Португалиялик юлдуз футболчи Криштиану Роналдунинг Саудия Арабистонидаги фаолияти нафақат голлар, балки рекорд даражадаги даромад билан ҳам эътибор қозонди.
“Forbes” хабарига кўра, Роналду 2023 йил 1 январда “Ал-Наср” билан имзолаган шартнома орқали шу кунгача тахминан 411 миллион фунт стерлинг ишлаб топган. Бунинг 354 миллиони аввалги икки йил учун, яна 57 миллиони эса 2025 йил учун мўлжалланган тўловлар ҳисобидан.
Унинг йиллик маоши — 177 миллион фунт, ҳафтасига эса 3,4 миллион фунт. Бу кўрсаткичлар Роналдуни дунёдаги энг кўп маош олувчи спортчига айлантирди.
Спорт жиҳатдан ҳам Роналду Саудия Арабистонида ўз сўзини айтди. У “Ал-Наср” сафида 107 ўйинда майдонга тушиб, 97 та гол урди. Унинг келишидан кейин кўплаб футбол юлдузлари Саудия Про Лигасига йўл олди.
Бундан ташқари, Роналду майдондан ташқарида ҳам даромад қилмоқда — 2024 йилда у реклама ва ҳамкорлик орқали 60 миллион доллар топган. Бу суммалар “Nike”, “Binance”, “Herbalife” ва бошқа йирик компаниялар билан шартномалар орқали келган.
Роналдунинг “UR – Cristiano” номли YouTube канали ҳам унинг даромад манбаи ҳисобланади — каналда 75 миллиондан ортиқ обуначи ва 840 миллиондан зиёд кўришлар бор.
Маълумотларга кўра, унинг “Ал-Наср” билан амалдаги шартномаси 2025 йил 30 июнгача амал қилади. Бироқ, клуб раҳбарияти шартномани узайтириш ниятида эмаслиги ҳақида аввалроқ маълум қилган.