Яқин Шарқда ҳарбий кескинлик: Эрон ядровий объектларига зарба, нефть нархи ошди, АҚШда урушга қарши намойишлар

Улашиш:

Исроил ва АҚШнинг Эрон ҳудудидаги ядровий объектларга ҳаводан зарба бериши Яқин Шарқда кескин ҳарбий эскалацияга сабаб бўлди. Ормуз бўғозининг ёпилиши ва нефть нархининг кўтарилиши билан можаро глобал миқёсда хавотир уйғотмоқда. АҚШда эса урушга қарши намойишлар бошланди.

"Midnight Hammer": Ядровий инфратузилмага зарба

Расмий маълумотларга кўра, АҚШ “Midnight Hammer” деб номланган операция доирасида Эроннинг Фордо, Натанз ва Исфаҳонда жойлашган стратегик объектларига зарба берди. Б 2 стратегик самолётлари Фордодаги ер ости мажмуасига 12 та GBU-57 туридаги ўта кучли бомбаларни ташлади. Шу билан бирга, сув ости кемаларидан 30 га яқин Tomahawk ракета отилди.

Исроил эса Эроннинг етти вилоятидаги ҳарбий объектларга, жумладан Теҳрон яқинидаги ер ости инфратузилмаларига ҳам зарбалар йўллади.

Эрон жавоби: Эвакуация ва ядровий моддани кўчириш

Эрон Мудофаа вазирлиги зарбаларни тасдиқлади. Маҳаллий маълумотларга кўра, ҳужумдан олдин объектлардан ходимлар эвакуация қилинган ва тахминан 400 килограмм бойитилган уран олиб кетилган. Радиоактив ифлосланиш қайд этилмаган.

Ормуз бўғози ёпилиши ва нефть нархининг кўтарилиши

Эрон парламенти зарбаларга жавобан жаҳон нефть савдоси учун муҳим бўлган Ормуз бўғозини ёпиш тўғрисида қарор қабул қилди. Бу глобал нефть бозорида таҳлика уйғотди. Бир баррель нефть нархи 100 долларга яқинлашди, танкерлар Форс кўрфазини тарк эта бошлади. Ҳозирда нарх 76,44 доллар атрофида турибди.

МАГАТЭ ва халқаро муносабатлар

МАГАТЭ раҳбари Рафаэл Гросси зарбалар натижасида ядровий объектлар шикастланганини тасдиқлади. Аммо ер ости инфратузилмасидаги зарар даражасини баҳолаш ҳозирча имконсизлигини маълум қилди.

Россия ва Хитой Эронга қилинган зарбаларни халқаро ҳуқуқни бузиш деб баҳолади. Москва БМТ Хавфсизлик кенгашининг фавқулодда йиғилишини чақиришни талаб қилмоқда. Эрон ташқи ишлар вазири Москвага етиб бориб, Россия билан хавфсизлик соҳасидаги ҳамкорликни кучайтириш зарурлигини таъкидлади.

АҚШда намойишлар ва ижтимоий фаоллик

Воқеалар фонида АҚШда урушга қарши кенг кўламли намойишлар бўлиб ўтди. Нью-Йоркдаги Таймс-скверда акция қатнашчилари президент Трампга қарши чиқиш қилди ва Фаластин халқини қўллаб-қувватлашларини билдирди.


Изоҳ: Яқин Шарқдаги вазият сўнгги ўн йилликларда кузатилмаган даражада кескинлашди. Экспертлар минтақада кенг кўламли уруш бошланиши мумкинлигидан огоҳлантирмоқда. Ўзбекистон ҳукумати фуқароларни Эрон ва Исроилга саёҳат қилишдан вақтинча тийилишга чақирди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.