Абдуқодиров: ҳукуматда барча тадбиркорлар уларнинг хохишига кўра яшашини истаётган “каттаконлар” ҳали кўп

Улашиш:

Таниқли иқтисодчи Абдулла Абдуқодиров ҳукуматнинг иқтисодий блокида солиқ қонунчилигидаги янгиликлар учун масъул амалдорларни танқид қилган. Янги талаблар тадбиркорлар, бухгалтерлар ва солиқ маслаҳатчилари томонидан ижтимоий тармоқларда жуда кўп норозиликларни келтириб чиқарган. Уларнинг фикрича, мураккаб қоидаларга риоя қилгандан кўра, “соя”га ўтиш маъқул.

“Ҳукуматда барча тадбиркорлар уларнинг хохишига кўра яшашини истаётган “каттаконлар” ҳали кўп. Яна улар иқтисодий блокда ишламоқда!”- деди Абдуқодиров ўзининг Facebookдаги саҳифасида.

Унинг сўзларига кўра, бу каби юқори мартабали кишилар ҳеч қачон бизнесда ишламаган,   тадбиркор деганда гоҳида улар билан чой ичадиган йирик чакана савдо вакилларини билишади. Улар асло ҳақиқий ишлаб чиқаришнинг бошида турмаган, бухгалтерлар билан гаплашмаган, бухгалтерия иши ҳақида мутлақо тушунчага эга эмас. Қолаверса, бу касб эгалари ҳақида беписанд ҳам гапиришади.

“Орқасига зарба емаганича, кичик ва ўрта бизнес нима эканлигини англашмайди. Улар қандайдир кўрсатмаларни имзолаб, ўзини саводли деб ҳисоблайди. Бу кўрсатмаларни бажариш мумкин ёки йўқми – уларни қизиқтирмайди. Уларга қандай қилиб фикрни етказишни ҳам билмайман. Тингласа ҳам – фойдаси йўқ. Ўзини ақлли, бошқаларни ахмоқ деб ҳисоблайди. Натижада “соя”га ўтишга тўгри келмоқда. Биз ҳеч қачон бировнинг хатосидан сабоқ чиқаришга одатланмадик”, - деди у.

Илгарироқ, Batafsil.uz.  мухбири   юзага келаётган   муаммонинг кўламини билиш учун халқаро эксперт, “Менталист” ўқув маркази директори Наталья Туралинова билан суҳбатлашганди. Суҳбатдошимизнинг айтишича, янги жорий қилинган қоидалар – давр талабидир. Муаммо   эса уларнинг якуний мақсади эмас, жорий қилиш суръати билан боғлиқ. Яъни, юзага келаётган камчиликлар ўз вақтида бартараф этилмай, бизнес фаолиятига тўсқинлик қилмоқда.

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.