Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги зўравонликка учраган болалар ҳақидаги «Ҳаққим бор» қисқа метражли фильмини тақдим этди. Фильм болаликдаги зўравонликнинг оғир оқибатларини кўрсатиш билан бирга, жамиятни бу муаммога бефарқ бўлмасликка чақирмоқда.
27 май куни Тошкентдаги Cinematica кинотеатрида бўлиб ўтган фильмнинг премьерасида агентлик раиси биринчи ўринбосари Шаҳноза Мирзиёева шахсан иштирок этиб, лойиҳанинг асосий ғояси ва мақсади ҳақида маълумот берди. Унинг сўзларига кўра, фильм орқали жамиятга муҳим бир чақириқ — “Болалар дардини эшитинг, уларга овоз беринг!” — етказилмоқда.
«Ҳаққим бор» фильми реал воқеалар асосида суратга олинган бўлиб, у зўравонликка учраган уч нафар боланинг ҳаёти орқали муаммонинг кенг кўламини очиб беради. Ҳар бир ҳикоя турли шаклдаги зўравонлик ва катталарнинг сукути натижасида юзага келган оғир оқибатлар ҳақида. Уй, мактаб ва боғча каби болалар хавфсиз бўлиши керак бўлган маконлар, аксинча, улар учун оғриқ ва қўрқув манбаига айланади.
Фильм ижодкорлари таъкидлашича, бу лойиҳа нафақат кинематографик асар, балки эзгу мақсад — зўравонлик қурбони бўлган болаларга овоз бериш уринишидир. Фильмнинг «Ҳаққим бор» деб номланиши ҳам ҳар бир боланинг овозга, ҳимояга ва қўрқмасдан яшаш ҳуқуқига эгалигини англатади.
Мазкур фильм Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг болаларни зўравонликдан ҳимоя қилиш борасидаги кенг қамровли миссиясининг бир қисми сифатида амалга оширилган. У нафақат таълим ва тарбия муассасаларида, балки бутун жамиятда бу масалага жиддий ёндашиш кераклигини яна бир бор эслатади.