iPhone 17 тақдимоти санаси сентябрда бўлиши мумкин

Улашиш:

Apple'нинг янги авлод флагман смартфони — iPhone 17 тақдимоти 2025 йил 8–12 сентябрь орасида ўтказилиши мумкин. Бу ҳақда Bloomberg нашрининг инсайдери Марк Гурман маълум қилди.

Унинг сўзларига кўра, Apple одатда янги iPhone тақдимотларини АҚШдаги Меҳнат байрамидан кейинги ҳафтага белгилайди. 2025 йилда мазкур байрам 1 сентябрга тўғри келаётгани учун, тақдимот катта эҳтимол билан 9 ёки 10 сентябрда (сешанба ёки чоршанба) бўлиб ўтади.

Гурман шунингдек, Apple жума кунларини камдан-кам ҳолларда танлашини ва 11 сентябр санасидан огоҳлик билан четлаб ўтишини таъкидлади. Шу боис, тақдимот санаси сифатида 9 сентябр (сешанба) ёки 10 сентябр (чоршанба) кунлари тахмин қилинмоқда.

Охирги ўн йил ичида ўтказилган iPhone тақдимотларига назар ташланса, уларнинг аксарияти айнан шу кунларга тўғри келган: ўтган ўнта тақдимотдан бештаси сешанба куни, учтаси эса чоршанба куни бўлиб ўтган.

Айни пайтда Apple iPhone 17 серияси ҳақида расман ҳеч қандай маълумот бермаган. Аммо турли манбаларга кўра, янги моделда дизайн янгиланиши ва сунъий интеллектга мўлжалланган технологиялар интеграция қилиниши кутилмоқда.

Шу билан бирга, “iPhone 17 Air” номли енгилроқ ва арзонроқ модель ҳам кузда тақдим этилиши мумкин. Бу смартфон тўрт хил рангда — қора, оқ, оч кўк ва оч сариқда намоён бўлади. Таниқли инсайдерлар Majin Bu ва Fixed Focus Digital'нинг хабар қилишича, ушбу модель Apple тарихидаги энг ингичка iPhone бўлади.

iPhone 17 Air орқа панелда ягона асосий камера, ягона динамик ва нисбатан кичик батарея билан жиҳозланади. Дизайндаги ранглар ва енгиллик концепцияси фойдаланувчига қулайлик беришга қаратилган.

Apple расмий равишда тақдимот санасини ҳали эълон қилмаган бўлса-да, инсайдерлар томонидан берилган ушбу маълумотлар айни куз мавсумидаги янги моделлар чиқишини тасдиқлаётгани билан аҳамиятлидир.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.