Уруғлик дала майдонлари Инспекция томонидан алоҳида назоратга олинган

Улашиш:

Бугунги кунда Жиззах вилояти ғаллакорлари томонидан етиштирилган ҳосилни йиғиштириб олиш ишлари давом этаётир. Мавсум давомида уруғлик ғалла майдонларини ўриш ишларига ҳам жиддий эътибор қаратилиб, ҳар бир жараён “Ўзагроинспекция” ходимлари томонидан назорат қилиб борилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 8 сентябрдаги “2021 йилда бошоқли дон етиштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 546-сон қарорига асосан Жиззах вилоятининг сувли майдонларида жами 23 минг 375 тонна сара уруғлик дон тайёрлаш ҳамжмлари белгиланган эди. Ана шу мақсадда танловлар ўтказилиб, унда 242 нафар фермер хўжаликларининг 6247 гектар ғалла майдонлари уруғлик дон учун танлаб олинди ва ҳозирда мазкур майдонларда генетик жиҳатдан тоза, турли касаллик ва зараркунандаларга чидамли бўлган уруғлик донни жамғариш ишлари олиб борилаётир.

Уруғлик донни ўриб олиш учун алоҳида 24 та юқори унумли ғалла ўриш комбайнлари сафарбар қилиниб, уларнинг ҳар бирига 4 тадан жами 96 та юк ташиш транспортлари ажратилди. Отрядлар шакллантирилди.

Инспекциянинг туман бўлимлари инспекторлари томонидан мавсум бошидан буён дастлаб ғалла майдонларининг дала четлари ўриб олиниши, товар дон ҳисобига топширилиши ва сўнгра уруғлик дон сифатида топширилиши алоҳида назорат қилиб борилмоқда.

-Шу кунга қадар жами 23 минг 600 минг тоннага яқин ёҳуд, 101,1 фоиз сара уруғлик дон қабул қилиб олинди, дейди Инспекциянинг вилоят бошқармаси бош инспектори Ў.Қаршибоев.- Ҳукумат топшириғига мувофиқ, бугунги кунда ҳам қўшимча тарзда яна 10 фоиз уруғлик дон жамғарилмоқда. Бунда асосан вилоятнинг Ш.Рашидов, Пахтакор ва Зарбдор туманлари ғаллакорлари алоҳида натижа кўрсатишмоқда. Улар 200-300 тоннадан қўшимча уруғлик дон топшириб, ўзларининг муносиб ҳиссаларини қўшишаяпти.

Мавжуд уруғлик цехларига қабул қилинган уруғлик дон ишлаб чиқилган йўриқнома асосида уруғлик дон навлари бўйича оралик масофага эътибор берилган ҳолда алоҳида тўсиқлар билан ҳимояланган майдончаларга дислокация бўйича қабул қилинаётир.

Уруғлик доннинг навларига тўҳталадиган бўлсак, жамғарилаётган ғалланинг кўпроқ қисмини “Замин-1”, “Зимница”, “Звезда”, “Оқ марварид”, “Ёғду”, “Дурдона”, “Ғозғон”, “Аср”, “Яксарт”, “Дўстлик” сингари навлар ташкил этади.  Шунингдек, супер элита, элита ва R-1 авлодли уруғликлар ҳам мавжуд. 

Дон уруғлари етиштиришни назорат қилиш соҳасида “Ўзагроинспекция”нинг туман бўлимлари томонидан жами 1 минг 183 та назорат тадбирлар ўтказилиб, жами 10 та текшириш ҳамда 1 минг 173 та мониторинг (ўрганиш) ишлари амалга оширилди. Назорат тадбирлари давомида аниқланган камчилик ва қонунбузилишларнинг олдини олиш ва бартараф этиш мақсадида тегишли ташкилот ва жойларга 92 та ёзма кўрсатма, 39 та тақдимномалар киритилиб, 12,0 млн. сўмлик маъмурий жарималар қўлланилди.

Қонунбузилишлар юзасидан қонуний қарор қабул қилиш учун судларга 3 та ва прокуратура органларига 10 та материаллар киритилиб, жами 1031 та огоҳлантирув хатлари берилган.

Далаларда эса ҳосил мўл.

 

“Ўзагроинспекция”нинг Жиззах вилоят бошқармаси

Ахборот хизмати

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.