- Биз, чиқиндисевар халқмизми ёхуд шаҳарни чиқиндихонага алмаштириб қўйдикми? – дейди, жиззахлик экофаол Фотима Холиқова Sangzor.uz телеграм ботига юборган мурожаатида. Ушбу мурожаат матнини имло жиҳатидан таҳрирланган ҳолда сайтимизга жойлаштирамиз.
Жиззах шаҳрида яшайман. Экология фаолиман.
4-5 йилдан буён, она табиатни топтаётган, қўлидаги чиқиндини, тўғри келган ерга ташлаб кетаётган ҳамшаҳарлар билан, қонуний асосда курашиб келаман. Баъзи инсонлар, жуда кўплари, опа, сизга нима зарил, бу ишлар билан, муаммолар билан курашиб нима қиласиз, мазза қилиб яшайверсангиз бўлмайдими, - дейишади.
Ватандошларимнинг бундай фикрлашидан ҳайрон бўламан. Ахир ҳар биримиз ўз уй-жойимизни поклаб, саришталаб ўтирамиз. Лекин, шаҳарни, маҳаллаларнинг ичида жойлашган, оқар сувлар учун қўйилган лотокларнинг ичига, инсонларнинг турли маиший чиқиндиларни, онгли равишда ташлашини нима деб аташ мумкин.
Фаросатсизликми, манманликми ёки билимсизликми?
Тадбиркорлар томонидан чиқиндилар лотокларга ташланади. Масъул ходимлар боришади, тушунтиришади, жарима ёзишади. Бир неча кундан кейин яна ўша аҳвол.
Мен ўз фикримни айтаман, оқар сув оқишини таъминлаш мақсадида қўйилган лотокларга, ариқларга, шавфқатсизларча ўз чиқиндингизни ташлар экансиз, ҳадемай ўша лотогу, ариқлардан сувлар оқмай қўяди, сабаби, сиз, биз ўзимиз шу томонга қараб боряпмиз.
Нимани хор қилсанг, шунга зор бўласан.
Мен она табиатнинг, Аллоҳнинг беминнат неъматларидан бири бўлган сув ҳақида гапиряпман. Хонадонингизни ким тозалаб, саришталаб қўяди, шаҳарничи.?
Ким саволимга жавоб бера олади. Шаҳар ичидами, туманлардагими, лотокларнинг ичига, қандай тафаккур билан чиқинди ташлаймиз. Бунинг сабаби нима?
Қайта-қайта айтаман, онгимизни, тафаккуримизни қачон ишлатамиз?
Шаҳар ободонлаштириш ходимлари - бу инсонлар хизматкор эмас, уларнинг ўз вазифалари бор. Бу барака топкур инсонлар, шаҳардаги, туманлардаги, дов-дарахтларнинг, гулзорларнинг парвариши билан шуғулланиши керак.
Сиз эса, ўз чиқиндингизни, чиқиндихонага олиб бориб, тўкишингиз керак.
Маданият МФЙда жойлашган Югай номли кўча бор. Бу кўчанинг йўллари янгиланди, тротуарлар қилинди, ёритгич чироқлари ўрнатилди, янги лотоклар қўйилди. Лекин янги кўчага, чиқиндилар ташланишига нима дейсиз?
Шаҳарни чиқиндихона билан адаштираётган Ватандошлар, ҳамшаҳару, маҳалладошлар, Она табиатга қандай муносабатда бўлсангиз, Она табиатнинг сиз инсонларга қайтарган ва қайтарадиган жавобидан ҳайрон бўлманг. Ва тайёр туринг!
Юқоридаги муаммони ҳал қилинишида тадбиркорлар, Экохаус, ШОБ (шаҳар ободонлаштириш бошқармаси) ташкилоти ва шаҳар экологияси кенгашиб, келишиб, мавжуд қонунларга риоя қилиниб ечим топиш тарафдориман.
Ҳа айтгандай, бу муаммони ҳал бўлишида бир инсонга, раҳбарга ишонч билдирмоқчиман. Бу раҳбар, шаҳар ҳокими Комилжон Адҳамович Холмуродов.
Ҳурматли Комилжон Адҳамович, Сизга мустаҳкам соғлик ва куч ғайрат тилайман.
Ҳурмат билан, Фотима Холиқова.
Суратлар Жиззах шаҳар, Маданият маҳалласи, Югай кўчасида тасвирга олинган.
Эслатиб ўтамиз, яқинда бир гуруҳ ОАВ вакиллари ва блогерлар Жиззах шаҳридаги Заргарлик ва Олмазор МФЙларидаги кўп қаватли уйлар атрофидаги чиқиндиларни олиб чиқиш муаммосини ўрганишган, вилоят экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш бошқармаси вакиллари эса ушбу ҳолатларни назоратга олишини маълум қилишган эди.
Куни кеча Заргарлик маҳалласидаги белгиланмаган жойларга чиқинди ташлаб кетилаётган жойларга эса шаҳар ҳокими ташаббуси билан кузатув камералари ўрнатилганлиги, шу орқали чиқиндини белгиланмаган ерга ташлаётган фуқаролар шахсига аниқлик киритилиши режалаштирилганлиги маълум қилинди. Блогер ва экофаол Ойбек Алижонов бу ҳақда ўзининг фейсбук саҳифасида маълум қилганди.
Дарҳақиқат шу каби муаммоларга шаҳар жамоатчилиги вакиллари кескин туришмас экан, назорат йўқ жойда шундай муаммолар келиб чиқаверади.