Бугун, 20 август куни, Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев тадбиркорлар билан навбатдаги очиқ мулоқотни ўтказади ҳамда соҳа вакилларининг бир гуруҳига давлат мукофотларини топширади. Президент матбуот котибининг маълум қилишича, мулоқот доирасида тадбиркорликни ривожлантириш ва ишбилармонларга янада қулайлик яратишга қаратилган янги ечимлар эълон қилиниши кутилмоқда.
Шавкат Мирзиёевнинг тадбиркорлар билан очиқ мулоқот шаклидаги илк учрашуви 2021 йил 20 августида бўлиб ўтган. Ўшанда Президент бундай мулоқотларни ҳар йили ўтказиш ва 20 августни Тадбиркорлар куни сифатида белгилаш ташаббусини илгари сурган эди. Шундан буён мазкур анъана давом этиб келмоқда.
Ҳозиргача тадбиркорлар очиқ мулоқотларда билдирган 1 мингга яқин таклиф ва ташаббус амалда қонун ва қарорларда ўз ифодасини топди. Бу йилги учрашувга тайёргарлик жараёнида эса 26 та соҳанинг қарийб 7 минг вакили билан мулоқот ўтказилди. Шунингдек, махсус «колл-марказ» орқали 13 мингдан зиёд мурожаат келиб тушди.
Президент Мирзиёев тадбиркорлар таклифлари асосида ишлаб чиқилган чора-тадбирларни тақдим этиши ва тадбиркорлик фаолиятига оид муҳим масалаларни муҳокама қилиши режалаштирилган. Шунингдек, давлат раҳбари Янги Тошкент шаҳрида олиб борилаётган бунёдкорлик ишлари билан ҳам танишиши белгиланган.