“Америка овози” таҳририятида 600 дан ортиқ ходим ишдан бўшатилди

Улашиш:

2025 йил 20 июнь, Вашингтон.
АҚШ Глобал медиа агентлиги (USAGM) томонидан эълон қилинган навбатдаги штат қисқартиришлари натижасида “Америка овози” (Voice of America) таҳририятида 600 дан ортиқ ходим ишдан бўшатилди. Бу ҳақда радиостанция директори Майкл Абрамович расмий баёнот берди.

Қайд этилишича, қисқартиришлар доирасида таҳририятнинг штат сони йил бошидаги кўрсаткичга нисбатан етти баробарга камайган ҳолда, 200 дан кам ходим қолиши кутилмоқда. Ишдан бўшатилган ходимларга 1 сентябргача пуллик таътил берилган.

Абрамовичнинг таъкидлашича, амалга оширилаётган бу жараён “ҳеч қандай аниқ стратегия ва мақсадга эга эмас” ва у АҚШнинг миллий хавфсизлик манфаатларига жиддий зарар етказиши мумкин. Шу боис, “Америка овози” раҳбарияти қисқартиришларга қарши ҳуқуқий тартибда курашишни давом эттиришини маълум қилган.

Қисқартиришлар қандай шароитда амалга оширилди?

Жорий йил 14 март куни АҚШ президенти Дональд Трамп еттита федерал агентликдаги штат бирликларини оптималлаштириш бўйича фармон имзолаган эди. Ушбу агентликлар қаторида USAGM ва унинг таркибига кирувчи “Америка овози” ҳам мавжуд.

Икки кун ўтиб, “The Washington Post” нашри “Америка овози” директори Майкл Абрамовичга таянган ҳолда радиостанция фаолияти тўхтатилгани ҳақида маълум қилди. Мазкур воқеалар фонида таҳририят 1,3 мингдан ортиқ ходимни мажбурий таътилга чиқаришга мажбур бўлган. “Reuters” агентлиги тарқатган маълумотларга кўра, шу каби қисқартиришлар “Озодлик радиоси” (Radio Free Europe/Radio Liberty)да ҳам амалга оширилмоқда.

Ахборот муҳитидаги жиддий ўзгариш

“Америка овози” ва унга алоқадор ахборот ресурслари кўп йиллар давомида хорижий аудиториялар учун АҚШ ташқи сиёсатининг расмий нуқтаи назарини етказишда муҳим ўрин эгаллаб келган. Кенг кўламли қисқартиришлар журналистика соҳаси ва халқаро ахборот алмашинуви учун жиддий оқибатларга олиб келиши мумкинлиги таъкидланмоқда.

Ҳозирда USAGM ва бошқа масъул идоралар томонидан вазиятни барқарорлаштириш юзасидан ишлар олиб борилаётгани маълум қилинди. Яқин ҳафталарда ушбу масала бўйича қўшимча баёнотлар ва режалар эълон қилиниши кутилмоқда.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.