Навоийда прокуратура нозири, Жиззахда суд ходими, Самарқандда эса Миллий гвардия қоровули ушланди

Улашиш:

Давлат хавфсизлик хизмати ходимлари прокуратура, суд, Миллий гвардия ва адвокатура ходимларини қўлга олди, деб хабар бермоқда ДХХ матбуот хизмати.

Қайд этилишича, хизматнинг Навоий вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан вилоят прокуратураси билан ҳамкорликда тадбир ўтказилган. Унда вилоят прокуратураси нозири маҳаллий фуқародан 10 млн сўмни фирибгарлик йўли билан олганликда гумонланиб ушланган.

Нозир танишлари имкониятлари орқали уни Навоий шаҳри ҳокимлиги уй-жой ва ётоқхоналардан фойдаланиш бошқармаси тасарруфидаги ётоқхоналардан бирига навбатсиз жойлаштириб қўйишни ваъда қилгани айтилмоқда.

Шунингдек, Жиззах вилояти жиноят ишлари бўйича Дўстлик тумани суди ходими Шароф Рашидов туманида яшовчи, муқаддам судланган шахс билан бирга Жиззах шаҳрида яшовчи фуқаронинг никоҳдан ажратиш ҳақидаги даъвосини фуқаролик ишлари бўйича судда ишлайдиган танишлари орқали унинг фойдасига ижобий ҳал қилиб бериш эвазига 4 минг доллар талаб қилиб, олдиндан 2 минг доллар олган вақтида ушлангани хабар қилинди.

Муқаддам фирибгарлик жинояти учун судланган Гулистон шаҳридаги Адвокатлар ҳайъати адвокати 2021 йилда маҳаллий масъулияти чекланган жамиятга банкдан 240 минг доллар миқдорида кредит ажратилишида ёрдам бергани учун хизмати эвазига унинг раҳбаридан 12 минг доллар олгани гумон қилинмоқда.

Банк томонидан олиб борилган мониторинг жараёнида масъулияти чекланган жамият кредит маблағини мақсадсиз ишлатгани аниқланиб, прокуратура органлари томонидан унинг раҳбарига нисбатан жиноят иши қўзғатилган.

ДХХ Сирдарё вилояти бўйича бошқармаси ҳамда вилоят прокуратураси ходимлари ҳамкорлигида ўтказилган тадбирда адвокат муқаддам олган 12 минг доллардан 1000 долларни МЧЖ раҳбарига қайтариб берган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди, — дейилади хабарда.

Яна бир ҳолатда эса Миллий гвардиянинг Самарқанд вилояти Қўриқлаш бошқармаси Иштихон туманлараро қўриқлаш бўлимида қоровул лавозимида ишловчи шахс қариндошига муқаддам ҳокимлик томонидан боғдорчилик қилиш учун берилган 70 сотих ер майдонини харидорга 175 минг долларга сотишга келишиб, олдиндан 100 минг доллар олган вақтида ушланган.

Ҳозирда барча ҳолатлар юзасидан мазкур шахсларга нисбатан Жиноят кодексининг 168- (Фирибгарлик) ва 211- (Пора бериш) моддалари билан жиноят ишлари қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.