Шаҳобчада қиёслов сертификати мавжуд бўлмаган тарозидан фойдаланиб келаётгани аниқланди

Улашиш:

Жиззах вилоятининг Арнасой туманида келаси йил ҳосили учун 10 000 гектар майдонга бошоқли дон экилиши белгиланиб, бунинг учун жами 2 500 тонна уруғлик дон талаб этилиши ҳисоб-китоб қилинган.

Шундан келиб чиқиб, ҳозирга қадар туманда жойлашган “Дўстликдонмаҳсулотлари” АЖ га қарашли уруғлик дон тарқатиш шаҳобчасида 1 минг 843 тонна уруғлик  дон жамғарилди ва шундан 563 тоннаси пешма-пеш фермер хўжаликларига етказиб берилди.

Омборларга экиш учун келиб тушган уруғлик доннинг стандарт талаблари асосида сақланиши ва тарқатилиши “Ўзагроинспекция”нинг вилоят бошқармаси ва туман бўлими томонидан назоратга олинган. Жумладан, тарқатиш шаҳобчасида таъмирлаш, фумигация ва дезинфекция ишларининг олиб борилганлиги ҳамда ташишларда тегишли қоидаларга жавоб берувчи транспорт воситаларидан фойдаланиш юзасидан тушунтириш ва назорат ишлари олиб борилди. Шунингдек, уруғлик дон партияларини навлар бўйича сақлаш, уруғлик доннинг генетик (нав) ва экинбоплик сифатлари кўрсатилган мувофиқлик сертификатлари мавжудлиги ва қопларни жойлаштиришда меъёр талабларига амал қилиниши бўйича ҳам мониторинг тадбирлари ўтказилиб, ўрганилган ҳолатлар бўйича омбор мудирига ёзма кўрсатма берилди.

-Ўрганишларда, шаҳобчанинг уруғлик дон тарқатиш ишларида қиёслов сертификати мавжуд бўлмаган тарозидан фойдаланиб келаётганлиги аниқланди, дейди Инспекциянинг Арнасой туман бўлими катта инспектори Хуршид Ибрагимов. –Бу эса  Ўзбекистон Республикасининг “Метрология тўғрисида”  қонунининг 7-моддаси талаби бузилишига йўл қўйилганлигини англатади. Мазкур ҳолат бўйича шаҳобча мудирига нисбатан Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 213-моддаси 1–қисми билан маъмурий иш қўзғатилиб, тўпланган ҳужжатлар кўриб чиқиш учун Жиноят ишлари бўйича Арнасой туман судига юборилди.

Бундан ташқари, аниқланган қонунбузилиши ҳолати юзасидан туман ҳокимлигига тақдимнома киритилган.

“Ўзагроинспекция”нинг Жиззах вилоят бошқармаси

                     Ахборот хизмати

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.