Гоҳ радиода, гоҳо телевизорда бўлсин, Ўзбекистон халқ артисти Маъмуржон Тўхтасинов ижросидаги қўшиқ янграганида қулоқларга хуш ёқади. Ундаги ажиб сеҳр нафақат вужудимизда, балки жон томиримизда сел каби оқади, cўз ва соз сеҳридан сархуш бўламиз. Фарғона вилояти Олтиариқ тумани Янгиқўрғон қишлоғининг ҳофиз яшаган уй олдида бизни хонадоннинг ўзи каби оддий, гул чеҳрасига айрилиқ, соғинч ва ҳаёт синовлари ўз изини қолдирган муштипаргина Қимматхон Тўхтасинова очиқ чеҳра билан кутиб олди. Бу аёлнинг 56 йиллик босиб ўтган умр йўли ҳам унинг ўзбек аёлига хос нафосату назокатини ўғирлай олмаган. Оддийгина, аммо барча гўзал хислатларни ўтириш-туришида, кийинишида, нигоҳларида, қўйингки, жисму жонидаю, муомаласига жо қила олган бу аёлга таҳсин айтгим келади...
– ЭШИТИШИМЧА, МАЪМУРЖОН ТЎХТАСИНОВНИНГ ОТАСИ ҲАЛИ У ОНАСИНИНГ ҚОРНИДАЛИГИДАЁҚ ЎЗБЕКИСТОН ХАЛҚ ҲОФИЗИ МАЪМУРЖОН УЗОҚОВДАН ТУҒИЛАЖАК БОЛАСИ ЎҒИЛ БЎЛСА, ОТИНИ МАЪМУРЖОН ҚЎЙИШГА РОЗИЛИК ОЛГАН ЭКАН. КЕЙИНЧАЛИК БИР ТЎЙДА 3 ЁШЛИ КИЧИК МАЪМУРЖОННИ ҚЎЛИДАН ЕТАКЛАБ, ҲОФИЗГА ОЛИБ БОРИБ: «ШУ БОЛА УЛУҒ САНЪАТКОР БЎЛСИН», ДЕЯ ДУОСИНИ ОЛГАН ЭКАН. ШУ ҲАҚДА ЭШИТГАНМИСИЗ?
– Ҳа, кўп эшитганман. 1958 йилда дадам (қайнотам демоқчи) Тошкентда, педагогика институтининг немис тили факультетида ўқиб юрган кезлари экан. Ўша пайтда қайнона-қайнотамнинг икки боласи бўлиб, учинчи фарзандини кутаётган эканлар. Чойхонада халқ ҳофизлари Маъмуржон Узоқов ва Жўрахон Султонов сўрида қўшиқ айтиб ўтиришган, менинг билишимча. Қайнотам уларни тасодифан кўриб қолиб, чой ташиб, хизматларини қилган. Шунда улар қайнотамни дуо қилишган. Ўша пайтда ҳавас қилиб, ўғил кўрсам отини Маъмуржон қўяман, деб ният қилган ва ниятларига етган...
Биз у киши билан битта жойда, «Беклар» маҳалласида туғилиб ўсганмиз. У киши мана шу уйда, биз эса тўртта уй наридаги ҳовлида яшардик.
– БИРГА ЎЙНАБ-ЎСГАНИНГИЗ УЧУН БИР-БИРИНГИЗНИ ЯХШИ БИЛАР ЭКАНСИЗЛАР-ДА?
– Йў-ўқ, мен уйимизга совчи бормагунча кўчамизда шундай йигит яшашини билмаганман. Бўлмаса уйларимиз бир-бирига шундоққина кўриниб туради. Чунки у киши туманимиз марказидаги 1-сонли рус тилига ихтисослаштирилган ўрта мактабда таҳсил олган. Мен эса қишлоғимиздаги 4-сонли мактабда ўқиганман. Энди ўйласам, кичкиналигимизда ҳар тонг у киши бу томонга, мен бошқа тарафга мактабга кетган эканмиз. У пайтларда ҳамма, ҳатто мактаб ўқувчилари ҳам сентябрдан то декабрнинг охиригача пахта теришга кетарди. Қайнсинглим пахтада мени ёқтириб қолган ва ота-онасига келинликка тавсия қилган экан.
1983 йилда 10-синфни тугатаётган кунларим эди. Июнь ойида уйимизга қайнотам совчи бўлиб чиққан. У пайтларда қизларни эрта турмушга беришарди. Ёшимиз орасидаги фарқ саккиз йил эди. Ўшанда онам менинг ёнимга бир расм олиб кириб, «манови бола экан, кўр-чи», деганлар. Бир кўриб, бошқа қарамабман ҳам. Ўша-ўша чиройли сурати кўз олдимда қолган. Жуда чиройли йигит эди...
– РАСМИНИ КЎРИБ РОЗИЛИК БЕРДИНГИЗМИ?
– Йўқ, у пайтлари қиздан розилик сўралмасди, мендан ҳам сўрашмаган. У киши ҳам, қизнинг расмини олиб чиқинглар, деган экан. Ўшанда биз — битирувчи ўқувчилар мактабда виньетка учун расмга тушган эдик. Ўшани олиб чиқиб кўрсатишса, «бўлувради», дебди... Шу билан тўйимиз бўлиб кетди.
– ТЎЙГАЧА УЧРАШУВ БЎЛДИМИ?
– Тўйдан олдин никоҳдан ўтиш учун ариза беришга маҳалламиз бошидаги сельсоветга борганмиз. У кишининг «Москвич» машинаси бор экан. Қайтишимизда бизни уйга яқинроқ жойгача олиб келиб қўйган. Ўшанда ёнимда турса ҳам кўрмаганман, яъни юзига қарамаганман, қарай олмаганман. 17 ёшли қиз эдим, бориб ҳужжатга қўл қўйиб келаверибман.
– ОТА-ОНАНГИЗ АРТИСТГА ҚИЗ БЕРМАЙМИЗ ДЕЙИШМАДИМИ?
– Йўқ, у пайтда артист эмас эди-да. Қўқондаги автомобиль йўллари техникумини тугатиб, маданият уйида ишлаган, кейин ҳарбий хизматга бориб, Тошкентда Икромжон Бўронов раҳбарлигидаги ҳарбий ансамблда Турғун Бекназаров, Муҳриддин Холиқов билан бирга 2 йил хизмат қилган. Санъатга қизиқиши устун келиб, Тошкент маданият институтига ўқишга кириб, 1-босқични тугатаётган пайтлари эди. Мана шу ҳовлида тўйимиз бўлган. Тахталардан ўриндиқ қилиниб, меҳмонларга жой қилинган, бир файзли тўй бўлган.
– ТЎЙДАН КЕЙИН ҲАҚИҚИЙ ОИЛАВИЙ ҲАЁТ БОШЛАНАДИ. БУ ХОНАДОНДАГИ ТУРМУШ ТАРЗИ СИЗНИНГ ОИЛАНГИЗНИКИГА ЎХШАРМИДИ?
– Менинг онам колхозчи бўлиб, Фарғона каналини қазишда иштирок этган аёллардан. Отам деҳқон эди. Бу оиладагилар эса аксинча, ҳаммаси ўқимишли, зиёли, маданиятли одамлар бўлиб, фақат мен ўқимаган эдим. Қайнотам Салим ака Тўхтасинов мактабда немис тилидан дарс берарди. 40 йил шу соҳада ишлаганлар. Қайнонам раҳматли Насибахон ая уй бекаси бўлса ҳам тўн тикиб сотиб, рўзғорга қарашар эди. Жуда оқила аёл бўлганлари учун шу кишига ўхшасин деб, қизимга бувисининг исмларини қўйганмиз. Қайнотам болаларидан аъло ўқишни қаттиқ талаб қилар, қайнонам эса уларнинг ўқиши, юмушларини ўз вақтида бажаришини назорат қилардилар. Кейинчалик қайнсингилларимнинг ҳаммаси ўқитувчи бўлишди. Оила даврасида доимо илмий суҳбатлар, тортишувлар, баҳслар бўларди. Ўшандай пайтларда олий маълумотим йўқлиги учун уларнинг суҳбатига қўшилолмасдан жим ўтирар, ич-ичимдан қийналардим. Қайнотам мени институтда ўқитмоқчи ҳам бўлган. Аммо кетма-кет болаларимиз туғилгач, вақт тополмадим...
– 17 ЁШЛИ КЕЛИНЧАКНИНГ 5 НАФАР ҚАЙНСИНГИЛ БИЛАН МУРОСА ҚИЛИШИ, РЎЗҒОР ИШЛАРИНИ ЭПЛАБ КЕТИШИ ОСОН БЎЛМАГАНДИР?
– Қайнотам овқатга инжиқроқ эди. Шунинг учун овқатни қайнонам тайёрлар, мен бошқа юмушларни бажарар эдим. Ишонасизми, саккиз йилда ошни оби-тобида, қайнотамга ёқадиган қилиб пиширишни ўрганганман. Шунгача қайнонам ош дамларди-ю, «ана энди ошни солиб келаверинг», дерди. Қайнсингилларим эса опа-синглимдай эди, болаларимни катта қилишда кўп ёрдам беришган.
Турмуш ўртоғим жуда кўнгилчан, оғир, босиқ ва тўғрисўз инсон эди. Баъзи эркакларга ўхшаб зиёфату чойхоналарнинг шинавандаси эмас, ишдан бўшаши билан уйга, оиласи, болалари ёнига шошарди. Тўйимиздан 15 кун ўтиб, Тошкентга ўқишга кетди, аммо ҳар жума куни поездда, албатта, уйга келарди. У пайтлари ҳовлимизнинг бир томонида девор йўқлиги боис очиқ дала бўлиб, нима иш билан машғул бўлсам ҳам кўз қиримни шу томонга ташлаб қўярдим. Бир қарасам, жилмайиб келаётган бўларди, ҳозиргача кўз олдимда турибди. Ўқишларини тугатгунча шундай яшадик.
1986 йилда, яъни ўқишни тугатиш арафасида телевидениеда қўшиқлари берилиб, анча танилиб қолди. Бир қизимиз бор эди. Ўғлимнинг туғилиши жуда қизиқ бўлган. У киши биз билан янги йилни кутишга келди, мен эса қайнонам билан туғуруқхонага кетдим. Ўшанда шундай хурсанд бўлганки... У пайтлари эркакларнинг туғруқхонага бориши уят ҳисобланса ҳам қайнотам ва хўжайиним чақалоқни кўргани боришарди. Ўғлимизнинг исмини ўзлари Умиджон деб қўйган.
– ҲОФИЗ КЎПИНЧА ТЎЙЛАРДА, ЭЛ ХИЗМАТИДА ЮРИШИ ТАБИИЙ. ҚЎШИҚЛАРИГА РАҚҚОСАЛАР ЎЙНАГАНИДА, БАЪЗИДА ҲАМКАСАБА АЁЛЛАР УЙГА ҚЎНҒИРОҚ ҚИЛИБ БЕЗОВТА ҚИЛИШСА ҚАНДАЙ ҲОЛАТГА ТУШАРДИНГИЗ?
– Жаҳлим чиқарди, албатта. Аммо ичимга ютардим. Айниқса, 1990 йилда «Яхшилиғ» қўшиғини айтганидан кейин безовта қиладиган аёллар сони кўпайиб кетди. Уйимизга телефон қилиб сўрайверишарди, «чақириб беринг, танишиман», дейишарди. Аммо у киши, «мени уйда йўқ денглар» дер, бирон марта телефон гўшагини ўзи кўтармасди. Аёл бўла туриб, эркак кишининг уйига қўнғироқ қилиб, хотинидан унинг эрини сўрашганига ҳайрон қолардим. Мобил телефон энди урф бўлаётган паллалар эди. Бир куни, ҳатто таниқли шоира аёл Муяссар Отажонова қўнғироқ қилиб, «Маъмуржон борми?» деса, «Нима қиласиз?» дебман. «Нотўғри тушундингиз, шекилли, мен шоираман, шеърларимни бермоқчиман», деса хижолат бўлдим. Унинг кўп шеърларини қўшиқ қилганлар.
– ТУРМУШ ЎРТОҒИНГИЗ УЙГА КЕЧ КЕЛГАН ПАЙТЛАРИДА ШУБҲА ТУФАЙЛИ БОШЛАНГАН ЖАНЖАЛГА ҚАЙНОНА-ҚАЙНОТАНГИЗ АРАЛАШАРМИДИ?
– Йўқ, бизнинг бирон гапимиз хонамиздан ҳовлига чиқмасди. Чунки қайнона-қайнотамнинг салобати, ҳурмати бор эди. Уларга ҳеч нимани сездирмасдик. Катталар бор уйда келиннинг бунақа майда-чуйда гапларни гапириши уят-ку. Ҳозир менинг ҳам уч келиним бор. Улар ҳам олдимда андиша қилишади. Ҳурматимни қилишади. Барибир қайнона-қайнотали уй бошқача бўлади.
Қайнотам фарзандларини назоратда ушлар, ҳаволаниб кетмасин, нотўғри йўлга юрмасин дер, жуда ақлли одам эди. «Келин, агар ўғлимнинг ичиб ёки чекиб келганини сезсангиз, дарров менга айтинг. Айтмасангиз сиздан хафа бўламан», дерди.
– АЙТАРМИДИНГИЗ?
– Нимани айтаман, у кишининг бундай ёмон одатлари бўлмаса... Ўзи ҳам, дўст-ёрлари ҳам жуда яхши одамлар эди.
Қайнакам икки фарзандли бўлганида автоҳалокатга учраб, оламдан ўтди. Бу киши ота-онасининг ёлғиз суянчиғига айланиб қолди. Балки мен келин бўлиб тушгунимга қадар кўп азоб чеккан, тақдир синовларига учраганлиги туфайлидир. Бу киши армиядан келгач, декабрь ойида қўшнимиз қариндошиникига тўйга олиб кетган, қайтишда қуюқ туман бўлганлиги учун шофёр йўлни кўролмай машинани катта зовурга қараб ҳайдаган, натижада қўшним ва яна бир киши оламдан ўтган, икки киши узоқ даволанишдан кейин ҳаётга қайтишган экан. Шулардан бири Маъмуржон ака бўлиб, жарроҳлик операциясида оёғининг эзилган қисмини кесиб ташлагач, икки-уч йилча тўшакка михланган, аммо жони омон қолган, ўнг оёғи калта бўлиб, оқсайдиган бўлган экан.
– ТУЗАЛИБ КЕТГАЧ, ЯНА ТЎЙЛАРГА, ЭЛ ХИЗМАТИГА ЧИҚИБ КЕТГАН-ДА?
– Ҳа, шунда қайнотам, агар қўшиқ айтмоқчи бўлсанг, аввало, институтда ўқийсан, деб шарт қўйган экан. Шундан кейин ўқишга кириб, институтни тугатиб келгач, Олтиариқ маданият уйида бадиий раҳбар, мусиқа мактабида ўқитувчи бўлиб ишлаб, 1997 йилдан «Ўзбекнаво» бирлашмасининг Фарғона вилоят бўлимида яккахон хонанда сифатида фаолият юрита бошлади. Қаерда ишламасин, бир зум ижоддан тўхтамасди. Мумтоз ашулаларни фарғонача ижро услубида куйлаганида одамлар бутун вужуди билан тингларди. Бундан ташқари, «Лайли ва Мажнун», «Шаҳзода ва Малика», «Кеча ва кундуз», «Бобур» видеофильмларида куйлаган мумтоз ва ўзи басталаган ашулалари бетакрор мусиқий асарлардир. Маъмуржон ака меҳнатининг самараси сифатида 1998 йилда Халқаро Бобур мукофоти совриндори бўлди.
– ХОНАНДАНИНГ «ЯХШИЛИҒ» ҚЎШИҒИНИНГ ЎЗИ МУКАММАЛ ИЖРО. ЯРАТИЛГАНИГА 30 ЙИЛДАН ОШГАН БЎЛСА ҲАМ ҲАМОН ҚЎШИҚ ИХЛОСМАНДЛАРИНИНГ СЕВИМЛИ ДУРДОНАСИ ҲИСОБЛАНАДИ. УНИНГ ЯРАТИЛИШ ТАРИХИДАН ХАБАРИНГИЗ БОРМИ?
– Фаттоҳ ака деган яқин инсони Маъмуржон акамни «Ёшлар куйлаганда» концерт дастурига таклиф қилган ва видеофильмга мос овоз эгаларини саралаб юрган режиссёр Мақсуд Юнусовга «Бугун Олтиариқдан бир йигит келади, эшитиб кўринг-чи, сизга маъқул бўлар», дебди. Режиссёрга ҳақиқатан Маъмуржон аканинг қўшиқлари ва овози ёқибди, куйга солиб, тайёрлаб келиши учун ўнга яқин шеър бериб юборибди. У киши ўша шеърларни уйда ўтириб, қўшиқ ҳолатига келтирдилар. Ўзига маъқул бўладиган даражага етгач, аввало, дадамга айтиб берди. Улар билан бирга биз ҳам эшитдик. Қайнотамнинг қулоғига ёққач, оқ фотиҳасини олиб, овоз тасмасига ёздириш учун Тошкентга кетди. Шу аснода «Яхшилиғ» қўшиғи пайдо бўлди.
– ҲОФИЗНИНГ НАФАҚАТ «ЯХШИЛИҒ», БАЛКИ «БУНИ УМР ДЕРЛАР», «НИМА ҚОЛДИ?» КАБИ КЎПЛАБ ҚЎШИҚЛАРИ ЖУДА МАШҲУР.
– У киши унча-мунча шеърни қўшиқ қилишга шошмасди. Кўп китоб ўқир, улар орасида романлар, қиссалар, шеърий асарлар бўлар эди. Шулар ичида ўзига ёқадиган шеър чиқиб қолса, олиб қўяр, вақти келганда куйга соларди. Умрбоқий мавзуларни, дўстлик, инсонийлик, меҳр-оқибат, садоқат ҳақидаги шеърларни яхши кўрарди. Ҳеч қачон тўйбоп қўшиқлар, обрў келтириш учун ашула айтмас эди, янги қўшиқлари ўз-ўзидан одамларнинг кўнглига ёқар ва оммалашиб кетарди.
1998 йилда тошкентлик таниқли бир санъаткор қиз узатаётган экан, тўйга турмуш ўртоғимни таклиф қилди ва у кетди. Ўшанда иккинчи марта автоҳалокатга учради. У вақтда қайнонам оламдан ўтган, қайнсингилларим турмушга чиқиб кетган, қўлимда кичик қизчам, яна тўрт нафар болаларим бор эди. Беш бола билан қаерга бораман?..
Бу гал шофёр йўлдан чиқиб кетиб, бу кишининг оёғи яна ўша жойидан синган экан. Бир ой Тошкентда ётди, шу вақт ичида қайнотам раҳматли икки катта боламни уйда қолдириб, мени ва уч боламни олиб, бир мартагина кўрсатиб келдилар... Бир ойдан сўнг бир амаллаб уйга олиб келишди. Бир йилча қимирламай ётди. Туриш, юриш мумкин эмас эди. Аҳволини кўриб биз чидолмасдик. Лекин шунчалар иродали, сабрли эдики, жони оғриса ҳам бирон марта нолимасди. У кунларни эслашни ҳам истамайман...
Ҳаётнинг ҳар бир ташвиши – синов деганларидек, ўшанда мен у кишининг садоқатли, меҳр-оқибатли дўстлари борлигига гувоҳ бўлганман. Дўстлари ёлғизлатиб қўйишмади. Маҳалла-кўй, таниш-билиш, қўни-қўшнининг ҳам оёғи уйимиздан узилмади. Оқибатли одамлар яшаш учун курашга куч берди. Бир йилдан кейин оёққа тура бошлади, икки йил ўтгач, 2000 йили «Туркистон» санъат саройида концерт берди.
«Сизлар борсангизлар хаёлим бузилади», деб бизни олиб кетмаган. У кишининг бир оғиз сўзи биз учун тиллолардан аъло бўлиб, кўнглимиз шукронага тўла, ҳали тамоман тузалмаган бўлса ҳам саҳнага, умуман ҳаётга қайтганидан хурсанд эдик... Телевизорда томоша қилдик. Концертга шунчалар кўп мухлис келибдики, санъат саройига одам сиғмабди. Ўша йили Ўзбекистон халқ артисти унвонига сазовор бўлди. Бу эътироф ҳофиз учун нафақат мукофот, ҳаётидаги оғир кунлардан кейинги руҳий қўллаб-қувватлаш, катта олқиш, қора булутдан кейин чарақлаб чиққан қуёш каби эди.
– МАЪМУРЖОН ТЎХТАСИНОВ ҲОФИЗ БЎЛМАГАНИДА КИМ БЎЛАРДИ, ДЕБ ЎЙЛАЙСИЗ?
– Шифокор бўларди. Чунки жуда кўп эшитганман: «шифокорлик жуда яхши касб-да», деганини. Балки шифокорларнинг беминнат хизматлари туфайли соғлиғи тикланганлиги учундир. Эҳтимол бу касб эгаларининг одамларга кўпроқ нафи текканлиги сабаблидир.
– ҲОФИЗ МАҲАЛЛА-КЎЙ, ҚЎНИ-ҚЎШНИЛАРНИНГ ТЎЙЛАРИДА ХИЗМАТ ҚИЛГАН БЎЛИШИ ТАБИИЙ. ОЛТИАРИҚДА ХОНАНДАЛАР ЎЗИ ЯШАЙДИГАН ТУМАН АҲЛИ ТЎЙ ҚИЛСА, УЛАРДАН ХИЗМАТ ҲАҚИ СЎРАМАС ЭКАН. БУ ОДАТГА ҚАНДАЙ ҚАРАРДИ?
– Тумандошларимиздан хизмат ҳақи олмасди. Ночорроқ оилалар бўлса, одамлар қистирган пулларини ҳам уй эгасига ташлаб келарди. Хайр-саховатни яхши кўрарди. Буларни ҳам биз одамларнинг уни дуо қилиб, хурсанд бўлиб гапирганидан билардик. Бунақа нарсаларни айтиб бўлмайди, гапирса хайри ҳам қолмайди аслида.
– БУГУН УСТОЗ САНЪАТКОРНИНГ ФАРЗАНДЛАРИ УЛҒАЙИШГАН. УЛАР ОРАСИДА ОТАСИНИНГ ИЗИДАН БОРАЁТГАНЛАРИ БОРМИ?
– Катта қизимиз Адолат кулолчилар оиласига келин бўлиб тушгани учунми, кулол. Қолган болаларимизнинг ҳаммаси санъат соҳасида ишлашади. Ўғилларимиз олий маълумотли: Умиджон 14-болалар мусиқа ва санъат мактабида мусиқа ўқитувчиси, Уйғунжон шу мактабда директор ўринбосари, Ўткирбек Фарғона санъат коллежида мусиқа ўқитувчиси бўлиш билан бирга, ака-сингиллари билан мусиқа ва санъат мактабида ҳам ишлайди. Уларнинг овози ҳам, санъатга қизиқиши ҳам, ҳатто феъл-атвори ҳам отасиникига ўхшайди. Кичкина қизим Насибахон ҳам акалари билан бирга ишлайди, у болаларга дутор чалиш сирларини ўргатади. Ўғилларим эл хизматида, отасининг қўшиқларини айтади, ўзлари янги қўшиқлар яратади. Овозлари тиниқ ва жарангдор. 14 нафар неварамиз орасида санъатга қизиқадиганлари ҳам борлигидан қувонаман. Уйғунжоннинг боласига унга ўхшаб элда азиз инсон бўлсин, деган яхши ният билан бобосининг отини қўйганмиз.
– Умиджон Тўхтасинов «Беклигимни кўрмаган отам» қўшиғини:
Эркаланиб чин суёлмадим,
Кўзингизга термулолмадим,
Зарчопонлар олиб беролмадим,
Пешонамга сиғмаган отам,
Беклигимни кўрмаган отам,
— дея дард билан куйлаган…
– Бу аслида Сайёра Тўйчиеванинг шеъри бўлиб, қайнонам оламдан ўтганидан кейин анча вақт ўтиб, Маъмуржон ака куйлаган «Беклигимни кўрмаган онам» қўшиғидир. Отаси вафот этганида Умиджон уйланиб, эндигина қизчалик бўлган пайти эди. Ҳали бундай айрилиққа тайёр эмасди. Унинг соғинчи дунёларга сиғмади шекилли, жудаям ўртанди. «Онажон, дадамнинг шу қўшиғини отамга бағишлаб айтай», деди. Рози бўлдим. Шояд ҳамма дарди шу қўшиқдаги ноласи билан чиқиб кетиб, бироз енгиллашса, дедим...
– ТУРМУШ ЎРТОҒИНГИЗНИНГ ҚАЙСИ ҚЎШИҒИНИ ЯХШИ КЎРИБ ТИНГЛАЙСИЗ?
– Ҳаммасини яхши кўраман, аммо «Буни умр дерлар» қўшиғини бошқача меҳр билан тинглайман…
Кимдур эшик очар, кимлардур ёпар,
Кимдур малҳам бўлар, кимлардур қопар,
Кимдур сокин дарё, кимлардур чопар,
Буни умр дерлар кундузли, тунли,
Буни умр дерлар, шодлик, қайғули…
Негадир шу қўшиқ менга мадад бераётгандек, иккаламизнинг ҳаётимиз ҳақида сўзлаётгандек, орамиздаги узилмас риштага ўхшайди... Ҳофиз руҳан биз билан биргадек туюлаверади, ҳамиша кўнглимда, ёнимда юргандек...
– ХАЛҚ СЕВГАН ҲОФИЗ МАЪМУРЖОН ТЎХТАСИНОВ БИЛАН ЎТГАН УМРИНГИЗНИНГ ТУРЛИ САҲИФАЛАРИ ҲАҚИДА ГАПИРСАНГИЗ. ЯЪНИ, ҲАР БИРИМИЗНИНГ ҲАЁТИМИЗДА БЎЛАДИГАН ОҚ ВА ҚОРА РАНГЛАР ХУСУСИДА.
– Ёрқин ранглар — Маъмуржон аканинг жисмидан дард бир оз чекинган, у оёққа турган кунлар қувончини ҳеч нарса билан баҳолай олмайман. Ўша кунлари мен яшамадим — гўё осмонларда учиб юрдим. Қора ранглар... 2010 йилда оёқлари оғриб юрганида кутилмаганда шифокорнинг Маъмуржон аканинг жигаридаги давосиз дард ҳақидаги қўрқинчли ташхиси ва орадан олти ой ўтгач содир бўлган даҳшатли воқеа билан боғлиқ...
Одамларнинг меҳру муҳаббатига, ҳурмату эҳтиромига сазовор бўлган халқ севган ҳофиз бугун орамизда йўқ. Аммо у ўзининг юз бора эшитсанг ҳам яна тинглагинг келаверадиган, ширали овози билан мухлисларини сеҳрлаб қўядиган, ҳар гал эшитганингда руҳиятингни санъатнинг бепоён кенгликларига олиб кетадиган ўлмас қўшиқлари билан ҳар бир мухлисининг кўнгил уйида абадий яшайверади. Инсонларни эзгуликка, яхшиликка чорловчи, ўзидан яхши ном қолдиришга ундовчи қўшиқлари эса ҳар бир ўзбек хонадонида, ҳар куни янграйверади.
Саодат Матёқуб қизи суҳбатлашди.
(«Adolat» газетасидан)