Ҳар қандай ҳуқуқий демократик давлатда ўзаро низолар судларда ҳал қилинади. У ёки бу шахснинг мақомидан қатъий назар бир-бири билан судлашуви масаланинг кўча қонунлари асосида, зўравонлик билан ҳал қилинишидан кўра, минг чандон яхшироқ. Ҳар ҳолда муаммо ҳақида гапирганларнинг попугини “кўча услуби”да пасайтиришга уринган айрим раҳбарларни ҳам кўряпмиз.
Халқ таълими вазири Шерзод Шерматовни демократ, ҳар қандай танқидга тоқатли амалдор, новатор ва ислоҳотлардан чўчимайдиган раҳбар сифатида кўпчилик ҳурмат қилади. Шунданми, у бошқараётган халқ таълими тизимининг танқидчилари жуда кўп. Ва ўз навбатида бу тизимда ҳам муаммолар бир талай.
Ижтимоий тармоқлардаги фаол чиқишлари билан танилган Қобил Дӯсов жорий йилнинг 24 июнь куни ўз саҳифаси орқали Халқ таълим тизимини қаттиқ танқид қилади. Ўз видеомурожаатида соҳанинг, хусусан аттестация тизимининг коррупцияга ботганлиги, мактаблардаги шароитларнинг ёмониги, ўқитувчилар ойлиги пастлиги ва умуман тизимнинг оғир аҳволи ҳақида гапиради.
Бу чиқиш ва унда айтилган аччиқ гаплар Халқ таълими вазирлигининг эътиборидан четда қолмади. Жорий йилнинг 11 август куни Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги Қобул Дўсов устидан фуқаролик ишлари бўйича Чирчиқ туманлараро судига даъво аризаси киритади. Унда Дӯсовнинг танқидий видеомурожаати орқали вазирликнинг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсига путур етказувчи маълумотлар тарқатгани айтилади.
Халқ таълими вазирлиги ўзининг шаъни, қадр-қиммати ва ишчанлик обрўсига путур етказувчи маълумотлар тарқатганлиги учун фуқаро Қобул Дўсовдан раддия беришни талаб қилмоқда.
18 сентябрь куни фуқаролик ишлари бўйича Чирчиқ туманлараро судида мазкур даъво кўриб чиқилди. Ушбу воқеа жамоатчилик эътиборига тушиб, шов-шув бўлгани сабабли бу ерда журналист ва блогерлар талайгина йиғилганига гувоҳ бўлдик. Соат 11.00 га белгиланган очиқ судга киришда журналистлар муаммога учради ва 10-15 дақиқа кечикиб, суд залига қўйилди.
Судда дастлаб даъворгар томоннинг даъвоси ва жавобгар томоннинг бу юзасидан муносабати ва фактлари тингланди, гувоҳлар эшитилди.
Судья барча ҳуқуқий жараёнлардан сўнг суд ишида танаффус эълон қилди.
Биз жараён тугагач, Халқ таълими вазирлигининг ишончли вакили, ҳуқуқшунос Хуршид Асроровдан бугунги суд жараёнлари юзасидан фикр-мулоҳаза ва муносабат сўрадик. Аммо у ҳозирча бу борада фикр билдирмаслигини маълум қилди.
Шундан сўнг биз судга жавобгар томон сифатида жалб қилинган Қобул Дўсовга микрафон тутдик.
“Бугун суд иши ёмон ўтмаяпти. Процесс яхши давом этмоқда. Биз даъво юзасида факт ва ҳужжатларни судга тақдим қилдик. Яъни ўқитувчилар бошидаги адолатсизликлар, уларни мажбурий меҳнатга жалб қилиш, турли йиғимларга оид фактларни топширдик. Умид қиламанки, судья мавжуд ҳолатларни инобатга олиб, адолатли ҳукм чиқаради”, дейди Қобул Дўсов. Ўз навбатида танқидлардан сўнг унга нисбатан қандайдир таҳдид ва босимлар бўлдими-йўқми деган саволга “Йўқ, ҳеч қандай босим бўлмади. Вазиятнинг барча ҳуқуқий давлатларда бўлгани каби суд билан ҳал қилинаётгани менинг вазирга нисбатан ҳурматимни яна бир карра оширди”, дейди жавобгар.
“Суд қай даражада адолатли ўтяпти”, деган саволга судда Қобул Дўсовга адовкатлик қилётган Умид Давлатов суд ишидан қониқётгани ва даъвогарларнинг мижозига нисбатан талаблари асоссиз эканини таъкидлади.
“Ҳозирда даъвогар томон “Фуқаролик кодекси”нинг 100-моддаси бўйича (“Фуқаро ўзининг шаъни, қадр-қиммати ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи маълумотлар юзасидан, башарти бундай маълумотларни тарқатган шахс уларнинг ҳақиқатга тўғри келишини исботлай олмаса, суд йўли билан раддия талаб қилишга ҳақли”) раддия талаб қиляпти. Биз бу айнан нималарда акс этгани ва қай даражада экани ҳақида исбот сўрадик. Биз учун улар келтираётган ваъжлар етарли эмас.
Қолаверса, 5 та ҳолатдан бири, яъни 159-модданинг келтирилишини мижозим Қобул Дўсов ўзига нисбатан таҳдид деб баҳолайди. Маълумки, ушба моддада “Ўзбекистон Республикасининг амалдаги давлат тузумини Конституцияга хилоф тарзда ўзгартиришга, ҳокимиятни босиб олишга ёхуд қонуний равишда сайлаб қўйилган ёки тайинланган ҳокимият вакилларини ҳокимиятдан четлатишга ёхуд Ўзбекистон Республикаси ҳудудий яхлитлигини Конституцияга хилоф тарзда бузишга очиқдан-очиқ даъват қилиш, шунингдек, бундай мазмундаги материалларни тарқатиш мақсадида тайёрлаш, сақлаш ёки тарқатиш” баён қилинган”, дейди адвокат Умид Давлатов.
Суд жараёнларида гувоҳ сифатида иштирок этган Тошкент шаҳри, Яшнобод туманидаги 282-мактаб ўқитувчиси Комила Ҳусанова жавобгар Қобул Дўсовнинг гаплари асосли эканини айтиб, ўзи фаолият юритаётган таълим масканидаги адолатсизликлар ва ноқонуний ҳаракатлар тўғрисида ахборот берди. Жумладан, мактабдаги коррупцион ҳолатлар, номутахассислар фаолияти, ноқонуний йиғимлар ва давлат мулкини талон-тарож қилишга оид ишлар хусусида гапирди ва бу тўғрисида туман, шаҳар, республика миқёсидаги таълим ташкилотига мурожаат қилгани, бироқ бу мурожаатлар эътиборсиз қолаётганини билдирди.
Ҳозирча суд ишида танаффус. Суд жараёнлари жорий йилнинг 23 сентябрь, соат 16.00 да давом эттирилиши маълум қилинди.
Воқеалар ривожини кузатиб боринг.
Муслим Мирзажонов,
журналист
Тўлиқ суд жараёни қуйидаги видеолавҳада.