Дунё бўйлаб маймун чечаги тарқалмоқда. Янги пандемия бошланиши хавфи борми?

Улашиш:

 Европа ва Американинг бир қатор мамлакатларида маймун чечаги касаллиги билан зарарланиш ҳолатлари кузтилмоқда. Бу қандай касаллик, у хавфлими? Унинг қандай аломатлари бор? Маймун чечаги қандай пайдо бўлди?

Май ойида дунёнинг бир қатор мамлакатларида янги вирус — маймун чечаги касаллиги билан зарарланиш ҳолатлари кузатила бошлади. Meduza нашри бу қандай вирус эканлиги ва у қандай пайдо бўлганлиги, шунингдек, қанчалик хавфли бўлиши мумкинлиги ҳақидаги саволларга ўз мақоласи орқали жавоб берди.  

Бу қандай содир бўлди?

2022 йил май ойида бир вақтнинг ўзида Европа ва Американинг бир нечта мамлакатларида, шунингдек Австралияда маймун чечаги — табиий чечакка ўхшаш, вирусли касаллик билан зарарланиш ҳолатлари аниқланди. Бу ҳақдаги илк хабарлар Буюк Британияда эълон қилиниб, кейинчалик ушбу вирус Португалия, АҚШ, Швеция, Канада ва бошқа мамлакатларда ҳам аниқланди. Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти бундай вазиятни атипик деб атади — яъни, ушбу касаллик билан оғриётган кўпчилик беморлар касаллик тарқалган мамлакатларга ташриф буюришмаган, ўтган йиллар давомида эса фақат шундай ҳолатларгина касалликнинг тарқалишига сабаб бўлган.

Ҳозирда гап ўнлаб касалланганлар ҳақида кетмоқда. 20 май куни ЖССТ юзага келган вазиятни муҳокама қилиш учун фавқулодда йиғилиш чақирди.

Маймун чечаги ўзи нима? У хавфлими?

Маймун чечаги — вирусли касаллик бўлиб, одатда расман 1980 йилда вакцинация натижасида йўқ қилинган табиий чечакка нисбатан енгилроқ кечади. Маймун чечагининг бирламчи аломатлари — иситма, қаттиқ бош оғриғи, лимфа тугунларининг яллиғланиши (кўплаб шунга ўхшаш касалликлардан асосий фарқ қиладиган жиҳати), бел ва мушаклардаги оғриқ, кучли ҳолсизлик.


Ҳарорат кўтарилганидан бир ёки уч кун ўтгач, беморда тошмалар пайдо бўла бошлайди — асосан юз, кафт ва оёқ қисмларида, шунингдек, шиллиқ пардалар, жинсий аъзолар ва кўзларда ҳам пайдо бўлиши мумкин. Вақт ўтиши билан тошманинг кўриниши ўзгаради ва суюқлик тўлган пуфакчаларга айланади. Одатда одамлар 2−4 ҳафта ичида тузалиб кетади, аммо ўлим ҳолатлари ҳам қайд этилиб туради.

Яхши янгилик: маймун чечак вирусининг икки тури мавжуд ва ҳозирда кузатилаётган ҳолатлар «енгилроғи» билан боғлиқ. Африка мамлакатларида бу касалликдан ўлим даражаси 3,6% ни ташкил қилади (беморларнинг 10% инфекциянинг янада оғир туридан вафот этишган). Ҳаммадан кўпроқ болалар ва иммунитети заиф одамлар хавф остида қолишади. Аммо шуни ҳисобга олиш керакки, Африка мамлакатларидаги барча беморлар ҳам сифатли тиббий хизматдан фойдаланиш имкониятига эга эмас. Яъни, инфекция Европа ва Америкага келган амалдаги вазиятда ўлим даражаси паст бўлиш эҳтимоли бор. Ҳозирча май ойида кузатилган маймун чечак вируси билан касалланганларнинг ҳеч бири вафот этмаган.

Нега бундай бўлмоқда?

Бу саволга ҳеч ким жавоб бера олмайди. Буюк Британиядаги беморлардан бири маймун чечаги тез-тез учраб турадиган мамлакат — Нигериядан қайтгани маълум бўлди. Бироқ Африкага ташриф буюрганидан сўнг у инфекция ташхиси қўйилган бошқа одамлар билан мулоқот қилмаган. У одамлар ҳам мамлакатни тарк этмаган. Шу билан бирга, маймун чечаги эпидемиясининг олдинги кузатувларидан маълумки, вирус одамдан одамга танага тегиш орқали юқиши мумкин. Мисол учун, узоқ суҳбат (уч соатдан ортиқ) ёки унинг биологик суюқликларига тегиниш (масалан, очиқ яра ёки ифлос кийимга тегсангиз) натижасида юқиши мумкин.

Африка мамлакатларида инфекция асосан касалланган кемирувчиларга ва ёввойи ҳайвонларнинг гўштига тегиш орқали юқади. Ҳозирда вирус авж олган мамлакатларда бундай юқиш турининг эҳтимоли кам.

Май ойида кузатилган касаллик ҳолатларининг катта қисмини эркаклар билан жинсий алоқада бўлган эркаклар ташкил қилади. Аммо вирус жинсий йўл билан юқади деб баҳслашишга асос йўқ. Албатта, у жинсий алоқа пайтида ҳам юқиши мумкин, аммо бу танага тегиш орқали бўлишининг эҳтимоли юқорироқ, шунингдек, вирус ҳаво томчилари орқали ҳам тарқалади.

Сўнгги ўн йилликларда маймун чечаги билан касалланиш Африкада ҳам, ундан ташқарида ҳам кўпайди (жумладан, АҚШ ва Буюк Британияда). Буни кўпинча одамларнинг кам фоизи чечакка қарши эмланганлиги билан боғлашмоқда (чечакка қарши эмлаш 1970−1980 йилларда тўхтатилган, чунки бунга зарурат бўлмай қолган: одамларда чечак касаллиги кузатилмаган). Вакцина эса одамни узоқ вақт, ҳатто ўнлаб йиллар давомида ҳимоя қилиши мумкин. Африкада маймун чечаги эпидемияси юз берган пайтда чечакка қарши эмланган одамлар орасида касалланганлар сони камроқ кузатилган.

Одам айнан маймун чечагини юқтириб олганини қандай билиш мумкин?

Бунинг учун тестлар мавжуд, аммо улар кенг тарқалмаган. ЖССТ тери тошмасидан олинган намуналарни ПЗР тестдан ўтказишни ишончли дея ҳисоблайди. Қонни ПЗР тестдан ўтказиш тавсия этилмайди.

Яна пандемия бошланиши хавфи борми?

Бунинг эҳтимоли кам. Илмий журналист Сониа Шаҳнинг «Пандемия» номли китобида Калифорния университетининг эпидемиологи Энн Римойн маймун чечагини «биз учун маълум бўлган ёвузлик» деб атайди. Одамлар бу касаллик ҳақида XX асрнинг ўрталаридан бери билишади (аслида одамлар бу вирус минглаб йиллар давомида касалланишган). Ҳозирда пандемиянинг олдини олишга ёрдам берадиган дорилар ва вакциналар мавжуд. Хусусан, дунёда чечакка қарши бир нечта вакциналар рўйхатга олинган ва улар катта эҳтимол билан маймун чечагидан ҳам ҳимоя қилади — ёки ҳеч бўлмаганда касалликнинг кечишини осонлаштиради.

Ва ҳозиргача бизга маълум бўлишича, чечакнинг одамдан одамга юқиши қийин.

Бунга қарши вақцина борми? Уларни қаердан олиш мумкин?

Ҳозирча, ҳеч қаерда сотилмайди. Улар касаллик тарқалишининг сезиларли хавфи мавжуд бўлган ҳолларда тиббий ташкилотлар орқали тақдим этилади. Кўпгина мамлакатларда, эпидемиологик вазиятдан қатъи назар, фақат чечак ёки маймун чечаги билан касалланиш эҳтимоли кўпроқ бўлган тиббиёт ходимлари (масалан, баъзи эпидемиологлар, юқумли касалликлар бўйича мутахассислар, вирусологлар), шунингдек, чечак билан касалланган бўлиши мумкин бўлган бемор (ёки беморнинг нарсаларига теккан) билан алоқада бўлган одамлар эмланади.

Мақолада ёзилишича, Россияда чечакка қарши тўртта вакцина рўйхатга олинган (бешинчиси жараёнда). Иккита вакцина таблетка шаклида ишлаб чиқарилади, фақат ревакцинация учун ишлатилади ва фақат катталар қўллаши учун мўлжалланган. Қолган иккитаси шприц ёрдамида ёки терига суртиш орқали қўлланилади.

Касаллик ҳозирча жиддий хавф солмаётган бир пайтда барчани эмлаш — бу баҳсли қарор. Вакциналар ножўя таъсирга эга бўлгани учун агар эмлаш тўғрисида қарор қабул қилинган бўлса, келтириладиган фойда хавфлардан устун бўлиши шартдир.

Агар ҳозир вакцина олмасак, кейин кеч бўлмайдими?

Катта эҳтимол билан — йўқ. Вакцинациядан сўнг иммунитетнинг ривожланишига 1−2 ҳафта вақт кетса-да, вакцинани организмга вирус тушганидан кейин ҳам олиш мумкин. Эҳтимол, агар одам вирус юқтириб олганидан кейин икки ҳафта ичида эмланган бўлса ҳам, бу касалликдан ёки ҳеч бўлмаганда унинг оғир кечишидан ҳимоя қилиши керак.

Уни даволаш учун қандай дорилар бор?

АҚШ, Канада ва Европа Иттифоқида тековиримат деб номланувчи дори рўйхатга олинган. АҚШ ва Канадада у фақат чечакни даволаш учун мўлжалланган, аммо Европа Иттифоқида у маймун чечагини даволаш учун ҳам рўйхатга олинган. АҚШда чечакни даволаш учун бринсидофовир препарати ҳам тасдиқланган. Россияда НИОЧ-14 препаратини рўйхатдан ўтказиш режалаштирилмоқда. Ва бактериал асоратлар билан курашиш учун антибиотикларни қўллаш мумкин.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.