Сиз сукут сақлаш ҳуқуқига эгасиз... Янги Конституцияда “Миранда қоидаси” институтининг мустаҳкамланди

Улашиш:

Чет эл фильмларида кўп кўрганмиз, бирор жиноятчини ушлашса, унинг ҳибсга олиниш асослари ва у қанақа ҳуқуқларга эгалиги тушунтирилади. Ўша ҳибсга олиш ёки ушлаш чоғидаги “сиз сукут сақлаш ҳуқуқига эгасиз, айтган гапларингиз судда ўзингизга қарши ишлатилиши мумкин ва сиз адвокат ёллаш ҳуқуқига эгасиз”, деган жумлалар деярли ҳаммамизнинг ёдимизда қолган. Бу оддий бир жумладек кўриниши мумкин, лекин бу халқаро даражада умумэътироф этилган қоида ҳисобланади ва унинг юриспруденциядаги ўрни беқиёс. Айнан шу “Миранда қоидаси”нинг асосини ташкил этади. Мазкур қоида АҚШда юзага келган юридик норма бўлиб, унга кўра жиноят содир этишда гумон қилинувчи шахсни ушлаш чоғида ва сўроқ қилишдан олдин унга процессуал ҳуқуқлари тушунтирилиши керак.

Аксарият ҳолатларда гувоҳи бўламиз, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан шахс қўлга олинганда, у нима учун ушлангани ва қандай ҳуқуқларга эга эканлиги унга тушунтирилмайди, унинг ҳуқуқлари таъминлаб берилмайди.

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ўз номидан кўриниб турибдики, уларнинг асосий вазифаларидан бири ҳуқуқларни муҳофаза қилиш ҳисобланади. Шундай экан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг ўзлари томонидан бировнинг ҳуқуқларининг бузилиши жуда уятли ва оғриқли ҳолат. Шахсни ушлаш чоғида унга тушунарли тилда унинг ҳуқуқлари ва ушлаб турилиши асослари тушунтирилиши, у исталган вақтда сукут сақлаш ҳуқуқидан фойдаланиши, ҳар бир шахс жиноят процессининг ҳар қандай босқичида, шахс ушланганида эса унинг ҳаракатланиш эркинлиги ҳуқуқи амалда чекланган пайтдан эътиборан ўз танловига кўра адвокат ёрдамидан фойдаланиши буларнинг ҳаммаси шахснинг ҳуқуқи ҳисобланади. Шахснинг юқорида санаб ўтилган ҳуқуқлари айнан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан ушлаш ва тергов жараёнида бузилади ёки хавф остида қолади.

Шахснинг сукут сақлаш ҳуқуқи инсон ҳуқуқларига оид нуфузли халқаро ҳужжатларда ҳам акс этган. Мазкур кафолат Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисидаги халқаро пактнинг 14-моддасидаги “ўзига ўзи қарши кўрсатув беришга ёки ўзини айбдор деб тан олишга мажбур қилинмаслик” қоидасида янада ривожлантирилган.

Таъкидлаб ўтиш лозимки, “Миранда қоидаси” бугунги кунда барча давлатлар Конституцияси ва қонунларида ҳамда инсон ҳуқуқларига оид халқаро ҳужжатларда умумэътироф этилган норма сифатида белгиланган. АҚШдан ўрнак олиб, қатор давлатлар ўз конституцияларида (Япония, Нидерландия, Испания, Греция, Хорватия, Россия, Грузия, Украина, Қозоғистон, Молдова ва бошқалар) мазкур қоидани мустаҳкамлаб қўйган.

Масалан, АҚШ Конституцияси 5-қўшимчасида бирорта шахс ҳеч бир жиноят иши бўйича ўзига қарши кўрсатма беришга мажбур қилиниши мумкин эмаслиги белгиланган.

Украина Конституциясининг 29-моддаси 4-қисмида “ҳибсга олинган ёки қамоққа олинган ҳар бир шахсга ҳибсга олинган ёки қамоққа олинганлиги сабаблари кечиктирилмасдан хабардор қилиниши, унинг ҳуқуқлари тушунтирилиши ҳамда ҳибсга олинган пайтдан бошлаб ўзини ҳимоя қилиш ёки қонуний ҳуқуққа эга бўлиш имконияти берилиши ва шахс ўзи, оила аъзолари ёки яқин қариндошлари тўғрисида кўрсатув беришдан ёки бирор нарсани тушунтиришдан бош тортгани учун жавобгар бўлмаслиги” белгилаб қўйилган.

Шунингдек, Филиппиннинг 1987-йилги Конституциясида “жиноят содир этганлиги учун тергов қилинаётган ҳар қандай шахс сукут сақлаш ва ўз хоҳишига кўра малакали ва мустақил адвокатга эга бўлиш ҳуқуқи тўғрисида хабардор қилинишига ҳақли” эканлиги қайд этилган.

Япония Конституциясининг 38-моддаси кўра ҳеч ким ўзига қарши гувоҳлик бериши мумкин эмас.

Энди бу давлатлар қаторига Ўзбекистон ҳам қўшилди. Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг бир нечта моддаларида “Миранда қоидаси” нормалари мустаҳкамлаб қўйилди. Жумладан:

Шахсни ушлаш чоғида унга тушунарли тилда унинг ҳуқуқлари ва ушлаб турилиши асослари тушунтирилиши шарт (27-модда).

Гумон қилинувчи, айбланувчи ёки судланувчи ўзининг айбсизлигини исботлаши шарт эмас ва исталган вақтда сукут сақлаш ҳуқуқидан фойдаланиши мумкин. Ҳеч ким ўзига ва яқин қариндошларига қарши гувоҳлик беришга мажбур эмас (28-модда).

Ҳар бир шахс жиноят протсессининг ҳар қандай босқичида, шахс ушланганида эса унинг ҳаракатланиш эркинлиги ҳуқуқи амалда чекланган пайтдан эътиборан ўз танловига кўра адвокат ёрдамидан фойдаланиш ҳуқуқига эга (29-модда).

Жиноят-процессуал қонунчилиги бўйича шахснинг айбли ёки айбсизлигини исботлаш мажбурияти алоҳида масъул мансабдор шахсларга юклатилган. Яъни дастлабки терговда шахсга нисбатан айблов терговчи томонидан эълон қилинади, суд муҳокамасида эса айбловни прокурор қўллаб-қувватлайди. Айнан шунинг учун ҳам, шахснинг айбли ёки айбсизлигини исботлаш фақат мазкур мансабдор шахслар зиммасида. Гумон қилинувчи, айбланувчи, судланувчи эса исботлаш жараёнида иштирок этишга мажбур эмас. Агар истаса, шахс ушланган вақтидан то ҳукм чиқарилгунга қадар умуман сукут сақлаши мумкин – бу унинг ҳуқуқи ҳисобланади.

Одатда, амалиётда шахс ушланганда ёки унга нисбатан жиноят иши очилганда у оғир руҳий ҳолатга тушиб, ўзини йўқотиб қўяди ва ўз ҳуқуқларини билмайди ёки билса ҳам тўлиқ англай олмайди. Бундай мураккаб руҳий ҳолатда жиноятда айби бор-йўқлигини исботлаш ўзининг эмас, тергов органларининг вазифаси эканини тушунмаган фуқаролар ўзига қарши кўрсатмалар бериши ҳаётимизда кўплаб учраб туради, афсуски. Айнан шунинг учун ҳам шахс ўзининг айбсизлигини исботлаб бериши шарт эмаслиги ва исталган вақтда сукут сақлаш ҳуқуқидан фойдаланиши мумкинлиги қоидасининг Конституциявий даражада мустаҳкамланиши тергов органлари томонидан шахсни мажбурлаш ёки унга ҳар қандай босим ўтказиш каби салбий ва қонунга хилоф ҳолатлардан ҳимоя қилади.

Фикримизнинг якуни сифатида айтишимиз мумкинки, “Миранда қоидаси” институтининг Конституциявий мустаҳкамланиши жиноят иши холис тергов қилиниши ва тергов органлари томонидан ҳар қандай ғайриқонуний ҳаракатлар ва тақиқланган усуллар қўлланилишининг олдини олади, шахснинг ҳуқуқларини таъминлаб беради. Ушбу қоидага кўра шахснинг ҳуқуқлари у яхши тушунадиган тилда тушунтирилиши талаб этилади. Шунингдек, мазкур қоида ушланган шахсга унинг ҳуқуқлари реал таъминланишини кафолатлайди ва унга нисбатан тергов органлари томонидан алдов, нотўғри маълумот бериш ва бошқа ҳар қандай қонунга хилоф усуллар қўлланилишига йўл қўймайди.

Шунингдек, мазкур қоиданинг Конституциямизда ўз аксини топиши ушбу қоида тўла-тўкис ва сўзсиз қўлланиши учун зарур ҳуқуқий кафолат бўлиб хизмат қилади.

Аббосжон Қўчқоров Адлия вазирлиги қошидаги
 Юристлар малакасини ошириш маркази масъул ходими

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.