«Энди пули ёки таниш-билиши борлар эмас, фақат билими борларгина рулга ўтиради» — ИИВ ўринбосари

Улашиш:

Тошкентда 3 февраль куни ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун имтиҳон топшириш бўйича Тошкент имтиҳон маркази иш бошлади. Бу ҳақда «Дарё» хабар берди.

Ушбу марказ ҳайдовчилик гувоҳномасини олишга номзодлар назарий ва амалий тест синовларидан иборат автоматлаштирилган имтиҳон мажмуаси саналади. Унда фуқароларнинг билими инсон омилисиз баҳоланади, бутун бошли жараён автоматлаштирилган ҳамда шаффоф эканлигини кўриш мумкин. Тадбирнинг очилиш маросимида сўзга чиққан ички ишлар вазири ўринбосари, жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғи Бекмурод Абдуллаев имтиҳонлар тўлиқ инсон омилидан холи тарзда, автоматлаштирилган электрон тизим орқали қабул қилиниши ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий ва амалий имтиҳонларни топшириши жараёнидаги коррупцион ҳолатларга чек қўйишини билдирди.

«Энди тасаввур қилинг, агар имтиҳон тизими шаффоф ва адолатли бўлса, фақат ўқиган ва етарли малакага эга фуқароларгина ҳайдовчилик гувоҳномасини олса-ю, қолганлар ёппасига имтиҳондан йиқилишни бошласа, бу бизга нима беради? Биринчидан, бу тескари занжир реакциясини ҳосил қилади ва автомактабларда таълим сифати ошишига олиб келади. Чунки ҳозир автомактаблар асосан нархнинг арзон ва қимматлиги бўйича рақобатлашмоқда холос. Кўпчилик фуқароларни ҳам автомактаблар маъмуриятини ҳам таълим сифати унчалик ўйлантираётгани йўқ. Лекин эндиликда имтиҳондан пул, таниш-билиш орқали топширишнинг имконини қила олмагач, ўз-ўзидан ўқишга мажбур бўлади, масъулиятсиз автомактаблар эса ёки ишини йиғиштиради ёки сифатли таълим беришни бошлайди», дейди вазир ўринбосари.

Абдуллаевнинг таъкидлашича, фақат етарли билим ва малакага эга ҳайдовчиларга гувоҳнома берилишни бошлагач, йўлларда ҳайдовчилик маданияти ошади, йўл-транспорт ҳодисалари камаяди. Аксарият нохуш ҳолатлар айнан билимсизлик ортидан юзага келаётгани таъкидланди.

«Хулоса қилиб айтганда, энди пули ёки таниш билиши борлар эмас, фақат билими борларгина рулга ўтиради, йўлга чиқади. Биз бундан бошқасига рози эмасмиз ва бунга йўл ҳам қўймаймиз», дейди жамоат хавфсизлиги департаменти бошлиғи.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.