Бахмалда 3 кун ичида иккита ажримнинг олди олинди

Улашиш:

ДХА Жиззах вилоят бошқармаси томонидан ташкил этилган сайёр қабулларнинг бирида кекса онахон мурожаат билан келди.

Вояга етмаган қизимни турмушга бермоқчиман. “Тенги чиқса, текин бер” деган мақол бор биласиз. Узатмоқчи бўлган хонадонимиз эгалари яхши бамаънигина. Мени ҳам ёшим катта, тўйини қилиб кетсам дегандим. Қизимни ёши етмаяпти. Никоҳдан ўтишига ёрдам бер жон ука, - дейди суҳбат чоғида онахон.

Ўйга толасан киши, наҳотки она ҳали вояга етмаган, бунинг устига катта ҳаёт нималигини тасаввур қила олмайдиган қизини ўз қўли билан ўзга хонадонга ишониб топширса.

Ажримларнинг кўпайиб бораётгани биринчи навбатда ота-онага, унинг орзу-истакларига бориб тақалмаяптимикин? Тўғри, кўзи ёруғлигида фарзандини уйли-жойли қилиб кетишни ҳамма она истайди. Лекин унинг келажакдаги тақдиричи?

Оила, рўзғор, қайнона, эр муносабатларини тушунмайдиган қиз, ўзга бир хонадонга қандай мослашиши мумкин?

Бахмал туман ФҲДЁ бўлими томонидан эндиликда 4 та сектор раҳбарлари билан ҳамкорликда оилавий ажримларни олдини олишга қаратилган ишлар бошлаб юборилди. Энг аввало ёш оила вакиллари ва  уларнинг ота-оналари билан суҳбат олиб бориш бу амалиётнинг энг бошланғич самараси деб бемалол айтишимиз мумкин.

Ажрим ёқасига келиб қолганлар билан алоҳида ишланмоқда. Амалиёт бошланганига 3 кун бўлди лекин шу муддат ичида 2 та ажримнинг олди олинди.

Туманда 8 ой давомида жами 73 та оиланинг тақдири ажрим билан якун топган. Бўлим мудираси, маҳалла фаоллари, сектор раҳбарларининг аралашуви билан 4 та ажрим ёқасидаги оиланинг яраштирилишига эришилди.

Оила муқаддас даргоҳ. Шундай экан, оила қураётган ёшлар буни чуқур ҳис қилмоғи лозим.

 

Дилафрўз Жаниқулова  - Бахмал туман ФҲДЁ бўлими мудираси

 

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.