Лионел Месси Лигалар кубогидаги «Интер Майами» — «Некакса» учрашувининг 11-дақиқасида жароҳат сабабли алмаштирилди. Аргентиналик юлдуз 8-дақиқада икки ҳимоячи билан кураш пайтида ерга йиқилди ва дарддан газонни муштлаб, сўнг захира ўриндиғига йўл олди.
Машҳур футболчи сонининг тиззадан юқори қисмида ноқулайлик ҳис қилгани қайд этилмоқда. Бу ҳақда ўйиндан кейинги интервюда жамоа бош мураббийи Хавер Маскерано маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, Месси оғриқни эмас, балки дискомфортни ҳис қилган. Аниқ ташхис тиббий кўрикдан сўнг маълум бўлади.
Учрашувнинг асосий вақти 2:2 ҳисоби билан якунланди. Пенальтилар сериясида «Интер Майами» ғалаба қозонди — 5:4.
Лигалар кубоги — ҳар йили MLS ва Мексиканинг MX-лигаси жамоалари ўртасида ўтказиладиган мусобақа. Месси ушбу турнирда жамоаси учун муҳим фигура саналади. Шу боис, унинг жароҳати мухлислар ва мутахассислар ўртасида жиддий хавотир уйғотди.
Маълумки, Лионел Месси илгари ҳам чап сони мушагидан жароҳат олган. Март ойида шу жароҳат туфайли Аргентина терма жамоасининг икки учрашувини ўтказиб юборган эди.