош котибликдан четлаштиришни васият қилган эди.
Фуқаролар уруши совет тузумининг ғалабаси билан тугаган бўлса-да, бунинг учун қанчалар қурбонлар берилгани мамлакатнинг бутун тарихига аянчли таъсир кўрсатди. Инглиз олими Алан Буллокнинг ҳисоб-китобларига кўра: «Фуқаролар уруши ва ундан кейинги очлик даврида 15 милллион эркак, аёл ва болалар ҳалок бўлди, бунга Биринчи жаҳон уруши йилларида ҳалок бўлганлар қўшилса, қурбонларнинг умумий сони 16-17 миллионга боради. Қайд этиш маълумотларига қараганда, 1923 йилга келиб Россия аҳолиси аср бошидаги тахминлар бўйича кутилганидан тахминан 30 миллион кишига кам бўлган» . Яъни Ленин уюштирган инқилоб ва Сталиннинг фуқаролар уруши туфайли 1905-1923 йилларда 30 миллион умр хазон бўлган. Миллионлаб халқ ўлган бўлса, инқилоб ким учун, қайси «халқнинг бахт-саодати учун» бўлган?!
Иқтисод ҳам издан чиқди. Инқилобнинг олти йили давомида саноат ишлаб-чиқариши ҳажми аввалгисининг еттидан бири даражасига тушди, рубл конвертация қимматини йўқотди, ишчилар маошларини пул билан эмас, озиқ-овқат билан оладиган бўлдилар, савдода ибтидоий мол айирбошлаш бошланди. Очлик ва қаҳатчилик авжига чиқди.
Лениннинг болшавойлари бошлаган фуқаролар уруши айниқса шаҳарларни, ундаги саноатни вайрон қилади. Московнинг - ярим аҳолиси, Петрограднинг учдан икки аҳолиси қирилиб кетади. Уруш ва кўчиш Ленин ўз тузумининг асоси деб эълон қилган ишчилар синфининг ярмини йўқ қилиб юборди – уларнинг кўпи Қизил Армия фронтларида ўлди, қолганлари ҳам шаҳар саноати вайрон бўлгач, қишлоқларига қайтди.
Азалдан аграр мамлакат бўлган Россия бадтар аграрлашди, қишлоқ деҳқонлари сони кўпайди. Сталин ерни национализация қилиш ва қишлоқ хўжалигини коллективлаштиришни орқага суриб туриш зарурлигини англаб, мулкдорларнинг ерларини тортиб олиб, деҳқонлар ўртасида бўлиш керак, деган фикрга келди. Қонли бўлиш оқибатида мулкнинг ўртамиёналашуви юз берди ва ўртаҳол деҳқонлар синфи пайдо бўлди. Албатта, ерли деҳқонлар кўпайди, аммо авваллари ўз ҳосилининг ортган қисмини шаҳарликларга сотган ва армияни озиқ-овқат билан таъминлаб турган бойроқ ва қобилиятлироқ деҳқонлар «бойлар», «қулоқлар» сифатида йўқ қилинди, натижада қаҳатчилик ва бошқа оғир ижтимоий оқибатлар келиб чиқа бошлади.
Қолаверса, болшавойлар режаларида ишчилар синфи «авангард» бўлиши керак эди, уларнинг уруши ишчилар синфини заифлаштирди, ер олган деҳқонлар бойиса, кучга тўла бошласа, Лениннинг бу мулкни тортиб олиш - «коллективлаштириш» режаси хавф остида қоларди. Охир-оқибат бу жараён ҳам хаддан зиёд кўп зулм ва қатағонни талаб қиларди.
Сирасини айтганда, фуқаролар уруши даврини «ҳарбий коммунизм» даври атаган коммунистлар партияси ҳарбийлашиб улгурганди, сиёсий масалани - ҳокимиятни олиш масаласини ҳарбий йўл билан ҳал қилган болшавойлар учун одамларнинг уқубатлари, зулму қийноқлар, шаҳар ва қишлоқларга ўит қўйиш, одамларни қаторлаштириб отиш оддий ҳолга айланиб улгурганди. Даҳшатли буйруқлар беришга, зулмкор кучни қўллаш ва қўрқув ваҳшатини эл бошига солишга одатлана бошлаган коммунистик раҳбарият сиёсий масала – қон тўқиб ҳокимиятни олишлари ортидан юзага келган оғир иқтисодий ва ижтимоий муаммоларни ҳам ўзлари одатланган ҳарбийчасига - халқни хўрлаш ва зўрлаш йўли билан амалга оширишга киришдилар.
1918 йил 2 сентябрдаги декрет билан фавқулодда ҳолат жорий қилинади, Совет республикаси «қуролли лагер» деб эълон қилинади. Бундай даҳшатли атамалар одат тусига киради.
Инқилоб юзага келтирган вайронгарчилик ва беқарорлик озиқ-овқат масаласини кескинлаштиради. Оғир вазиятда ўзининг машъум «коллективлаштириш» ғоясини бироз орқага суриб турган Ленин, барибир ҳам донни эркин олиш-сотишга йўл бермайди, бу унинг назарида болшавойлар қарши курашган капитализмни тиклаш бўлар экан. Қуролланган «озиқ-овқат отрядлари» тузилади ва улар деҳқонлардан уларнинг маҳсулотларини тортиб олишга киришадилар. Деҳқонлар қаршилик қиладилар, донни яширадилар, уни экишни камайтирадилар.
Саноат ишлаб чиқариши ҳам ҳарбийлаштирилади. Инқилоб пайти ўрнатилган «ишчи назорати» саноатни вайрон қилади. Аввал ўрмон кесиш, озиқ-овқат ва ёнилғи етказиб беришда аскарлар меҳнатидан фойдаланилади, кейин ҳарбий отрядлар «меҳнат армияси»га айлантирилади. Саноат ишчилари фаолияти ҳарбий тартибга ўтказилади.
Айрим ҳафтафаҳмларнинг ўша инсоний қадр-қимматни ерга урган кунлардаги «тартиб-интизом»ни қўмсаб, хаёлга берилгани ҳам аянчли, ҳам кулгулидир.
Манба: Azon.uz