Тошкент ва бошқа шаҳарларда ҳайдовчилар газ қўйиш шохобчаларининг ёпилиши ва узун навбатлардан норози бўлмоқда. Бу эса такси хизматлари нархининг сезиларли даражада ошишига сабаб бўлди.
Аввалроқ "Ўзэнергоинспекция" газ таъминотидаги чекловларни совуқ ҳаво билан изоҳлаб, вазият ҳаво исиши билан барқарорлашишини маълум қилган эди. Расмий баёнотда 9-12 февраль кунлари газ етказиб бериш чеклангани, бу эса аҳоли ва ижтимоий объектларни устувор тартибда таъминлаш учун амалга оширилгани қайд этилган.
Бироқ, ҳаво шароити яхшиланганига қарамай, ҳайдовчиларнинг айтишича, ҳали ҳам кўплаб шохобчаларда газ тақчиллиги давом этмоқда. Айрим ҳудудларда газ умуман мавжуд эмас, бошқаларида эса шохобчалар узилишлар билан ишламоқда. Бу такси хизматлари нархларининг ўртача 30-40% га ошишига олиб келган. Масалан, 3-4 километрлик йўналиш учун аввал 12-15 минг сўм тўланган бўлса, ҳозирда 25-30 минг сўмгача чиқиб кетган.
Мутахассислар газ таъминотидаги узилишларни 10 февралда Бухоро вилоятидаги магистрал газ қувурида содир бўлган авария билан боғлашмоқда. Аммо расмий тузилмалар бу тахминни тасдиқламаган. Энергетика вазирлиги эса барча ҳудудлардаги шохобчалар одатий режимда ишлашда давом этаётганини билдирган.