Жиззахда ғалла учун талаб этилган минерал ва маҳаллий ўғитларни жамғариш ишлари қай аҳволда?

Улашиш:

Ғалла ҳосили салмоғи бугунги ҳаракатга боғлиқ. Дарҳақиқат, баҳор ойларида ғаллани парваришлаш жараёни деҳқонлардан жиддий масъулиятни ва алоҳида эътиборни талаб этади. Мисол учун, кўкламда ғалла майдонларини минерал ва маҳаллий ўғитлар билан озиқлантириш, суспензиялаш, гербицидлар ёрдамида бегона ўтларга қарши дастлабки ишлов бериш экиннинг ўсиб-ривожланиш жараёнини тезлаштиради. Мутахассисларнинг таъкидлашича, бунда туплаш даврида 10 кг, найчалаш даврида 12 кг карбамид минерал ўғитини 300 литр сувда эритиб, махсус пуркагич механизмлар ёрдамида ғалла майдонларига сепилади. Ўз навбатида  азотли ўғитлар билан озиқлантириш ҳам муҳим агротехник тадбирлардан бири бўлиб, айниқса, найчалаш даврида буғдойнинг азотли ўғитларга бўлган талаби ҳар қачонгидан ортади. Бу даврда ўсимликка азотли ўғитлар йиллик меъёрининг 40 фоизини, физик ҳолда аммиакли селитра ҳисобида 300–320 кг миқдорида берилиши тавсия этилган.

 Шу маънода, Жиззах вилоятида 2022 йил ғалла ҳосили учун жами 93 минг 500 гектар сувли майдонларда ғалла парваришланаётган бўлиб, бугунги кунда экилган буғдойнинг 66 минг 49 гектари, яъни (70,6%) туплаган ва 27 минг 451 гектари (29,4%) найчалаш фазасида ривожланмоқда.

Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси вилоят бошқармаси ва туман бўлимлари томонидан олиб борилган мониторинг натижаларига қараганда, ҳозирги кунга қадар, вилоят бўйича мавжуд 354 та пуркагичлар ёрдамида жами 22 минг 954 гектар ерда бегона ўтларга қарши гербицид сепилиб, 10 минг 53 гектар майдонда занг касаллигига қарши фунгицид препаратлари билан ишлов берилган. 52,6 фоиз майдонда эса баргдан озиқлантириш (суспензия сепиш) ишлари амалга оширилган.

-Бироқ жойларда азотли ва минерал ўғитлар захирасини яратиш борасидаги ишлар суст олиб борилмоқда, дейди “Ўзагроинспекция”нинг вилоят бошқармаси катта инспектори С.Мирзакаримов.- Масалан, ҳозирги кунга қадар, вилоят бўйича экилган 93 минг 500 гектарлик сувли ғаллани баҳорги биринчи озиқлантириш учун жами 28 минг 50 тонна азотли ўғитлар талаб қилинсада, бугунги кунга келиб 10 минг 525 тонна ёки, 38 фоиз азотли ўғитлар захираси яратилган, холос. Ҳудди шундай, март ойида ҳар гектар ғалла майдони учун 3 тоннадан махаллий ўғит жамғариш белгиланган бўлсада, шу вақтгача 28,4 фоиз маҳаллий ўғит жамғарилган.

Хусусан, бу борадаги талаб этилган майдонларга нисбатан азотли минерал ўғитларни жамғариш миқдори бўйича энг паст кўрсатгич Мирзачўл туманидаги '"Гранд Мирзачўл кластер" МЧЖ 9 %, Пахтакор туманидаги "Пахтакор олтин бошоқлари" МЧЖ да (5%)ни ташкил этган. Шунингдек, Арнасой туманидаги "Олтин воҳа голд кластер" МЧЖ ва Зафаробод туманидаги "Зомин Зафаробод кластер" МЧЖ лар томонидан 10 минг гектардан жами 20 минг гектар учун
6 минг тонна ҳамда Пахтакор туманидаги "Пахтакор олтин бошоқлари кластер" МЧЖ томонидан 7312 гектар учун 2 минг 194 тонна азотли ўғитлар захираси ҳанузгача яратилмаган.

 “Ўзагроинспекция”нинг вилоят ва туман бўлимлари инспекторлари томонидан ғалла парваришида йўл қўйилаётган камчиликларни бартараф этиш мақсадида фермер хўжаликлари ва кластер корхоналари раҳбарларига 2 минг 793 та огоҳлантирув хатлари, 929 та ёзма кўрсатмалар ва туман хокимликларига, қишлоқ ва сув хўжалиги бўлимларига 56 та тақдимномалар киритилди.

Ғалла парвариши билан боғлиқ агротехник тадбирларни вилоятнинг Зарбдор тумани мисолида кўриб чиқадиган бўлсак, бугунги кунда мазкур туманда жами 16 минг 300 гектар майдонда кузги бошоқли дон экинлари парваришланмоқда. Шу кунларда, мавжуд ғалла майдонларининг 15 минг
177 гектари туплаган ва 1 минг 124 гектари найчалаш фазасида ривожланмоқда.

Ғалла ривожини тезлаштириш ва кўчатларни зарур миқдорда озиқлантириш мақсадида гектарига 3 тоннадан, жами  48 минг 900 тонна маҳаллий ўғит жамғариш режалаштирилган.

-Жорий йил Зарбдор туманида 26 минг 795 гектар ғалла майдонида бегона ўтларга, 28 минг гектарда занг касаллигига ва 14 минг гектар хасвага қарши кимёвий ишловлар ўтказиш белгиланган, дейди Инспекциянинг туман бўлими инспектори И.Умматов. – Аммо ўрганишларга кўра, бугунги кунда тумандаги “Зарбдор-Зомин ғалла кластери” МЧЖ томонидан занг касаллигига ва зарарли хасвага қарши ишлатиладиган 12 000 гектар, яъни 74 фоиз майдонга етадиган фунгицидлар ҳамда атиги 1 минг 638 гектар майдонга етадиган инсектицидлар олиб келинган холос.

Маълумот ўрнида, ғалла агротехникаси тадбирларида Зарбдор туманида 58 та пуркагичлар қатнашмоқда.

 

“Ўзагроинспекция”нинг Жиззах вилоят бошқармаси

Ахборот хизмати

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.