«Насаф» вакили ҳакамларни сотиб олишга урингани учун клуб ЎФА томонидан 50 миллион сўм жаримага тортилди

Улашиш:

Ўзбекистон футбол ассоциацияси тартиб-интизом қўмитасининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди. Унга кўра, «Насаф» профессионал футбол клубига нисбатан интизомий чоралар қўлланилди, дея хабар бермоқда ташкилот расмий сайти.

«Насаф» ПФК вакили томонидан клуб манфаатини кўзлаб, 2020 йил футбол мавсумида ҳакамларни ўз томонига моддий манфаатдор қилиш эвазига оғдиришга урингани учун ЎФA интизом кодексининг 5.26. бандига мувофиқ футбол клуби 50 000 000 сўм жаримага тортилди», - дейилади ЎФА хабарида.

Қайд этилишича, мазкур қарор ЎФA томонидан расмий тарзда эълон қилинган кундан бошлаб кучга киради. Жорий мавсум бошида ЎФА тартиб-интизом қўмитаси «Динамо» клуби вакилини ҳам 2020 йилда ҳакамни ўз томонига оғдиришга интилгани учун жаримага тортганди.
Эслатиб ўтамиз, бунгача келишилган ўйинлар ва коррупцион ишларга аралашгани учун ФИФA ҳаками Жасур Мухторов 5 йил муддатга, бош ҳакам Темур Тўхтасинов 2022 йилгача, бош ҳакам Аскер Нажафалиевни эса 2020 йил охиригача футболдан четлатилгани ва ҳар бири 90, 70 ва 10 миллион миқдорида жаримага тортилгани ҳақида хабар қилинган эди. Шунингдек, ФИФА ҳаками Шерзод Қосимов ҳам январь ойида уч йилга футболдан четлатилганди. Шунга қарамай, ЎФА ушбу ҳакамлар қайси клублар билан келишганини ҳалигача ошкор қилмай келмоқда. Бу масалада фақатгина «Насаф» ва «Динамо» клуби жаримага тортилди.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.