Хоразмда ноқонуний диний мактаб фаолияти фош этилди

Улашиш:

Хоразм вилояти Хонқа туманида рухсатсиз равишда болаларга диний таълим бериб келган ноқонуний ўқув муассасаси аниқланди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати маълум қилди.

Тергов маълумотларига кўра, 44 ёшли маҳаллий аёл ўз қизи билан биргаликда уйида 16 нафар вояга етмаган болани тўплаб, уларга диний таълим берган. Ҳолбуки, уларнинг ўзлари ҳам тегишли диний маълумот ва рухсатномага эга бўлмаган. Ўқиш учун ҳар бир бола учун ота-оналардан 1 миллион сўм миқдорида пул олинган.

Энг ташвишлиси, ўқишни яхши ўзлаштира олмаган болалар доимий равишда калтакланган ва таҳқирланган. Ушбу ҳолат юзасидан ташкилотчиларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 110-моддаси (вояга етмаган шахсни қийнаш) бўйича жиноят иши қўзғатилди. Шунингдек, динни ўқитиш тартибини бузганлик учун Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 241-моддаси асосида баённома расмийлаштирилди.

Шу билан бирга, болаларнинг ҳуқуқлари ва хавфсизлиги таъминланмагани учун уларнинг ота-оналарига нисбатан ҳам тегишли тартибда жавобгарлик чоралари кўрилди.

Эслатиб ўтамиз, яқинда Андижон вилоятида ҳам шунга ўхшаш ҳолат қайд этилган эди — ўз уйининг ертўласида 20 га яқин болага антисанитария шароитида диний таълим берган шахс қонунга мувофиқ жазоланган.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.