Президент Шавкат Мирзиёев йўллардаги видеокамералар фақат қоидабузарларни жазолаш учун эмас, балки ҳаракатни бошқариш ва хавфсизликни таъминлаш воситасига айланиши лозимлигини таъкидлади. 16 июнь куни ўтказилган йиғилишда у йўл видеокузатув тизимига нисбатан ёндашувни қайта кўриб чиқиш зарурлигини билдирди.
«Бу камералар фақат жарима ёзиш учун эмас, тирбандлик ва аварияларни олдин олиш, ҳаракатни оқилона бошқариш учун хизмат қилиши керак», – деди давлат раҳбари.
Йўлларда 80 фоиз ўлим – асосий трассаларда
Президент сўзларига кўра, сўнгги йилларда йўл инфратузилмасини яхшилашга катта маблағ ажратилган – 2017 йилдан буён 61 триллион сўм. Шунга қарамай, ўлим билан тугайдиган йўл-транспорт ҳодисаларининг 80 фоизи республика ва халқаро аҳамиятга эга трассаларда содир бўлмоқда. Мирзиёев бу ҳолатни «ўта хавотирли» деб баҳолади ва масъул идораларни танқид қилди.
Ислоҳотлар бор, натижа кўринмаяпти
Йиғилишда давлат раҳбари жамоат транспорти ва рақамли лойиҳалар борасида ҳам кескин фикрлар билдирди. Унинг таъкидлашича, йирик шаҳарларда тирбандликлар давом этмоқда, жамоат транспорти сифатидан фуқаролар ҳануз норози. «Ислоҳотлар ҳақида йиллар давомида гапирилади, лекин халқ натижани кўрмаяпти», – деди у.
Ақлли светофорлар ва сунъий интеллект ҳали ҳам қоғозда
Президент транспорт соҳасида жорий этилиши керак бўлган технологиялар – ақлли светофорлар, интерактив йўл белгиларини жорий қилиш ва сунъий интеллект асосида ҳаракатни бошқариш лойиҳалари секин амалга оширилаётганини ҳам танқид қилди. Масалан, Тошкентда сунъий интеллект асосидаги тизим бир неча йил аввал тақдим этилган, аммо ҳануз жорий этилмаган.
Ҳукумат янги қарорлар қабул қилди
Йиғилиш ортидан ҳукумат томонидан қатор амалий қарорлар ҳам қабул қилинди. Улар қуйидагиларни қамраб олади:
Йўл белгиларини янгилаш ва тўғри ўрнатиш
Қоидабузарликларни қайд этиш камераларидан оқилона фойдаланиш
Кўчаларда таъмирлаш ва тартибга солиш ишларини яхшилаш
Мазкур чоралар йўл ҳаракати иштирокчилари ўртасида ишончни ошириш ва зиддиятли вазиятларни камайтиришга қаратилган.