Москва Мешанский туман суди прокурори россиялик блогер Илья Варламовни мамлакат армияси ҳақида ёлғон маълумот тарқатиш иши бўйича 8 йил колония режимида қамоқ ва 99 миллион рубль жарима жазосига ҳукм этишни сўради. РИА Новости маълумотича, иш масофадан туриб кўрилмоқда, чунки блогер Россия ҳудудида эмас ва халқаро қидирувда.
Варламовга “хорижий агент” мақоми ҳақидаги қонун талабларини бузиш ҳамда сиёсий нафрат билан Россия Қуролли кучлари ҳақида сохта маълумот тарқатиш айблови қўйилган. Прокуратурага кўра, у хорижий агент сифатида рўйхатга олинганидан кейин ҳам бу мақомни кўрсатмасдан маълумот тарқатишда давом этган.
Россия Адлия вазирлиги блогерни 2023 йил март ойида хорижий агентлар реестрига киритган, бироқ унинг бу қарорга қарши даъвоси барча суд инстанцияларида рад этилган.
Эслатиб ўтамиз, Варламов 2023 йилда Самарқанд–Тошкент поездидаги шароитни танқид қилиб, улар тўланган пулга арзимаслигини айтганди.