Энди чақирув электрон тарзда амалга оширилади

Улашиш:

Ўзбекистонда фуқароларни армияга чақириш жараёни рақамлаштирилмоқда — энди чақирув электрон шаклда амалга оширилади. Бу ҳақда Мудофаа вазирлиги бошқарма бошлиғи Темур Нарзиев маълум қилди.

Электрон чақирув хабари фуқароларга Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали юборилади. Хабарнома my.gov.uz мобил иловасининг «Хабарлар» бўлимида акс эттирилади. Чақирилувчи бу хабарномани олганидан сўнг туғилганлик гувоҳномаси, паспорт ва ҳарбий ҳисоб ҳужжатлари билан белгиланган муддатда ўз ҳудудий мудофаа бўлимига етиб келиши шарт.

Айни пайтда тизим тест режимида ишлаётгани боис, қоғоз шаклидаги чақирув қоғозлари ҳам вақтинча сақлаб қолинмоқда.

Шу билан бирга, контракт асосида ҳарбий хизматга киришни истаган фуқаролар учун ҳам ЯИДХП орқали ариза топшириш имконияти яратилган. Бу орқали сунъий тўсиқлар, ортиқча оворагарчилик ва коррупциявий ҳолатларнинг олди олинади.

Мудофаа тизимидаги психологик саралаш синовлари ҳам тўлиқ рақамлаштирилган — номзод тестни якунлаши билан натижаларни дарҳол мониторда кўриш имконига эга. Қоғоз ва трафарет асосидаги усуллар бутунлай бекор қилинган.

Янги электрон тизимлар орқали чақирув жараёни шаффоф, тезкор ва фуқаролар учун қулай тарзда ташкил этилмоқда — бу Мудофаа вазирлигидаги рақамли ислоҳотларнинг яна бир амалий натижасидир.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.