«Бемисл эскалация». Исроил Эроннинг ракета зарбасига қандай реакция қилиши мумкин ва Теҳроннинг кейинги қадами қандай бўлади?

Улашиш:

Яқин Шарқ яна сўнгги 45 йил давомида бир-бирига қарши турган икки ашаддий рақиб ўртасидаги ҳалокатли уруш ёқасида турибди. Ҳозир — бутун минтақа учун энг хавфли паллалардан бири.

Фото: EPA

1979 йилда шоҳ ҳокимияти ағдарилгач, ислом республикасига айланган Эрон анчадан буён ўзи «сионистик режим» деб атайдиган Исроил давлатини йўқ қилишга ваъда бериб келади. Исроил Эрондаги Ислом инқилоби муҳофизлари корпусини Яқин Шарқда ўз иттифоқчилари ва воситачилари орқали зўравонликни ёйишда айблайди, айрим араб давлатлари пойтахтлари, хусусан, Ар-Риёддагилар бу ёндашувни тўғри қабул қилади.

Теҳрондагилар «Ҳизбуллоҳ» ва Ҳамас етакчилари Ҳасан Насруллоҳ ва Исмоил Ҳаниянинг ўлдирилишига жавоб деб эълон қилган ракета зарбалари — жавобсиз қолдирилиши даргумон. Эроннинг Исроил томонидан жавоб зарбаси берилган тақдирда кейинги кескинлашувга тайёрлиги тўғрисидаги баёноти, афтидан, исроиллик ҳарбийларни тўхтата олмайди, аммо бу Теҳроннинг таҳдидларини жиддий қабул қилмаслик керак дегани эмас.

Буёғига нима бўлиши мумкин?

Исроил ҳам, унинг энг яқин иттифоқчиси АҚШ ҳам Исроил ҳудуди ўққа тутилгани учун Эронни жазолашни ваъда қилмоқда. «Эрон катта тўлов қилади», — деган Исроил бош вазири Бинямин Нетаняҳу.

Эрон апрел ойида Дамашқдаги консулхонасига қилинган ҳужум оқибатида Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг бир неча юқори мартабали зобитлари ҳалок бўлганига жавобан Исроилни ўққа тутганида, ғарбдаги иттифоқчилар қатъийлик билан Исроилни тийилишга чақирганди. Бу сафар ҳам шу каби чақириқлар янгради, аммо аввалги каби баланд овозларда эмас.

Тўғри, АҚШ президенти Жо Байден Исроилнинг Эрондаги ядровий объектлар бўйлаб эҳтимолий зарбасини қўллаб-қувватламаслигини айтди ва АҚШ «исроилликлар билан улар нима қилишлари муҳокама қилиши»ни билдирди.

Шунингдек, Байден G7 давлатлари етакчилари билан маслаҳатлашгани ва уларнинг барчаси Исроил «жавоб беришга ҳақли экани, аммо бу пропорционал жавоб бўлиши лозим» деган фикрдалигини айтган.

«Бу Эрон томонидан мисли кўрилмаган даражадаги эскалация бўлгани кўриниб турибди, — деган АҚШ Давлат департаменти вакили Мэтю Миллер. — Исроил бунга жавоб бериш ҳуқуқига эга. Биз бу жавоб қандай бўлишини муҳокама қиламиз».

Эрон 1 октябр куни учирган ракеталарнинг аксари уриб туширилган

Ҳозирда Исроил ҳарбий кабинетидагилар учун вазминлик биринчи ўринда турмаяпти — айниқса, исроиллик ҳарбийлар Ливанда «Ҳизбуллоҳ»га қарши қуруқлик амалиёти бошлагани ва Яманда ҳусийчиларга зарбалар бераётгани ҳисобга олинса.

BBC’нинг халқаро бўлими муҳаррири Жереми Боуэн апрелдаги зарбадан фарқли ўлароқ, ўшанда Эрон бу ҳақда олдиндан огоҳлантирганди, бу сафар, афтидан, Теҳрон Исроилга жиддийроқ зарар етказишни кўзлаганди. Ва шунга мос равишда, бугунги кунда Исроилдаги вазият ҳам бутунлай бошқача.

Исроилнинг собиқ бош вазири (эҳтимол, кейингиси ҳам) Нафтали Беннет бир кун олдин Х ижтимоий тармоғида кескин оҳангда шундай ёзди: «Бу Яқин Шарқнинг қиёфасини ўзгартириш учун  50 йил ичидаги энг катта имконият». У Исроил «бу террорчилик режимига ажалвор жароҳат етказиш» учун Эроннинг ядровий объектларига зарба бериш лозим деб ҳисоблайди.

Афтидан, Нетаняҳу ҳукумати ўзини тиймоқчи эмас ва ҳарбийлар Эронга зарба бериш ёки бермасликни эмас, қанчалик вайронкор зарба беришни муҳокама қилади.

Бундан ташқари, «Ҳизбуллоҳ»га қарши амалиётнинг илк ҳафталарида Теҳрон ўзининг «биринчи мудофаа чизиғи»дан маҳрум бўлди, деб ҳисоблайди Боуэн. Гуруҳ бошсиз қолган, ўзи жанговар қобилиятини бутунлай йўқотмаган бўлса-да, Исроил ва АҚШ маълумотларига кўра, унинг қуролларининг ярми яксон этилган.

BBC’нинг хавфсизлик масалалари бўйича шарҳловчиси Фрэнк Гарднернинг қайд этишича, «Моссад»нинг саъй-ҳаракатлари ва АҚШнинг сунъий йўлдош разведкаси маълумотлари эвазига Исроил мудофаа армияси Эрондаги нишонларнинг анча кенг рўйхатига эга. Уларни шартли равишда уч тоифага ажратиш мумкин.

Биринчиси — Эрон қуролли кучлари. Дастлабки ва яққол нишонлар Эрон баллистик ракеталар учирадиган базалар — учириш майдонлари, бошқарув марказлари, ёнилғи сақлаш жойлари ҳамда ўқ-дорилар яширилган бункерлар бўлади. ЦАҲАЛ оддий базалар билан чекланмаслиги ҳам мумкин: Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси базалари, шунингдек, ҳаво ҳужумидан мудофаа тизимлари ва бошқа ракета батареялари ҳам зарба остида қолиши эҳтимоли бор. Шунингдек, Исроил Эрон ракета дастурига алоқадор бўлган муҳим шахслар ёки армия ҳамда Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси раҳбарияти аъзоларига ҳам аниқ зарбалар бериши мумкин.

Иккинчи тоифа — Эрон иқтисодиёти инфратузилма объектлари. Булар нефт-кимё корхоналари, энергетика объектлари, кемалар турадиган ҳудудлар ва портлар ҳам бўлиши мумкин. Аммо бу ҳолда иқтисодий нишонлар бўйлаб зарбалар оддий фуқароларга жиддий зарар етказиши ҳамда мамлакатда ватанпарварлик кайфиятини кучайтириши эҳтимолини ҳам инобатга олиш керак бўлади.

Учинчи тоифа — Эрон ядро дастурига алоқадор объектлар. Атом энергияси бўйича халқаро агентлик аллақачон Эронда уранни бойитиш ҳажми фуқаролик энергетикаси учун зарур бўлганидан сезиларли даражада ошиб кетаётганини аниқлаган. Исроил эса анчадан буён Теҳронни ядровий қурол яратишга ҳаракат қилишда гумонлайди. Бу тоифадаги нишонлар рўйхатидан Эроннинг Парчиндаги ҳарбий ядро дастури маркази, Теҳрон, Бенаб ва Рамсардаги тадқиқот реакторлари, шунингдек Бушер, Нетенз, Исфаҳон ва Фирдавсийдаги йирик объектлар ўрин олиши мумкин.

Исроил штабидагилар учун муҳим вазифа Эроннинг жавоб чораларини ва уларга қарши туриш имкониятларини тўғри ҳисоблаш бўлади. Теҳрондагилар Исроил бўйлаб ракета зарбалари ўз мақсадларига эришгани ва бу қарама-қаршиликда «ҳисобни тенглаштиргани», шунинг учун, агар Исроил Эрон бўйлаб зарбалар йўллайдиган бўлса, кейинги жавоб янада кучлироқ бўлишини билдирган.

«Бу бизнинг имкониятларимизнинг фақат бир қисми», — деган Эрон президенти Маъсуд Пизишкиён. Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси ҳам жим турмаган ва шундай деган: «Агар сионистик режим Эроннинг амалиётига жавоб қайтарса, уни ҳалокатли зарбалар кутади».

Эрон Исроилни ҳарбий йўл билан тор-мор эта олмайди: унинг ҳарбий-ҳаво кучлари ва ҳаво ҳужумидан мудофаа кучлари Ғарб ва Исроилнинг замонавий ҳарбий техникалари билан кураша оладиган ҳолатда эмас. Бунда ўнлаб йиллардан буён амалда бўлган иқтисодий санкцияларнинг ҳам ўрни бор.

Аммо Эрон катта миқдордаги баллистик ва бошқа ракеталар ҳамда дронларга эга, шунингдек, бутун Яқин Шарқ минтақасида кўплаб ҳарбийлашган тузилмаларни у ёки бу шаклда назорат қилади. Кейинги ракета зарбалари нишони ҳарбий объектлар эмас, балки Исроилнинг аҳоли яшовчи ҳудудлари бўлиши мумкин. Эрон томонидан қўлланадиган айирмачиларнинг 2019 йил Саудия Арабистонидаги нефт объектларига ҳужумлари унинг қўшнилари бундай ҳужумлар қаршисида нақадар ожизлигини кўрсатиб қўйганди.

Ислом инқилоби муҳофизлари корпусининг Форс кўрфазида ҳаракатланувчи ҳарбий-денгиз кучлари кичик, лекин тезюрар ракетали катерларнинг йирик флотилиясига эга, бу флотилия тўлиқ куч билан ҳужумга ўтганда Американинг мазкур ҳудуддаги 5-флоти мудофаасини ёриб ўтиши ва унинг кемаларига жиддий зарар етказиши мумкин. Шунингдек, Эрон жаҳон нефт экспортининг бешдан бир қисми ўтадиган Ҳўрмуз бўғозини миналаштириши оғир оқибатларга олиб келади.

АҚШнинг Форс кўрфазида, Кувайтдан Уммонга қадар бўлган ҳудудлардаги ҳарбий базалари ҳам Эрон ракеталари нишонига айланиши эҳтимоли бор. Теҳрон аллақачон агар ўзига зарба берилса, бунга жавобан нафақат Исроилни, балки ўзига ҳужум учун алоқадор деб ҳисоблаган ҳар қандай мамлакатга жавоб зарбалари йўллашини эълон қилган.

Кўринишидан, президент Байден шундай сценарийга тайёр туриш учун минтақага яна бир жанговар авиаташувчи гуруҳни юбориб, Теҳронга шуни тушунтирмоқчи бўлмоқда: Исроилга зарба, АҚШга ҳам зарба деб ҳисобланади.

«Шуни ёдда тутинг, Қўшма Штатлар Исроилни тўлиқ қўллаб-қувватлайди», — деган Байден. Энди савол шундаки, Исроил ва унинг ортидан Эрон бу баёнот ростлигини синаб кўрадими?

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.