ДХХ Telegram орқали гиёҳванд моддалар сотган гуруҳни қўлга олди

Улашиш:

Ўзбекистон Давлат хавфсизлик хизмати (ДХХ) томонидан Telegram мессенжери орқали синтетик наркотик моддаларни тарқатиш билан шуғулланган наркогуруҳ фаолиятига чек қўйилди. Андижондаги 53 та яширин манзилга модда жойлаштирган 6 нафар шахс ушланди. Улар Ўзбекистоннинг 7 та ҳудудида фаолият юритган.

Тошкент вилоятида ўтказилган операция натижалари

ДХХ маълумотларига кўра, Оҳангарон шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирда наркодўконга алоқадор 5 нафар фуқаро (1999–2004 йилларда туғилган) 400 граммдан ортиқ «Альфа-ПВП» туридаги синтетик гиёҳванд моддаси билан қўлга олинди. Моддалар ҳар бири 0,3 граммлик қадоқларда тайёрланган ва Андижон вилоятида тарқатилиши режалаштирилган эди.

53 та “тайник”дан наркотик моддалар чиқди

Ушланган шахслар кўрсатмасига кўра, Андижон вилоятидаги 53 та хуфия жойга жойлаштирилган 0,3 граммлик моддалар расмийлаштирилган ҳолда олинди.

Гуруҳ раҳбари ҳам ушланди

Операция давомида наркодўкон оператори вазифасини бажарувчи шахс – 2003 йилда туғилган, Андижон вилоятининг Избоскан туманида яшовчи фуқаро – Тошкент вилояти Янгиҳаёт туманида қўлга олинди. Унга тегишли автомашинадан 986 грамм гашиш ва 7 килограмм «Альфа-ПВП» моддаси топилди.

Ўзбекистон бўйлаб фаолият

Тергов маълумотларига кўра, наркогуруҳ аъзолари гиёҳванд моддаларни контрабанда орқали Ўзбекистонга олиб кириб, қуйидаги ҳудудларда тарқатиш билан шуғулланган:

  • Тошкент шаҳри

  • Тошкент вилояти

  • Андижон

  • Фарғона

  • Наманган

  • Самарқанд

  • Бухоро

Жиноий иш қўзғатилди

Ҳозирда гуруҳ аъзоларига нисбатан Жиноят кодексининг 25,273-моддаси 5-қисми — гиёҳванд моддаларни кўп миқдорда тарқатишга суиқасд — бўйича жиноят иши қўзғатилган. Барча гумонланувчилар қамоққа олинган ва тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Ушбу ҳолат Telegram ва бошқа онлайн платформалар орқали амалга оширилаётган гиёҳвандлик савдоси ортида уюшган гуруҳлар турганини яна бир бор кўрсатди. Давлат хавфсизлик идоралари томонидан бундай жиноятларга қарши кураш қатъий тарзда давом эттирилмоқда.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.