Бу монополия эмас. Комил Алламжонов ҳайдовчилик гувоҳномасига имтиҳон топшириш учун Ягона имтиҳон марказ очганини тасдиқлади

Улашиш:

Ўзбекистон Масс-медия жамоат фонди Васийлик кенгаши раиси Комил Алламжонов ҳайдовчилик гувоҳномасини олишга имтиҳонларни топшириш учун Ягона имтиҳон марказини очгани ҳақидаги маълумотни расман тасдиқлади.  

"Айтмоқчиманки, бугунги кундан бошлаб йўлларда бахтсиз ҳодисалар ва ўлим сонини камайтириш учун курашни бошлайман. Мен инсон омили, қариндошлик, танишлар ва коррупция бўлмаган юқори сифатли ва самарали имтиҳон марказини яратишга муваффақ бўлганимдан фахрланаман. Бу монополия эмас, бу ёрлиқни менга ёпиштиришга уринманг. Ҳукумат шундай қарор қабул қилди ва мен фуқаро сифатида ушбу имкониятдан фойдаланиб, лицензия олдим ва тизимни татбиқ этдим", - деди у.

Унинг сўзларига кўра, бунда манфаатлар тўқнашуви йўқ.

"Мен ушбу қарорнинг қабул қилинишини илгари сурганим йўқ. Биз илгари тайёрлаган кўрсатмаларимиз ва энг яхши ўқув дастурларидан фойдаландик. Бу бозор аслида очиқ. Лекин унда алдашга ўрин йўқ. Имкониятлар мавжуд холос. Янги муассасалар очилсин, самарали ишласин ва пулларини ҳалол топсин. Фақат ҳайдовчилик гувоҳномасини сотадиган дўконга айланмаса бўлгани. Мен жамоатчиликни ушбу масалага эътибор қаратишга, юқори сифатли ва коррупциясиз тизимни шакллантиришни ўз назоратига олишга чақираман",-дея қўшимча қилди Алламжонов.

Шунингдек, у ҳайдовчилик гувоҳномасини осонгина олишни истаганларга қарата - ўқинг, билим олинг, кўчада эмас, балки ҳайдовчилик мактабида машина ҳайдашни ўрганинг ва сизга сифатли таълим берилишини талаб қилинг, дея маслаҳат берган.

"Бунинг сабаби оддий- агарда ўқимасангиз, ким бўлишингиздан қатъи назар энди билимсиз ҳайдовчилик гувоҳномасини ололмайсиз. Автомактаблар, бундай лойиҳаларни саботаж қилишни тўхтатинг, турли хил "дарчалар"ни қидирманг. Бунинг ўрнига ҳар-бир талабани имтиҳонга пухта тайёрланг. Фақат шу орқали фойда кўрасиз. У кунлар ўтди", - дея таъкидлади у.

"Мен Комил Алламжонов бу курашда фаол иштирок этишни ўзимнинг фуқаролик бурчим деб билдим. Ишончим комилки, сиз мени қўллаб-қувватлайсиз", - дея қўшимча қилди у.

Ҳайдовчилик гувоҳномаси имтиҳонлари бўйича Ягона имтиҳон маркази 3 февраль куни очилди. Имтиҳон топшириш учун марказ сайтидан рўйхатдан ўтиш, имтиҳон топшириш санасини танлаш, сўнгра бориб назарий саволларга жавоб бериш ва амалий қисмдан ўтиш- автодромда ҳайдаш керак бўлади.

Ушбу иккита ҳаракат муваффақиятли бажарилган тақдирда, сизга сертификат берилиб, шу асосда ЙҲҲББ ёки Давлат хизмати марказларида ҳайдовчилик гувоҳномасини олишингиз мумкин.

Имтиҳон нархи 100 минг сўм (назария учун 50 минг сўм ва амалиёт учун 50 минг сўм).

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.