Эрон–Исроил: «жин кўзадан чиққани» айтилмоқда

Улашиш:

29 январга ўтар кечаси Эрондаги ҳарбий инфратузилма объектларида кучли портлашлар содир бўлди.

Шаҳид Салимий шаҳрида двигатель мойи ишлаб чиқарувчи йирик завод ёниб кетган. Исфаҳондаги ҳарбий ўқ-дори заводига дрон ҳужуми амалга оширилган. Яна бир қатор ҳудудларда портлашлар кузатилган, ҳатто пойтахт Теҳрондаги ҳукумат биноларига ҳужум уюштирилгани айтилмоқда.

Эрон мудофаа вазирлиги биргина Исфаҳондаги ҳарбий объектга ҳужумни тасдиқлаб, учта дрон зарарсизлантирилганини маълум қилган, аммо ҳужум ким томонидан уюштирилганини очиқламаган.

Араб матбуоти сўнгги ҳодисаларни шарҳлар экан, Исроил Эрон ҳарбий инфраструктурасига зарба бериш учун ҳарбий амалиёт бошлагани ҳақида ёзган.

AP агентлиги тахминига кўра ҳам, ҳужум ортида Исроил турибди.

Reuters агентлиги ҳарбий объектларга ҳужумлар Эрон ва Исроил ўртасидаги азалий ихтилофнинг давоми бўлиши мумкин деган фикрда.

Яқин Шарқ бўйича эксперт Михаил Шрайбман ҳам Эрон ҳудудига Исроил ҳарбий ҳаво кучлари бомба ёғдирди деб ҳисоблайди.

Исроил расмийлари сўнгги ҳужумларни зиммасига олгани йўқ. Аммо бош вазир Бенямин Нетаняҳу Эронга ҳужум бошланишидан бир неча соат аввал мамлакат ушбу тунда терроризмга қарши қаратилган тезкор чоралар кўриши ҳақида баёнот бергани маълум.

Исроил раҳбари бу баёнотни Қуддусда амалга оширилган зўравонлик актлари манзарасида берган бўлса-да, Эрондаги сўнгги ҳодисалар илдизи Тель-Авивга бориб тақалиши мумкин.

Эрон ҳамда Исроил кўп йиллардан буён бир-бирига нисбатан уруш ҳолатида яшамоқда. Исроил расмий Теҳрон ядро қуролига эга бўлишга жуда яқин келган деб ҳисоблайди. Шунга кўра, яҳудий давлати гоҳ ошкора, гоҳ парда ортидаги ҳужумлар орқали ушбу мамлакатнинг ядро дастурини йўққа чиқаришга уринмоқда.

Таҳлилчилар кеча тунда амалга оширилган ҳужумлар «дастхат»и муқаддам уюштирилган диверсияларга уйғун эканига эътибор қаратмоқда.

2021 йил апрель ойида Эроннинг Натанз шаҳрида жойлашган ядро иншоотида портлаш содир бўлган эди. Оқибатда уранни бойитиш дастури жиддий зарба кўрган. Натанз иншоотини тиклаш учун камида тўққиз ой вақт керак бўлиши айтилган. The New York Times нашри портлаш Исроил томонидан амалга оширилган деган хулосага келган.

2020 йил 27 ноябрь куни Теҳрон яқинида Эрон ядро дастурининг раҳбари Муҳсин Фахризода ўлдирилган. Маълум бўлишича, М.Фахризода ҳаракатланаётган автомобиль масофадан туриб бошқарилган «FN MAG» пулемётидан ўққа тутилган. Бир тонналик конструкция Эрон ҳудудига қисмларга бўлган ҳолда олиб кирилган ва қайта йиғилган. Робот қотил Эронда кенг тарқалган Zamyad автомобилига ўрнатилган. Автомобиль Фахризода доим ўтадиган йўлда кутиб турган ва унинг машинаси яқинлашиши билан масофадан туриб ўқ ёғдирган. Нишон маҳв этилгач, машина портлатиб юборилган.

«Эрон ядро соҳасининг отаси» дея таърифланган олимнинг ўз ватанида ўлдирилиши расмий Теҳронни дарғазаб қилган. Кейинроқ ушбу қотиллик ҳам Исроил махсус хизмати томонидан амалга оширилгани юзага чиқди.

Тель-Авив расмийлари Эронга қарши уюштирилган операцияларни очиқ тан олмайди. Аммо Исроил разведкаси – «Моссад»нинг собиқ раҳбари Йоси Коэн 2021 йилда ОАВга берган интервьюсида жосуслик хизмати томонидан сўнгги йилларда Эронга қарши амалга оширилган диверсион операциялар ҳақида илк бор очиқ гапирган эди. У Исроил махсус хизматининг Муҳсин Фахризоданинг ўлимига алоқадор эканини на тан олган, на рад этган. Аммо эронлик олим кўп йиллардан буён «Моссад”нинг нишонида бўлгани, чунки унинг ядро физикаси бўйича билимлари хавотир уйғотганини қайд этган. Йоси Коэн Натанз ядро объектида рўй берган аварияга ҳам Исроилнинг алоқадор эканига ишора қилган.

Исроилнинг Эронга нисбатан муросасиз позицияда экани икки муҳим жиҳат билан изоҳланади.

Биринчидан, яҳудий давлати Эроннинг уранни бойитиш дастури айнан ядро қуролига эга бўлишга қаратилган деб ҳисоблайди. Тель-Авив эҳтимолий хатарни инобатга олиб, ушбу дастурга ҳар қандай йўл билан бўлса-да барҳам бериш лозим деган қатъий фикрда.

Иккинчидан, Теҳроннинг Сурия, Ироқ, Ливан ва Яманга кучли таъсири, мазкур давлатлардаги гуруҳларга ҳарбий-сиёсий дастак бериши Исроил томонидан миллий хавфсизликка таҳдид дея баҳоланади.

Эрон раҳбариятининг «яҳудий давлатини ер юзидан супириб ташлаш» ҳақидаги баёноти ҳам реал пўписа ўлароқ қабул қилинади. Шунга кўра Исроил сўнгги бир неча йил ичида доимий ихтилофда бўлган араб подшоҳликлари билан дипломатик муносабатларни қайта йўлга қўяётган бўлса-да, Теҳрон билан ҳамон ғанимона позицияда.

Таҳлилчиларнинг хавотир билан қайд этишича, томонлар ўртасидаги яширин уруш тобора ошкора тус олмоқда. Сўнгги ҳужумлар ҳам «жин кўзадан чиққани»ни англатаётгандек. Икки давлат ўртасида росмона уруш чиққудек бўлса, нафақат Яқин Шарқ, балки бутун дунё учун жиддий хатар юзага келиши мумкин. Исроилнинг ядро қуролига эга экани, Эроннинг эса шу йўлда фаол ҳаракат қилаётгани инобатга олинса, ўзаро тўқнашувнинг оқибатлари даҳшатли бўлиши тайин. Аммо, хайриятки, ҳозирча томонлар очиқ урушгача бормайди деган некбин қараш устун.


C.Салим
2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.