Яширин диний мактаблар фош этилди: болалар калтакланган, ота-оналар пул тўлаган

Улашиш:

Сурхондарё ва Наманганда ноқонуний фаолият юритган яширин диний мактаблар аниқланди. Уларда болалар хусусий уйларда таълим олган, жисмоний жазога дучор бўлган ва бундан ташқари, ота-оналар ҳар бир бола учун ойига 100 доллар тўлашган.

Ички ишлар вазирлигининг маълум қилишича, Сурхондарёда 25 ёшли фуқаро 9 нафар болани март ойидан бери ўз уйида ўқитиб келган. Видеоёзувда болалардан бири дарс ўзлаштирмагани учун калтакланганини тан олади.

Наманганда эса 58 ёшли шахс июль ойидан буён 17 нафар болага ноқонуний диний таълим бериб, ҳар бир бола учун ота-оналардан 100 доллардан маблағ олган.

Иккала ҳолатда ҳам диний таълим берувчилар ва ота-оналарга нисбатан маъмурий баённомалар расмийлаштирилди.

Аввалроқ шундай ҳолат Фарғона вилоятида ҳам аниқланганди. Давлат хавфсизлик хизмати маълум қилишича, таълим антисанитария шароитида, лицензия ва рухсатномаларсиз олиб борилган.

Тегишли органлар бу каби фаолиятга нисбатан қатъий чора кўришини таъкидламоқда.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.