Келгуси йилдан бошлаб Ўзбекистонда янги танловлар ва маданий лойиҳалар йўлга қўйилади. Хусусан, мамлакатда кўча санъатини ривожлантириш ва чет элликлар орасида "Ўзбек маданияти элчилари"ни аниқлаш ишлари олиб борилади. Тарихий объектларда хон ҳузурида қабул саҳналаштирилади ва машҳурлар ўз мухлисларига яқинлашади.
Ушбу чора-тадбирлар президентнинг 2024-2025 йилларда маданий-оммавий ва концерт-томоша тадбирларининг тақвимий режасини тасдиқлаган 25 декабрдаги қарорида белгиланган.
Масалан, баҳорда Қўқон шаҳридаги Худоёрхон саройида хон расмий қабулининг биринчи инценировкаси бўлиб ўтади. Худди шу спектакллар кейинчалик Бухоро, Самарқанд ва Хивада намойиш этилади.
Шу билан бирга, "Маданият тўлқинлари" медиа лойиҳаси бошланади. Танлов доирасида миллий ва умуминсоний қадриятлар, Ватанга садоқат, касб-ҳунар маданиятини ривожлантириш ғояларини ўзида мужассам этган жамоатчилик фикрига кўра энг яхши 50 та медиа маҳсулот танланади. Уларнинг ҳар бирининг муаллифи 50 миллион сўм мукофот олади.
Қолаверса, "Юлдуз билан саёҳат"лойиҳаси ҳам амалга оширилади. Унга ижтимоий тармоқларда 500 мингдан ортиқ обуначига эга бўлган маҳаллий ва хорижий шахслар жалб қилинади.
Бундан ташқари, Маданият вазирлиги ва туризм қўмитаси кўча санъати ва мусиқасини ривожлантиришни ўз зиммасига олади. Алоҳида кўчаларда мусиқа асбоблари, расм ва безак буюмларини сотиб олиш мумкин бўлган махсус савдо расталари ташкил этилади. Шунингдек, ҳар чоракда ҳар бир ҳудуддан ўнта фаол ижодкорлар танлаб олинади ва камида БҲМнинг 20 баравари (бугунги кунда бу 6,8 миллион сўм) миқдорида пул маблағлари билан рағбатлантирилади.
Бадиий ҳаваскорлик жамоалари учун келгуси йилда республика танлови ташкил этилади. У ҳар йили октябр ойида бўлиб ўтади. Бундан ташқари, нуфузли халқаро фолклор фестивалларида совринли ўринни эгаллаган ижодий жамоаларнинг харажатлари давлат бюджети ҳисобидан қопланади.
Чет эл фуқароларига, шу жумладан чет элда ўзбек маданиятини фаол ифода этувчи ватандошларга "Ўзбек маданияти элчиси" мақоми берила бошлайди. Унвон билан биргаликда уларга кўкрак нишони ва диплом берилади, шунингдек уларни тарғиб қилиш учун зарур бўлган барча реквизитлар таъминланади.