Футбол тарихидаги энг қиммат трансфер янгиланиши мумкин. Парижнинг «ПСЖ» клуби англиялик ёш истеъдод Коул Палмерни харид қилиш учун тайёргарлик кўрмоқда. Fichajes'нинг хабар беришича, француз гранди 23 ёшли яримҳимоячи учун €250 миллион сарфлашга тайёр.
Бу таклиф амалга ошса, у тарихдаги энг катта трансферга айланади. Ҳозирги рекорд ҳам «ПСЖ»га тегишли — 2017 йилда Неймарни «Барселона»дан €222 миллионга олиб келишган эди.
Қизиғи, Неймар ўз вақтида «ПСЖ»га қарши муҳим ўйинда порлаган, худди шундай ҳолат яқинда Палмер билан ҳам кузатилди. Унинг юқори ўйин савияси ва катта ўйинлардаги таъсири парижликларнинг эътиборини тортган.
Коул Палмер 2023 йилда «Манчестер Сити»дан «Челси»га €47 миллионга ўтган ва 2033 йилгача шартнома имзолаганди. «Челси» сафида у 97 учрашувда майдонга тушиб, 43 гол ва 29 ассистга муаллифлик қилган.
Ҳозирча музокаралар расман бошланмаган, аммо ПСЖнинг қарори жуда жиддий. Агар келишув амалга ошса, Палмер нафақат янги клуб, балки бутун футбол дунёсидаги трансфер бозорининг марказига айланади.