Сирдарё вилоятида автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчаси (АГТКШ) ходимлари текширув пайтида “Ўзэнергоинспекция” вакилига гиёҳванд моддалар ташлаб қўйганликда гумон қилинмоқда!
Нима бўлди?
Жорий йилнинг 8 февраль куни “Ўзэнергоинспекция” мутахассислари Сирдарё туманидаги АГТКШ шохобчасида текширув ўтказган пайтда шов-шувли воқеа содир бўлди. Газ ҳисоблагични кўздан кечириш вақтида ходимлардан бири қўлида кабель билан хонадан чиқиб кетган — сабаби эса тез орада маълум бўлди: ҳисоблагичнинг алоқа порти ўчирилмаган, бу эса ускунанинг ишига ноқонуний аралашилганидан далолат берган.
Қаршилик ва провокация!
Ҳисоблагични демонтаж қилишга уринганда, шохобча раҳбарияти очиқчасига қаршилик кўрсатган. Энг қизиғи, шу пайт воқеа жойига етиб келган ИИБ ходими инспекторнинг автомобилини текшириб, унда номаълум модда — гиёҳвандлик воситаси борлигини аниқлаган. Аммо… кузатув камералари ёзувлари бу “топилма”нинг қандай пайдо бўлганини очиб ташлади: АГТКШ ходимлари инспекторнинг автомашинасига ташлаб қўйгани кўриниб қолган!
Йирик ўғрилик фош этилди!
Шунингдек, текширув давомида шохобча ускуналари газ истеъмоли кўрсаткичларини сунъий равишда камайтириш учун ўзгартирилгани аниқланди. Дастлабки ҳисоб-китобларга кўра, давлатга етказилган зарар — 5,74 миллиард сўмни (тахминан 2,2 миллион кубометр газ) ташкил этган!
Жиноят иши қўзғатилди!
Барча тўпланган ҳужжатлар прокуратурага топширилган, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.