Қашқадарёда блогер ҳибсга олинди. У фирибгарликда айбланмоқда

Улашиш:

Қашқадарёда муқаддам судланган, 10 йилдан ортиқ муддатда озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаб чиққан блогерлик фаолияти билан шуғулланувчи фуқародан 3 сотих ер олиб бериш эвазига 7 миллион сўмни олган вақтида ушланди. Бу ҳақда вилоят Ички ишлар бошқармаси Матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Ғузор туманида яшовчи М.Ш. ўзини шаҳар ва туман ҳокимиятларида танишлари кўплигини, мансабдор танишлари орқали ер майдонларини олиб беришни ваъда қилиб, вилоятда яшовчи фуқаролар ишончига кирган. 

Жумладан, М.Ш. кеча, 21 февраль куни Чироқчи тумани ҳокимлигидаги таниши орқали маиший хизмат кўрсатишга ажратилган манзилдан 3 сотих ерни олиб бериш эвазига Қарши шаҳридаги чойхоналардан бирида фуқаро Э.О.дан 7 миллион сўмни фирибгарлик йўли билан олган вақтда ушланган. 

Мазкур ҳолат юзасидан фуқаро Ш.М.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Бош прокуратураси ҳузуридаги ИЖҚК департаментининг Қашқадарё вилояти бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик), 25-211-моддаси (пора беришга суиқасд қилиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, ЖПКнинг 221-моддаси тартибида ушланган. 

Ҳозирда Қашқадарё вилояти ИИБ томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Айтиш жоизки, М.Ш. муқаддам Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 25-97-моддаси (қасддан одам ўлдиришга суиқасд қилиш) ва164-моддаси (босқинчилик) жиноятларини содир этганлик учун суд ҳукми билан 10 йилдан ортиқ муддатда озодликдан маҳрум қилиш жазосини ўтаб чиққан.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.