Эндиликда айрим ҳуқуқбузарликлар учун фақат огоҳлантириш билан чекланиш мумкин

Улашиш:

Олий Мажлис Қонунчилик палатасида «Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш ҳақида»ги қонун лойиҳаси биринчи ўқишда муҳокама қилинди. Унда “Маъмурий огоҳлантириш” институтини жорий этиш таклифи илгари сурилди.

Депутатлар қайд этишича, айрим хорижий давлатлар тажрибасида маъмурий ҳуқуқбузарликлар учун фақат жарима билан жазоламасдан, оғзаки ёки ёзма огоҳлантириш чораси қўлланади. Бу усул, айниқса, ҳуқуқбузарликни биринчи марта содир этган фуқароларни тарбиявий жиҳатдан таъсирлашда ва келгусида бундай ҳолатларнинг олдини олишда самарали ҳисобланади.

Шунинг учун қонун лойиҳасида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 28-2-модда билан тўлдирилиб, йўл ҳаракати хавфсизлигига оид баъзи ҳуқуқбузарликлар учун “Маъмурий огоҳлантириш” жазоси жорий этилмоқда.

Огоҳлантириш қўлланиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарликлар:

  1. 125-модда – транспорт воситаларидан фойдаланиш қоидаларини бузиш (қаъмар тақмаслик, техник кўрикдан ўтказмаслик, етарли жиҳозларсиз ҳайдаш ва бошқалар);

  2. 128-1-модда – автоуловни бошқариш вақтида телефондан фойдаланиш;

  3. 128-2-модда – ҳайдаш пайтида монитор ёки экранлардан фойдаланиш;

  4. 128-6-модда – нотўғри тўхташ ёки тўхтаб туриш қоидаларини бузиш;

  5. 135-1-модда – мажбурий суғурта қилиш талабларига риоя этмаслик;

  6. 138-модда – пиёдалар ёки йўл ҳаракати бошқа иштирокчиларининг қоидаларни бузиши.

Бу чора, фақат ҳуқуқбузарликни биринчи марта содир этган фуқароларга нисбатан қўлланилади ва йил давомида бир мартагина амалга оширилиши мумкин.

Янги норма йўл ҳаракатида ҳуқуқий маданиятни ошириш, кичик камчиликлар учун қатъий жарималар ўрнига огоҳлантириш билан ижтимоий таъсир кўрсатишга қаратилган.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.