Қобул Дусовга нисбатан яна бир жиноят иши кўриб чиқилди

Улашиш:

Тошкент вилояти кенгашининг собиқ депутати ва блогер Қобул Дусовга нисбатан яна бир жиноят иши кўриб чиқилди. Суд уни Жиззах вилояти мактабгача ва мактаб таълими тизимининг тўрт нафар вакилига нисбатан туҳмат ва ҳақорат қилганликда айбдор деб топди. Бу ҳақда Олий суд матбуот котиби Азиз Обидов маълум қилди.

Суд иш материаллари ва лингвистик экспертиза натижаларини ўрганиб чиқиб, Дусовни Н. Ялгашева, О. Камолова, Ш. Ҳасанова ва С. Суяровага нисбатан туҳмат ва ҳақорат қилганликда айбдор деб топди. Унга бир йил-у икки ой муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Дусов жазони манзил-колонияда ўтайди. Шунингдек, жабрланувчилардан М. Эшимқулов, О. Камолова ва Ш. Ҳасановалар билан боғлиқ айрим ҳолатлар бўйича судланувчи оқланди.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йил ноябрь ойида Дусов мактабгача ва мактаб таълими вазири ўринбосари Фарҳод Боқиевга нисбатан ҳақоратли баёнотлар билдиргани учун бир йилга озодликни чеклаш жазосига ҳукм қилинган эди. Унга кечки соат 21:00 дан 7:00 гача уйдан чиқиш, интернетдан фойдаланиш, оммавий тадбирларда иштирок этиш, шунингдек, яшаш жойини рухсатсиз ўзгартириш тақиқланган. Шунингдек, у ҳар ойда пробация бўлимида рўйхатдан ўтиши лозим эди.

Бироқ Дусов бир неча бор ушбу чекловларни бузгани сабабли, Тошкент шаҳар Яшнобод туман суди 2024 йил 24 январь куни қолган жазо муддатини манзил-колонияда озодликдан маҳрум қилиш билан алмаштириш ҳақида қарор чиқарди. Шу куннинг ўзида у Самарқанд вилоятида ҳибсга олиниб, манзил-колонияга кўчирилди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.