Тошкентдаги «Sputnik Ўзбекистон» матбуот марказида мамлакатимиз миллий терма жамоасининг «Жаҳон чемпионати – 2026» мусобақасига йўлланма олгани муносабати билан матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда жамоа бош мураббийи Тимур Кападзе иштирок этди.
Матбуот анжуманида Кападзе жамоанинг бўлажак рақиблари ҳақида тўхталар экан, мусобақага жиддий тайёргарлик кўрилаётганини таъкидлади:
— Ҳеч ким энг кучли жамоалар жойлашган гуруҳга тушишни хоҳламайди. Аммо биз ҳеч кимдан қўрқмаймиз. Бу — биз учун биринчи жаҳон чемпионати. Ўз имкониятларимизни намоён этишимиз керак. Асосийси, футболчилар жисмонан тайёр ва руҳан кучли бўлишлари шарт. Бизга курашишга тайёр жамоа керак, — деди у.
Кападзега кўра, фақат гуруҳдан чиқиш эмас, балки имконият бўлса, плей-офф босқичига етиб бориш ҳам жамоа олдида турган вазифалардандир.
Инфратузилма ва тиббий таъминот: ижобий ўзгаришлар бор
Мутахассис Ўзбекистондаги футбол инфратузилмасига ҳам тўхталиб ўтди. Унга кўра, кейинги йилларда бир қанча ижобий ўзгаришлар амалга оширилган, бироқ камчиликлар ҳам йўқ эмас:
— Илгарилари тўп, форма ва машғулот майдонлари етарли эмасди. Ҳозир вазият анча яхшиланди. Бироқ ҳар бир клубда тўлиқ инфратузилмага эга база бўлиши шарт. Масалан, миллий база 2025 йил сентябрда очилиши кутилмоқда. Бу — катта ютуқ, — дея таъкидлади Кападзе.
Шунингдек, у футболчиларни тиклаш ва уларга тиббий ёрдам кўрсатиш масаласига алоҳида эътибор қаратди:
— Замонавий футболда массажчи, физиотерапевт, нутрициологлар жуда муҳим. Улар ҳар куни футболчилар билан ишлаши шарт. Бир куни тунда, соат учда уқалаш хонасига кирдим — мутахассислар ҳали ҳам ишда эди. Бу кўзга ташланмайдиган, аммо натижага жиддий таъсир кўрсатадиган омил, — деди у.
Терма жамоанинг янги базасида тўлиқ тиббий блок ташкил этиш режалаштирилгани ҳам маълум қилинди.
Иқлим ва мусобақага мослашиш
Бош мураббийнинг қайд этишича, жаҳон чемпионати АҚШ, Канада ва Мексикада ўтказиладиган бўлгани боис, иқлим ва вақт фарқи жамоа учун жиддий синовга айланиши мумкин.
— Биз аллақачон БААдаги ўйинлар орқали юқори намликка мослашишни бошладик. Жаҳон чемпионатига ҳам олдиндан боришни режалаштирганмиз — камида бир ҳафта, яхшиси икки ҳафта аввал. Жамоа тайёргарлик кўриши ва иқлимга кўникиши учун энг мос жой танлаймиз, — деди мураббий.
Унинг айтишича, терма жамоа олдиндан йиғилишини таъминлаш учун Ўзбекистон футбол ассоциацияси ва ФИФА билан ички чемпионат тақвими бўйича келишувлар олиб борилади.
Матбуот анжумани якунида Кападзе ўзбекистонлик футбол ишқибозларини жамоага ишонишга ва уни қўллаб-қувватлашга чақирди.