Жиззахда уруғлик пахта майдонига медиа-тур уюштирилди

Улашиш:

 Жиззах вилоятининг мавжуд пахта далаларининг қанча гектарига уруғлик пахта экилган? Воҳа тупроқ иқлим шароитига мос деб топилган юқори авлодли уруғликлар қай даражада ўзини оқламоқда? Пахтачиликда ғўза апробациясининг ўрни ва аҳамияти қандай?

Айни шу саволларга жавоб излаш мақсадида марказий ва маҳаллий оммавий ахборот воситалари ходимлари иштирокида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Жиззах вилоят бошқармаси томонидан пресс- тур ташкил этилди.

Пахтачиликда уруғлик пахтани етиштириш ишларига жиддий эътибор қаратиш зарур бўлади.

“Сифатли уруғ – мўл ҳосил гарови!”. Пахта навларининг генетик софлиги ва уруғлари сифатини яхшилаш мақсадида ғўза апробациясини ўтказишда қўйиладиган муҳим талаблар, тавсиялар ва бу борада Жиззах вилоятида амалга оширилаётган чора-тадбирлар” мавзусида ташкил этилган пресс турда ҳам ушбу жиҳатга алоҳида эътибор қаратилди.

Пахтакор туманидаги “Жавлонбек” фермер хўжалиги уруғлик дала майдонида ўтказилган тадбир аввалида иштирокчиларга апробацияни ўтказишдан мақсад, унинг қонун қоидалари, тартиб тамойиллари ва талаблари юзасидан тушунчалар берилди. Шундан сўнг, ОАВ вакиллари ғўза апробациясида амалга ошириладиган муҳим жараён билан яқиндан танишдилар. 

-Туманда жами 11 минг 700 гектар ерга пахта экилган, шундан ўтказилган тендерда 58 та фермер хўжаликлари ютиб, улар томонидан 1 минг 311 гектар майдонда уруғлик пахта етиштириш ҳуқуқи қўлга киритилган эди,- дейди “Ўзагроинспекция”нинг Пахтакор туман бўлими катта инспектори Баҳром Нуриллаев.-Қўшимча қилиб айтадиган бўлсак, апробация тадбирлари 11 августда бошланиб, бу ишлар инспекция томонидан назорат қилиб борилмоқда. Мониторинг таҳлилларига кўра, апробацияга қадар 63 гектар майдон талабга жавоб бермаганлиги сабабли уруғликдан чиқиб кетган. Ушбу жараённинг ҳаққоний ва сифатли ўтказилиши учун апробаторларга 2 тадан огоҳлантирув хатлари ва кўрсатмалар берилган. 

Тадбирда таъкидланганидек, жорий йил вилоятда жами 80 минг 200 гектар майдонга пахта экилган бўлиб, 43 минг 535 гектарини “Султон”, 32 минг 975 гектарини “Бухоро-102”,  2 минг 971 гектарини “С-8290” ҳамда 540 гектарини истиқболли ғўза навлари ташкил қилади. Шундан жами 311 нафар фермер хўжаликларининг 6 минг 838 гектар майдонларида уруғлик пахта хом-ашёси етиштирилмоқда. Булар “Султон”, “Бухоро-102” навлари ва “С-8290” нав авлодларидир.

Уруғлик пахта майдонларида апробация ўтказишдан асосий мақсад ўсимлик навининг генетик жиҳатидан тозалиги, касаллик ва зараркунандаларга чидамлилиги ва экишга мўлжалланган уруғликнинг умумий ҳолатини аниқлашдан иборат. Ушбу майдонларда апробация нав тозалиги навлар ва авлодлар бўйича ҳар бир далада алоҳида-алоҳида ўтказилиб, навдорликни аниқлашда ўсимликнинг барча морфологик белгилари ушбу нав бўйича муаллиф (ҳаммуаллиф) томонидан тасдиқланган нав тавсифномасида кўрсатилган белгиларга мос бўлиши лозим.

Шунингдек, навдорликни аниқлаш учун ўртача 20 гектар майдоннинг бир хил ривожланган жойидан бир-биридан камида 20 м дан кам бўлмаган масофада жойлашган иккита жўяк танлаб олинади. Ҳар бир жўякда ўртача (нормал) ривожланган, касалликка чалинмаган, ўсув нуқтаси мавжуд 100 дона соғлом ғўза туплари сараланиб, синчиклаб кўздан кечирилади. Морфологик белгилари нав тавсифномасига тўғри келмаган ўсимликлар тегишли саноқдаги тартиб рақами ёзилган ёрлиқ билан белгиланади ва умумий намунадаги ўсимликка нисбатан фоиз ҳисобида уларнинг умумий улуши аниқланади.

Намуналардаги навдорликнинг тўғри аниқланганлигини иккита кузатув ўртасидаги фарқдан ажратиш мумкин. Нав тозалигининг икки кузатувдаги тафовути белгиланган чекловлардан юқори бўлганда эса учинчи жўяк танлаб олиниб, таҳлил ўтказилади. Бундан ташқари, апробация ўтказиладиган барча уруғлик майдонларида ғўзанинг касалликка чалинганлик даражаси ва кўчат қалинлиги ҳам ҳисоб-китоб қилиниши зарур. Бунда ҳар 10 та ғўза тупи битта намуна сифатида ажратиб олинади.  

Апробация ўтказиладиган майдонларда ғўзанинг касалликлар билан зарарланганлигини, тўпланган ҳосил миқдорини (кўсак сонини) аниқлаш учун элита ва биринчи авлодли майдонларда ҳар бир гектарда 10 тадан, иккинчи ва кейинги авлодли уруғлик майдонларда эса, шахмат усулида ҳар бир гектардан 1 тадан намуна танлаб олинади. Ҳар бир намунадаги 10 та ўсимликдан нечтаси вилт (вертициллёз, фузариоз), нечтаси гоммоз билан зарарланганлиги аниқланиб, уруғлик пахта майдонларида апробация ўтказиш дала журналига қайд этиб борилади.

Медиа-тур давомида мавзу юзасидан ОАВ вакиллари ҳамда “Агроинспекция” нинг вилоят бошқармаси ходимлари ва туман бўлимларининг қишлоқ хўжалиги экинлари уруғлари етиштирилиши ва таъмионтини назорат қилиш бўйича инспекторлари, Инспекция қошидаги “Агросаноат соҳасида хизматлар кўрсатиш маркази” вилоят филиали, Пахта селекцияси, уруғчилиги ва етиштириш агротехнологиялари илмий тадқиқот институтининг Жиззах тажриба станцияси мутахассислари иштирокида матбуот анжумани ўтказилди. Анжуманда журналистлар уруғлик пахта етиштиришда қўйиладиган талаблар, унинг парвариши билан боғлиқ амалга ошириладиган муҳим агротехник тадбирлар, пахта навларининг генетик софлиги ва уруғлари сифатини яхшилашда апробациянинг ўрни ва аҳамияти тўғрисида батафсил маълумотларга эга бўлишди.

-Шу билан бирга апробация тадбирларини ўтказишда Инспекция органлари томонидан ўрнатилган назорат тадбирлари ва бу борада олиб борилган амалий ишлар ҳақидаги маълумотлар иштирокчиларга етказилди, дейди “Ўзагроинспекция”нинг вилоят бошқармаси бош инспектори Ўрол Қаршибоев. – Жумладан, 2022 йил ҳосили учун уруғлик пахта етиштириш ҳуқуқини қўлга киритган фермер хўжаликларида жами
544 та назорат тадбирлари ўтказилиб, шундан 16 таси текшириш, қолган 528 таси мониторинг тартибида амалга оширилган. Жойларда 118 та қонунбузлиши ҳолатлари аниқланиб, булар бўйича инспекция томонидан 104 та таъсир чоралари кўрилган.

Пресс тадбирда журналистларни қизиқтирган барча саволларга соҳа мутахассислари томонидан батафсил жавоб қайтарилди.

   

         

    “Ўзагроинспекция”нинг Жиззах вилоят бошқармаси

Ахборот хизмати

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.