Ўзбекистон Лос-Анжелес-2028 Олимпиадаси учун 300 миллиард сўм ажратади

Улашиш:

Ўзбекистон 2028 йилда Лос-Анжелесда бўлиб ўтадиган Олимпия ва Паралимпия ўйинларига спортчиларни тайёрлаш мақсадида 300 миллиард сўм маблағ ажратади. Бу ҳақда мамлакат президенти Шавкат Мирзиёев спортни ривожлантириш бўйича ўтказилган йиғилишда маълум қилди.

Президентнинг таъкидлашича, Ўзбекистон Олимпия медаллари бўйича дунёнинг энг кучли ўнта терма жамоаси қаторига кириши лозим. Шу муносабат билан Олимпия ва Паралимпия ҳаракатини кучайтириш, спортчиларни саралаш тизимини такомиллаштириш ва етарлича ривожланмаган спорт турларига эътибор қаратиш бўйича янги дастурлар ишлаб чиқилади.

Янги стратегия доирасида:

  • Истиқболли спортчилар ва мураббийлар учун рағбатлантириш тизими жорий этилади;
  • Камида 10 нафар спортчи ва мураббий етакчи хорижий спорт академияларида малака оширади;
  • Миллий Олимпия қўмитасининг ҳудудий бўлимлари ташкил этилиб, уларни вилоят ҳокимлари бошқаради;
  • Ҳар бир федерация Лос-Анжелес-2028 га тайёргарлик стратегиясини ишлаб чиқиб, уни Миллий Олимпия қўмитасида ҳимоя қилади.

Мирзиёев сўнгги тўрт йилда спортга ажратиладиган маблағлар 1,5 триллион сўмдан 3 триллион сўмга ошганини қайд этди. Шунингдек, мураббийларнинг ўртача маоши икки баравар ошган, 150 дан ортиқ спорт иншоотлари қурилган ва қайта таъмирланган. Бу чора-тадбирлар туфайли Ўзбекистон Париж-2024 Олимпия ва Паралимпия ўйинларида ўз тарихидаги энг юқори натижаларни қайд этиб, Олимпиадада 13, Паралимпиадада эса 26 та медаль қўлга киритди.

Ушбу янги дастур билан мамлакат спортчилари Лос-Анжелес-2028 мусобақаларида янада юқори натижаларга эришиши кутилмоқда.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.