Президент тадбиркорлар учун «ўзига хос амнистия» эълон қилди

Улашиш:

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев тадбиркорлик субъектлари учун йирик енгилликларни эълон қилди. Давлат раҳбарининг сўзларига кўра, айланмадан қўшилган қиймат солиғига (ҚҚС) ўтадиган корхоналар бир йил давомида фойда солиғидан озод қилинади, солиқ ҳисоботидаги хатоликлари учун жарима қўлланмайди, шунингдек, корхона бухгалтерлари маошининг 5 миллион сўмгача бўлган қисми олти ой мобайнида солиқдан чегириб ташланади.

Президент таъкидлаганидек, ҚҚС ставкаси 12 фоизга туширилгани сабабли ушбу тартибга ўтаётган тадбиркорлар сони кун сайин кўпаймоқда. Бироқ кўплаб кичик бизнес эгалари ҳисоб-китоб мураккаблиги, қўшимча харажатлар ва бухгалтер жалб қилиш мажбурияти борасида ҳануз шубҳа билан қарамоқда. Шу боис давлат томонидан қўшимча рағбат сифатида мазкур «ўзига хос амнистия» жорий этилди.

Айни вақтда солиқ текширувлари жараёнида 20 мингдан ортиқ тадбиркорда 16 триллион сўмлик хато ва камчиликлар аниқланган. Бу уларнинг тадбиркорлик рейтингидаги ўрнига салбий таъсир кўрсатмоқда. Президент Мирзиёев таъкидлаганидек, бу сафар жазолаш йўли танланмайди, балки 1 ноябргача тадбиркорларга ўз хатоларини ихтиёрий равишда тўғирлаш имконияти берилади.

«1 ноябрдан бошлаб тадбиркорлар ўз рейтингини “тоза саҳифадан” бошлайди», — деди давлат раҳбари.

Мутахассисларнинг фикрича, мазкур ташаббус кичик ва ўрта бизнесга катта имконият яратади, солиқ интизомини мустаҳкамлайди ва иқтисодий муҳитни янада қулай қилишга хизмат қилади.

2014-2025 SANGZOR.UZ. "KUMUSH SERVIS MEDIA" MCHJ.