Қозоғистоннинг Улутау вилояти Жанаарка туманида жойлашган «Жомарт» конида 17 февраль куни содир бўлган табиий газ портлаши фожиали оқибатларга олиб келди. Кон қулаши натижасида 7 нафар кончи вайроналар остида қолиб, ҳалок бўлди.
Қутқарувчилар барча жасадларни ер юзасига кўтариб, суд-тиббий экспертизаси учун полицияга топширди. Ҳодиса юзасидан жиноий иш қўзғатилди.
«Жомарт» конига эгалик қилувчи «Казахмыс» корпорацияси портлаш сабабларини аниқлашда тўлиқ ҳамкорлик қилаётганини маълум қилди. Дастлабки хулосаларга кўра, бу каби газ портлашлари корпорация конлари учун хос эмаслиги таъкидланмоқда.
Фожиа қурбонларининг оилаларига моддий ёрдам кўрсатилади:
- Ҳалок бўлган ҳар бир шахснинг оиласига ўртача йиллик иш ҳақининг 10 баробари миқдорида товон тўланади.
- Дафн маросими учун 2 миллион тенгеден ортиқ маблағ ажратилади.
- Боқувчисини йўқотганлик учун ҳар ойлик тўловлар, болаларнинг ўқиши учун маблағлар ва ҳалок бўлганларнинг кредитларини тўлаш каби қўшимча ёрдам чоралари кўзда тутилган.
Эслатиб ўтамиз, шу кунларда Ғарбий Африканинг Мали давлатидаги ноқонуний олтин конида ҳам шунга ўхшаш фожиа рўй бериб, 50 га яқин одам ҳалок бўлган эди.