Ўзбекистонда бир кунда қарийб 100 нафар мактаб ўқувчиси рулда ушланди

Улашиш:

23 май куни мамлакат миқёсида Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати томонидан ўтказилган кенг кўламли рейд натижасида 98 та ҳолатда мактаб ёшидаги вояга етмаганлар автомашина бошқараётгани аниқланди. Бу ҳақда ЙҲХБ хизмати расмий баёнот берди.

Маълумотларга кўра, барча ҳолатлар бўйича ҳуқуқбузарликка чек қўйилди, автомобил ҳайдаган ўқувчилар ва уларнинг ота-оналарига нисбатан маъмурий чоралар кўрилди. Ушбу ҳолатлар “Сўнгги қўнғироқ” байрами муносабати билан назоратнинг кучайтирилган пайтида қайд этилди.

Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати мактаблар атрофи ва ўқувчилар кўп тўпланадиган жойларда назорат кучайтирилганини маълум қилди. Ҳар йили кузатиладиган бу каби ҳолатлар келгусида йўл-транспорт ҳодисаларига сабаб бўлиши мумкинлиги таъкидланмоқда.

Ички ишлар вазирлиги ота-оналарга мурожаат қилиб, уларни болаларини назорат қилишга, ҳайдовчилик гувоҳномасига эга бўлмаган ёшларга автомашина топширмасликка чақирди. Қонунчиликка мувофиқ, бундай ҳаракатлар наfaqat болалар, балки уларнинг ота-оналари учун ҳам жавобгарликка сабаб бўлади.

Аввалроқ Тошкент шаҳар ИИББ раҳбарияти тўй кортежларига хизмат кўрсатувчи автосалон ва ижара компаниялари вакиллари билан учрашув ўтказиб, айнан вояга етмаганлар томонидан авто бошқариш ҳолатлари муҳокама қилинган эди. Тегишли хизматлар болаларга авто бошқаришни амалга ошириш учун шароит яратиб бераётган шахсларга нисбатан ҳам чора кўришни режалаштирмоқда.

Мутасаддилар таъкидлашича, болаларнинг рульга ўтириши нафақат қонунбузарлик, балки ҳафвсизлик нуқтаи назаридан ҳам катта хавф солади. Бу каби ҳолатларнинг олдини олишда нафақат давлат идоралари, балки ота-оналар ва жамиятнинг умумий масъулияти муҳим аҳамиятга эга.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.