Ўзбекистонда 2025 йил август ойи қуруқ ва бироз иссиқ об-ҳаво билан бошланиши кутилмоқда. Бу ҳақда Гидрометеорология хизмати ўз расмий прогнози орқали маълум қилди.
Ой давомида республика бўйлаб ҳарорат асосан кундузи 34–37°C, жанубий ҳудудларда эса 40–41°C атрофида бўлиши тахмин қилинмоқда. Кечалари эса ҳарорат 18–23°C даража атрофида сақланади.
Ойнинг сўнгги ўн кунлигида ҳарорат бираз пасайиб, кундузи 30–35°C, жанубда 36–38°C, кечалари эса 13–18°C даражани ташкил этиши мумкин.
Синоптикларнинг таъкидлашича, августда ёмғир эҳтимоли жуда паст бўлиб, ой асосан қуруқ ўтади. Бу ойнинг ўртача ҳарорати июлга нисбатан 1,5–2,5°C паст бўлиши кутилмоқда. Шу боис, август июл каби чидамсиз даражада иссиқ бўлмайди, бироқ ҳар ҳолда жуда иссиқ ой бўлиб қолади.
Кузатувларга кўра, климат ўзгариши таъсири август ойида ҳам намоён бўлади. Масалан, 1991–2020 йиллар ва 1961–1990 йиллар орасидаги маълумотлар фарқи 1,2–1,5°C ни ташкил қилган.