“Дўстлик оҳанглари” гала-концерти — миллатлараро ҳамжиҳатлик байрами

Улашиш:

30 июль — Халқаро дўстлик куни арафасида Тошкент шаҳридаги Касаба уюшмалари санъат саройида “Дўстлик оҳанглари” номли гала-концерт бўлиб ўтди. Ушбу тадбир “Дўстлик” фестивалининг марказий воқеаларидан бири сифатида ташкил этилди.

Концертда Озарбайжон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Туркия ва Ўзбекистон санъати усталари иштирокида юксак бадиий даражадаги чиқишлар намойиш этилди. Мусиқий дастурларда турли миллатлар рақс ва куй-қўшиқлари янгради, миллий маданий марказлар томонидан тайёрланган кўргазмалар томошабинларда катта таассурот қолдирди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Миллатлараро муносабатлар ва хориждаги ватандошлар масалалари бўйича қўмита раҳбар ва ходимлари, хорижий меҳмонлар, дўстлик жамиятлари ҳамда миллий маданий марказлар вакиллари иштирок этди.

Бу галги концерт нафақат дўстлик ва ҳамжиҳатлик руҳини улуғлади, балки кўп миллатли халқимиз маданияти ва инсонпарвар қадриятларини яна бир бор ёрқин намоён этди. “Дўстлик” фестивали доирасида 25–31 июль кунлари мамлакат бўйлаб ўтказилаётган тадбирлар юртимиздаги миллатлараро тотувлик, бағрикенглик ва ўзаро ҳурмат муҳитини янада мустаҳкамлашга хизмат қилмоқда.

Маълумки, БМТ Бош Ассамблеясининг қарорига мувофиқ, 30 июль – бутун дунёда Халқаро дўстлик куни сифатида нишонланади. Ўзбекистонда ушбу сана 2021-йилдан бери кўтаринки кайфиятда, миллий ҳамжиҳатлик ва дўстлик рамзи сифатида нишонланади. Қўмитанинг ташаббуси билан бу йилги “Дўстлик” фестивали турли ҳудудларда фаолият юритаётган ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилиб, жамоатчиликнинг кенг қатламларини қамраб олмоқда.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.