Англия Премьер-лигасининг 25-туридан ўрин олган марказий учрашувда “Манчестер Сити” ўз майдонида “Ньюкасл”ни йирик 4:0 ҳисобида таслим этди. Учрашув 15 февраль куни бўлиб ўтди ва Пеп Гвардиоланинг шогирдлари ушбу ғалаба эвазига турнир жадвалида кучли тўртликка киришди.
Мармуш шоу!
Биринчи бўлим “шаҳарликлар”нинг тўлиқ устунлигида ўтди. Учрашувнинг 19-дақиқасида Эдерсоннинг аниқ узатмасидан сўнг Мармуш ҳисобни очди. Фақат беш дақиқа ўтиб, Гундўғаннинг пасидан сўнг ўша Мармуш иккинчи бор Дубравка дарвозасини ишғол қилди. Ҳужумчи 33-дақиқада Савионинг узатмасидан фойдаланиб, ярим соат ичида хет-трик қайд этди. Биринчи бўлим 3:0 ҳисобида якунланди.
Иккинчи бўлимда хотиржамлик ва назорат
Танаффусдан кейин “Сити” темпни секинлаштирди ва тўп назоратини ушлаб турди. “Ньюкасл” эса ҳеч қандай хавфли вазият ярата олмади. 84-дақиқада Ҳоланднинг аниқ ҳаракатидан сўнг захирадан майдонга тушган Макейти ҳисобни 4:0 кўринишига олиб келди.
Абдуқодир Ҳусановнинг ишончли ўйини
Бу баҳсда ўзбек футболчиси Абдуқодир Ҳусанов асосий таркибда майдонга тушди ва учрашувни тўлиқ ўтказди. Унинг ҳимоядаги ишончли ҳаракатлари рақиб ҳужумларини деярли йўққа чиқарди ва жамоасининг “қуруқ” ҳисобда ғалаба қозонишида катта роль ўйнади.
Турнир жадвалида силжиш
Ушбу ғалаба орқали “Манчестер Сити” 25-турдан сўнг 44 очко жамғариб, Премьер-лига жадвалида 4-ўринга кўтарилди.
Навбатдаги синов — “Реал”
“Шаҳарликлар” 19 февраль куни Европа Чемпионлар Лигаси плей-офф босқичи жавоб учрашувида Мадриднинг “Реал” жамоасига қарши майдонга тушади. Биринчи ўйинда “қироллик клуби” 3:2 ҳисобида ғалаба қозонган эди.
Кутилаётган жангга тайёрмисиз! “Сити” бу мавсум яна катта ғалабаларга муҳтож!