Футболда янги савол: Мбаппе зўрми ёки Ҳоланд?

Улашиш:

Яқин бир неча йил ичида Килиан Мбаппе ва Эрлинг Ҳоланд дунё футболида Криштиану Роналду ҳамда Лионель Мессининг ўрнини эгаллаши кутилмоқда. Ҳар иккала футболчи ҳам ҳозирда ўз клубларининг етакчиси ҳисобланади ва гол уриш борасида бир-биридан асло қолишмайди.

Аммо футбол мухлисларини ҳар доимгидек бир савол ўйлантиради: хўш, улардан қайси бири зўр?

Қуйида айнан ушбу саволга бокс ва аралаш жанг спорти қоидалари бўйича жавоб топишга ҳаракат қилинади. Бунда 15 раунд кўзда тутилган бўлиб, ҳар бир раунд доирасида ғолиб 10, мағлуб эса 9 очкодан қўлга киритади.

Биринчи раунд – статистика
Мбаппе 22, Ҳоланд эса атиги 20 ёшда. Норвегиялик шу вақтга қадар 146 учрашув ўтказиб, 100 гол урган ва 19 голли узатмани амалга оширган. Шунчаки ажойиб натижа. Французда эса бу кўрсаткич бироз яхшироқ – 208 ўйин, 133 та гол ва 76 та ассист. Иккала футболчи ҳам урилган голлар бўйича бир хил динамикага эга: ўртача ҳисобда улар бир ўйинда 0,6 тадан гол урган. Асистлар бўйча Килиан сезиларли даражада яхшироқ натижага эга: ПСЖ футболчиси ҳар учинчи учрашувда шерикларига гол уришга замин яратиб беради, «Боруссия» форварди эса ҳозирча бу кўрсаткичи билан мақтана олмайди.
10:9 – Мбаппе фойдасига

Иккинчи раунд – дриблинг ва техника
Мбаппе вояга етгач ўзига бўлган ишончи ортди ва дунёнинг энг яхши дриблингчиларидан бирига айланди. У ўзининг эластик ва алдамчи ҳаракатлари билан исталган ҳимоячини доғда қолдириши мумкин. Шунингдек, ПСЖ футболчиси тўпни рақибининг оёқлари орасидан олиб ўтишга алоҳида меҳр беради. Статистикага кўра у дриблингда Ҳоландга қараганда деярли уч баравар устунроқ. Эрлинг эса шунчаки тўпни ўзидан узоқлаштириб, тезлиги орқали ҳимоячилардан қочишга одатланган.
10:9 – Мбаппе фойдасига

Фото: Getty Images
Учинчи раунд – ишончлилик
Мбаппе Ҳоландга қараганда кўпроқ тўпни йўқотади ва хатоларга йўл қўяди. Тўғри, Эрлинг ҳам кўп алдаб ўтилади ва у ҳар ўйинда ҳеч бўлмаганда икки марта қоидабузарлик қилади. Шунга қарамай норвегияликда сариқ ва қизил рангдаги карточкалар сони камроқдир. Эҳтимол, Килиан ҳакамлар билан кўп тортишгани учун ҳам кўпроқ жазоланар.
10:9 – Ҳоланд фойдасига

Тўртинчи раунд – бош билан ўйнай олиш қобилияти
Техникаси юқори бўлган французга ҳаводаги тўп учун курашиб, ортиқча куч сарфлашга ҳожат йўқ, чунки у одатда «сеҳрли» оёқларини ишлатишни афзал билади. Ҳоланд эса иккинчи қаватда жуда яхши имкониятларга эга. У ҳаводаги тўпни боши билан мукаммал тарзда дарвозага жойлаб қўйиши мумкин. Ҳоланд, шунингдек, ҳаводаги курашларда ҳам Килианга қараганда 5 баравар яхшироқ.
10:9 – Ҳоланд фойдасига

Бешинчи раунд – зарбалар
Ҳоланд кучли зарбага эга. Шу туфайли у ортиқча қийинчиликларсиз ҳам дарвозабонларни доғда қолдира олади. Эрлинг ўнг оёғида кучли зарба бера олса, Мбаппе иккала оёғида ҳам бир хил даражада аниқ ва кучли тепиши мумкин.

Статистик маълумотларга кўра, иккала футболчи ҳам, тахминан, бир хил миқдордаги зарбаларни амалга оширади, аммо «Боруссия» футболчисининг деярли 2 баравар кўпроқ зарбалари гол билан якунланади. EA Sports платформаси норвегияликнинг зарбасини кучлироқ деб топди, аммо француз ҳар иккала оёғини ишлата олади.
9:9 – дуранг

Олтинчи раунд – тезлик
Бир вақтнинг ўзида кўплаб манбаларнинг талқинига кўра Килиан дунёнинг энг тезкор футболчисидир. Француз чекланган масофаларда ҳам рақибларини тезлигидан фойдаланган ҳолда доғда қолдириши мумкин. Ҳа, Ҳоланд ҳам анча тезкор футболчи, у ҳам дриблинг пайтида тезлигидан фойдаланади. Аммо Эрлинг Килиандан тезроқ эмас. ФИФА симуляторини ишлаб чиқувчилар ҳам ПСЖ футболчисига бу жиҳатдан катта устунлик берган. Бундан ташқари Мбаппе Чемпионлар Лигасининг сўнгги мавсумида ҳам энг тезкор футболчи деб топилди, Ҳоланд эса ушбу рейтингда тўққизинчи ўринда қайд этилди.
10:9 – Мбаппе фойдасига

Еттинчи раунд – узатмалар
Статистикага кўра Париж клуби футболчиси ҳар бир учрашувда ўртача 10 тадан кўпроқ узатма беради ва буни сезиларли даражада аниқ амалга оширади. Килиан вазиятларни яратишда ҳам жуда моҳир, шерикларига тез-тез ёрдам беради ва ҳар қандай даражадаги мураккаб пасларни ижро этади.
10:9 – Мбаппе фойдасига

Фото: Twitter
Саккизинчи раунд – футболчининг жамоа ҳужумида тутган ўрни
Ҳоланд «Боруссия»нинг ҳужумларида ниҳоятда фойдали. У ўткир пасларни амалга оширади, баҳсли вазиятларда ҳам енгиб чиқиб, шерикларини тўп билан таъминлайди. Жарима майдончасида ҳам жуда фаол ва айнан шу туфайли кўп ҳолларда 11 метрлик зарбаларни ишлаб олади.

Мбаппе ҳам жамоавий ўйин борасида Ҳоланддан асло қолишмайди. Пенальтилар ишлашда-ку Ҳоланддан ҳам устунроқдир. Унга нисбатан кўпроқ фол ишлатишади. Ушбу параметрда француз 2 баравар яхшироқ.
10:8 – катта устунлик Мбаппе фойдасига

Тўққизинчи раунд – футболчининг жамоа ҳимоясида тутган ўрни
Ҳоланд «қора ишлар»дан қочмайдиган жуда меҳнаткаш футболчи. Норвегиялик майдоннинг ҳар бир қаричида тўп учун кураш олиб боради, рақиблари ҳаракатларини олдиндан ўқийди. У «подкат»ларда ҳам ажойиб ҳаракат қилади. Умуман олганда, Ҳоланд ҳақиқий жамоавий ўйинчидир. Гарчи статистикага кўра Мбаппе тез-тез тўпни рақибларидан тортиб олса-да, Эрлинг зарбаларни тўсиш ва ва тўпни хавфли ҳудуддан узоқлаштириш борасида юқори кўрсаткичларга эга.
10:9 – Ҳоланд фойдасига

Ўнинчи раунд – жисмоний имкониятлар
Килиан ҳар бир ўйинда ўртача 8 километр масофани босиб ўтади. Эрлинг Ҳоланд эса доимий равишда бўш жой қидиришга ҳаракат қилади ва бунинг устига мудофаада ҳам ёрдам беради, шунинг учун норвегиялик ҳар учрашувда 9,5 километр югуриши табиий ҳол. ФИФА симулятори ҳам жисмоний имкониятлар борасида «Боруссия» футболчисини устунроқ қўйган.
10:9 – Ҳоланд фойдасига

Фото: УЕФА
11-раунд – совринлар
Айни пайтда Килианда 13, Эрлингда эса атиги 3 та соврин бор. Ҳоланд, албатта, бир неча йил ичида кўплаб совринларга эга чиқади. Балки, у Норвегия терма жамоаси билан мундиалда ғалаба қозонмас, аммо миллий чемпионатларда 4 марта ғалаба қозониши эҳтимоли юқори. Албатта, бунинг учун у кучлироқ жамоага ўтиши керак бўлади.
10:9 – Мбаппе фойдасига

Ўн иккинчи раунд – шахсий совринлар
Норвегиялик ўзининг биринчи мукофотини 2018 йилда қўлга киритган. Ўшанда у ўз мамлакатнинг энг яхши ёш спортчиси деб топилганди. 2019 йилда эса Австрия Бундеслигасининг энг яхши футболчиси ва ёшлар ўртасидаги Жаҳон чемпионатининг энг яхши тўпурари бўлган. 2020 йил Ҳоланднинг фаолиятидаги энг муваффақиятли йил бўлди: у Норвегиянинг энг яхши спортчиси ва футболчиси деб тан олинди ва кўплаб нашрлар талқинига кўра йил жамоасидан ўрин олди. Шунингдек, Эрлинг ортда қолган йилда Golden Boy мукофотига ҳам сазовор бўлди.

Худди шу соврин 2017 йилда Килианга топширилган эди. Унинг шахсий мукофотлари қуйидагича: 18/19 йилги мавсумда Лига 1 нинг энг яхши ўйинчиси, Франция чемпионатининг уч карра энг яхши ёш футболчиси. Шунингдек, Мбаппе уч бор Франция чемпионатининг рамзий жамоасига кирган. Яна икки мартадан Чемпионлар Лигаси ва ФИФА рамзий жамоаларидан ҳам ўрин олган. Ва, албатта, 2018 йилги «Олтин тўп» учун курашда 4-ўринни қўлга киритганини алоҳида таъкидлаш лозим.
10:9 – Мбаппе фойдасига

Фото: Twitter
12-раунд – трансфер нархи, даромад ва машҳурлик
Французнинг трансфер нархи 180 миллион еврони ташкил қилади. У айни дамда дунёнинг энг қиммат футболчи бўлиб турибди. 2018 йилда ПСЖ унинг учун «Монако»га 145 миллион евро берган. ПСЖга келишдан олдин Килиан 35 миллион еврога баҳоланганди.

Ҳоланд учун «Боруссия» атиги 20 миллион евро тўлаган. Унинг ҳозирги нархи эса 100 миллион евро. Шунингдек, Мбаппенинг маоши ҳам Ҳоландникидан 2,5 баравар кўпроқ. Instagram ва Twitter’да ҳам Килианнинг обуначилари қарийб 10 бараварга кўпроқ.
10:9 – Мбаппе фойдасига

14-раунд – терма жамоа
2019 йилнинг сентябрь ойигача Ҳоланд Норвегия ёшлар жамоасида ўйнарди. Аммо у мамлакат бош жамоасидаги дастлабки ўйинларданоқ ақл бовар қилмас статистикани намойиш этмоқда: 7 учрашув, 6 та гол ва 1 та голли узатма. Мбаппе эса Франция таркибида 39 ўйин ўтказиб, 16 та гол ва 13 та ассистни амалга оширган. Аммо Килиан 19 ёшида Эрлингдан фарқли ўлароқ, мундиалда ғолиб чиққанди. У ўшанда 4 та гол уриб, жамоа қаҳрамонларидан бирига айланган. Ўша мусобақада Мбаппе энг яхши ёш ўйинчи бўлиш билан бирга рамзий жамоага ҳам киритилган.
10:9 – Мбаппе фойдасига

15-раунд – мослашиш
Норвегиянинг «Молде» клубидан Австриянинг «Зальцбург»ига кўчиб ўтган Ҳоланд дастлабки 10 ўйинда Австрия чемпионатида 12 та гол урди, улар орасида 2 та ҳет-трик ҳам бор эди. Шундан сўнг у Чемпионлар Лигасида 7 учрашувда 10 та гол урди ва бутун дунёни ўзига қаратди. Кейинчалик «Боруссия»га йўл олган Ҳоланд Бундеслига доирасида икки учрашувда 5 та гол уради. Эрлинг – мослашишнинг намунасидир.

Фото: Twitter
Мбаппе даставвал «Монако»да захира ўриндиғида ўтирарди ва фақат иккинчи мавсумдан бошлаб ўйин амалиётига эга бўлган. 16/17 йилги мавсумда футболчи Чемпионлар Лигасининг дастлабки 9 учрашувида 6 та гол уради. Голларнинг барчаси плей-офф ўйналарида киритилган: «Манчестер Сити», «Боруссия» ва «Ювентус». Ўшанда «Монако» сенсацион тарзда мусобақанинг 1/2 финалига қадар етиб келганди. ПСЖда у дастлабки 10 учрашувда «гол+пас» тизимида 4+4 очко қайд этган. Франция терма жамоасида эса у 4 учрашувда 4 та голли узатма берган.
10:9 – Ҳоланд фойдасига

Фото: Getty Images
Ўн беш раунд якунларига кўра Мбаппе 144:139 ҳисобида ғалаба қозонди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.