Рўзиқул Бердиев ва «Бунёдкор» сардори 5 ўйинга четлатилди, клублар, жанжалга сабабчи бўлган ўйинчиларга чора кўрилди – ЎФА

Улашиш:

Ўзбекистон футбол ассоциацияси Тартиб-интизом қўмитасининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унда сўнгги турлар доирасида бўлиб ўтган учрашувлардаги интизомий ишлар кўриб чиқилди. Хусусан, «Бунёдкор» - «Насаф» (1:1) ўйинидан кейин жанжалга сабабчи бўлганлар жазоланди.

Суперлига

«Бунёдкор» — «Насаф»

Суперлиганинг 6-тури доирасидаги «Бунёдкор» — «Насаф» учрашувининг 33-дақиқасида «Насаф» клубининг 70-рақамли футболчиси Абубакир Ризо Турдиалиев захира ўриндиғидан туриб ён ҳакам шаънига ҳақоратли сўзлар ишлатган учун майдондан четлаштирилган. Бундан ташқари, учрашув якунлангандан сўнг трибуна ости йўлакчасида учрашув ҳакамларига нисбатан тажовузкор хатти-ҳаракат қилиб, такроран ҳакамлар шаънига ҳақоратли сўзлар ишлатган ва оммавий тартибсизликлар вужудга келишига сабабчи бўлган.

Учрашувининг 71-дақиқасида «Насаф» вакили Умар Эшмуродов оёғининг таг қисми билан рақиб ўйинчиси оёғининг ҳимояланмаган қисмига зарба бергани учун майдондан четлаштирилган.

Учрашув якунланганидан сўнг «Насаф» клубининг бош мураббийи Рўзиқул Бердиев бош ҳакам ҳамда майдондаги футболчиларга нисбатан ҳақоратли сўзлар ишлатган, ундан ташқари «Бунёдкор» футбол клубининг 4-рақамли футболчиси Даврон Эргашевга нисбатан майдонда ҳамда трибуна ости йўлакчасида тажовузкор хатти-ҳаракат қилиб, оммавий тартибсизликлар вужудга келишига сабабчи бўлган.

Шуни қайд этиш керак, бу Рўзиқул Бердиев томонидан ўйин расмийлари ва рақибларга нисбатан қўпол муносабатда бўлиши билан боғлиқ биринчиси ҳолат эмас. Профессионал мутахассис ҳамда мураббий сифатида Бердиев ўз шогирдларига ўрнак бўлиши, тартибсизликлар юзага келганда жамоасини тинчлантириши мақсадга мувофиқ бўларди.

«Насаф»нинг бошқа вакиллари — Абдувоҳид Неъматов ва Матеус Лима Круз оммавий тартибсизлик вақтида ўзларини агрессив тутиб, «Бунёдкор» стадионининг футболчилар кириш йўлакчасидаги ойна ҳамда эшикни тепиб, синдириб кетишган. 

Тартиб-интизом қўмитасининг қарорига кўра:

1. «Насаф» футбол клубига нисбатан жарима интизом чораси;

2. Умар Эшмуродовга нисбатан 2та ўйинга четлаштириш интизом чораси;

3. Жамоа бош мураббийи Рўзиқул Бердиевга нисбатан 5та ўйинга четлаштириш ва жарима интизом чораси;

4. Футболчи Абубакир Ризо Турдиалиевга нисбатан 4та ўйинга четлаштириш ва жарима интизом чораси;

5. Футболчилар Абдувоҳид Неъматов ва Матеус Лима Крузга нисбатан жарима интизом чораси қўлланилди.

Қўмита мазкур баҳсда «Бунёдкор» вакиллари томонидан содир этилган ҳаракатларни ҳам кўриб чиқди. Хусусан, ўйин давомида жамоа мураббийи Ҳикмат Ҳошимов огоҳлантиришларга қарамай техник зонага чиқиб, футболчиларга кўрсатмалар бериб борган.

Учрашувнинг 90+7-дақиқасида«Бунёдкор» клубининг 4-рақамли футболчиси Даврон Эргашев урилган голни нишонлаш пайтида мухлислар қаршисида ножоиз хатти-ҳаракатлар қилган ҳамда учрашув якунлангандан сўнг провокацион ҳаракатлар қилиб, ўзини агрессив тутган. Бу эса оммавий тартибсизликлар вужудга келишига сабаб бўлган.

Жамоанинг яна бир аъзоси Усмонали Исмоналиев урилган голни нишонлаш пайтида мухлислар қаршисида ножоиз хатти-ҳаракатлар қилган.

Учрашуви якунлангандан сўнг эса «Бунёдкор» клубининг 14-рақамли футболчиси Аҳмаджон Анваров оммавий тартибсизлик вақтида ўзини агрессив тутиб, рақиб ўйинчисига нисбатан тажовузкор хатти-ҳаракат содир этган.

Тартиб-интизом қўмитасининг қарорига кўра:

1. «Бунёдкор» футбол клубига нисбатан жарима интизом чораси;

2. Жамоа мураббийи Ҳикмат Ҳошимовга нисбатан жарима интизом чораси;

3. Футболчи Даврон Эргашевга нисбатан 5та ўйинга четлаштириш ва жарима интизом чораси;

4. Футболчилар Усмонали Исмоналиев ва Аҳмаджон Анваровга нисбатан жарима интизом чораси қўлланилди.

«Металлург» — ОКМК

Суперлиганинг 6-тури доирасидаги «Металлург» — ОКМК учрашувининг 22-дақиқасида ОКМК футболчиси Санжар Турсунов тўп учун курашиш вақтида оёғининг таг қисми билан рақиб ўйинчисини оёқ қисмига зарба бергани учун майдондан четлаштирилган.

Тартиб-интизом қўмитасининг қарорига кўра, Санжар Турсуновга (ОКМК) нисбатан 2та ўйинга четлаштириш интизом чораси қўлланилди.

«Олимпик» — «Бухоро»

Суперлиганинг 6-тури доирасидаги «Олимпик» — «Бухоро» учрашувининг 54-дақиқасида мезбонлар футболчиси Муҳаммадали Ғиёсов тўп учун курашиш вақтида оёғининг таг қисми билан рақиб ўйинчисининг тизза қисмига зарба бергани учун майдондан четлаштирилган.

Тартиб-интизом қўмитасининг қарорига кўра, Муҳаммадали Ғиёсовга («Олимпик») нисбатан 2та ўйинга четлаштириш ва жарима интизом чораси қўлланилди.

«Пахтакор» — «Сўғдиёна»

Суперлиганинг 6- тури доирасидаги «Пахтакор» — «Сўғдиёна» учрашувининг 7-дақиқасида «Пахтакор» футболчиси Достон Турсунов рақиб ўйинчисининг юз қисмига қўли билан зарба бергани учун майдондан четлаштирилган.

Тартиб-интизом қўмитасининг қарорига кўра, Достон Турсуновга («Пахтакор») нисбатан 3та ўйинга четлаштириш ва жарима интизом чораси қўлланилди.

Про лига

«Локомотив» — «Динамо» 

Про лиганинг 5-тури доирасидаги «Локомотив» — «Динамо» учрашувининг 90+6-дақиқасида мезбонлар футболчиси Манучеҳр Сафаров рақиб ўйинчиси юз қисмига қўли билан зарба бергани учун майдондан четлаштирилган.

Тартиб-интизом қўмитасининг қарорига кўра, Манучеҳр Сафаровга («Локомотив») нисбатан 3та ўйинга четлаштириш ва жарима интизом чораси қўлланилди

2014-2024 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.